Жаҳон | 11:50 / 26.09.2024
3096
4 дақиқада ўқилади

РФ ҳусийчилар билан уларга ракеталар етказиш бўйича яширин музокара олиб бормоқда - Reuters 

Эрон ҳусийчиларга кемаларга қарши ракеталарни топшириш бўйича музокараларда воситачи сифатида иштирок этмоқда. Путин Ғарбнинг Украинага узоқ масофага учувчи қуроллар етказиб беришига жавобан, можаро зоналарига худди шу синфдаги ўз қуролларини етказиб бериш билан таҳдид қилган.

Фото: AP

Россия Эрон воситачилигида Яманнинг ҳусийчи исёнчилари билан П-800 «Оникс» (экспорт версиясида «Яхонт») кемаларга қарши қанотли ракеталарини етказиб бериш бўйича яширин музокаралар олиб бормоқда, деб хабар берди Reuters 24 сентябр, сешанба куни ғарбдаги ва минтақавий манбаларга таяниб. 

Агентлик суҳбатдошларидан бирининг сўзларига кўра, музокаралар май ойи охирида вертолёт қулашида ҳалок бўлган Эроннинг собиқ президенти Иброҳим Раисий даврида бошланган. Икки минтақавий расмийнинг айтишича, Россия ва ҳусийчилар вакиллари Теҳронда бу йил камида икки марта учрашган, келгуси ҳафталарда яна кўп учрашувлар бўлиши кутилмоқда. Бироқ, Reuters манбаларига кўра, Россия ракеталарни ҳусийчиларга топшириш бўйича қарор қабул қилгани йўқ.

«Эронликлар бу музокараларда воситачилик қилмоқда, бироқ уларга қўшилишни истамаяпти», деди ғарб разведкасидаги манба Reuters агентлигига.

Россиянинг «Оникс» ракеталари

Мутахассисларнинг таъкидлашича, 300 кмгача учиш масофасига эга бўлган Россиянинг П-800 «Оникс» ракеталари ҳусийчиларга Қизил денгиздаги тижорат кемаларини аниқроқ уриш имконини беради ва АҚШ ва Европа ҳарбий кемаларига таҳдидни оширади. Аввалроқ, Reuters маълум қилганидек, Россия Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати учун бундай ракеталарни етказиб берган эди.

Reuters манбаларининг фикрича, ҳусийчиларга ракета етказиб бериш масаласини кўриб чиқиш Украинага Россия ичидаги нишонларга узоқ масофали қуроллардан ўқ отиш имкониятини муҳокама қилаётган Ғарб давлатлари позицияси билан боғлиқ бўлиши мумкин. Америка расмийсига кўра, АҚШ делегацияси Саудия Арабистонидаги ҳамкасблари билан Россия ва ҳусийчилар ўртасидаги музокараларни муҳокама қилган. Агентликнинг уч нафар суҳбатдоши саудияликлар Россия вакилларига ракета етказиб бериш бўйича АҚШ хавотирларини билдирганини айтди.

Яман ҳусийчилари расмий вакили Муҳаммад Абдел-Салом журналистларнинг ракета музокаралари ҳақидаги саволига жавобан, у бу ҳақда «ҳеч қандай тасаввурга эга эмаслигини» айтди.

Путиннинг Украинага ҳарбий ёрдам юзасидан таҳдидлари

Июн ойида Россия президенти Владимир Путин Ғарбнинг Украинага узоқ масофага мўлжалланган қуроллар етказиб беришига жавобан Россия ўзининг шу синфдаги қуролларини дунёнинг «нозик нишонларга зарба бериладиган» минтақаларига етказиб беришга ҳақли эканлигини айтди. 

Август ойи бошида Американинг CNN медиа-компанияси манбаларга таяниб, Россия июл ойи охирида ҳусийчиларга ракета ва ҳарбий техника етказиб беришга тайёрланаётгани, бироқ Саудия Арабистони огоҳлантиришлари туфайли охирги лаҳзада ундан воз кечгани ҳақида хабар берган эди. CNN манбаларига кўра, Россия ҳукумати ҳусийчиларни қуроллантириш ва уларга маслаҳат беришни Байден маъмуриятидан Украинага АҚШ томонидан тақдим этилган қуроллар ёрдамида Россия ҳудудига зарбалар йўллашга рухсат бергани учун қасос олиш усули сифатида қараган.

2023 йил ноябр ойидан бери Яман ҳусийчилари Қизил денгиздаги кемаларга мунтазам ҳужум қилиб келмоқда. Исёнчилар Исроил билан боғлиқ ҳар қандай кемага ҳужум қилишларини айтиб, ўз ҳаракатларини «Америка-Исроилнинг Ғазо секторидаги тажовузига» жавоб деб атади. Шу билан бирга, нафақат ҳарбий кемалар, балки турли мамлакатларнинг кўплаб савдо кемалари ҳам ҳужумга учради. Ҳужумлар туфайли йирик юк ташиш компаниялари кемаларнинг Сувайш канали орқали ўтишини тўхтатиб қўйган ёки уларни бошқа йўналишлар бўйлаб жўнатяпти.

Мавзуга оид