Жаҳон | 23:45 / 26.09.2024
10658
4 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистони нефт қазиб чиқаришни ошириб, Россия бюджетига зарба беришга тайёрланмоқда

Ар-Риёд нефт нархининг бир баррели учун норасмий кўрсаткич бўлган 100 долларга қайтишини кутишдан чарчади ва бозордаги улушини бошқа йўқотиш ниятида эмас.

Фото: ТАСС

Ар-Риёд нефт нархининг бир баррели учун норасмий кўрсаткич бўлган 100 долларга қайтишини кутишдан чарчади ва бозордаги улушини бошқа йўқотиш ниятида эмас. Подшоҳлик декабрдан бошлаб нефт қазиб олишни ошириш ниятида ва паст нархга кўнишга тайёр. Ушбу вазият Россиянинг даромадлари камайишидан далолат беради, чунки мамлакатнинг келгуси йилги бюджет харажатларида урушга йўналтириладиган маблағларни яна 22 фоизга ошириш кўзда тутилган.

Сентябр бошида Brent маркали нефт нархи августда баррели учун 82 долларга чиққан кўрсаткичдан шиддат билан пасайишни бошлади, ОПEК+ давлатлари октябр бошидан нефт қазиб чиқаришни ошириш режасини яна икки ойга кечиктирди. Бозор иштирокчилари ушбу қарорни эътиборсиз қолдирди ва унинг нархи 2021 йил декабрдан бери энг паст кўсаткичга — 70 долларгача тушиб кетди. Кўп ўтмай нархлар яна турғунлашган бўлсада, ОПEК+ режалаштирилганидек қазиб олиш ҳажмини оширишни бошлашга тайёрми деган савол юзага келди. Чунки дунё, шунингдек, нефтнинг асосий истеъмолчиси бўлган Хитой иқтисодиётининг ҳам секинлашуви кузатилмоқда.

ОПEК+ да нефт ишлаб чиқариш бўйича энг йирик бўлган Саудия Арабистони 1 декабрдан барибир «қора олтин»ни қазиб олиш ҳажмини оширмоқчи, бу ҳатто нархлар пастлиги узоқ давом этса ҳам амалга оширилади.

Бюджетни барқарорлаштириш учун Ар-Риёд бир баррел нефтни 100 доллардан сотиши керак. Аммо подшоҳлик тушиб кетган даромадларни, давлат облигацияларини чиқариш ёки валюта захираларидан фойдаланиш орқали қоплаш ҳақида ўйламоқда. Financial Times манбаларининг сўзларига кўра, мамлакат раҳбари бозордаги улушни энди бошқа ишлаб чиқарувчиларга топшириб қўйиш ниятида эмас.

Режага мувофиқ, Саудия Арабистони декабрдан бошлаб ўргача суткалик нефт қазиб олишни ойига 83 минг баррелга оширади, 2025 йил декабрига бориб ойлик қазиб олиш ҳажми 1 миллионга ошади. Ҳозирда подшоҳлик суткасига 8,9 миллион баррел нефт қазиб олади.

Brent маркали нефтнинг бир баррели учун нархлар 99 фолларни ташкил этган — бу 2022 йилда Россиянинг Украинага бостириб киришидаги юқори нархларга тенг. Ноябрдан бошлаб ОПEК+ нархларни юқори даражада ушлаб туриш учун ишлаб чиқаришни чеклаган эди. Аммо нефт нархи тушишни давом этди ва 2024 йил сентябрда унинг ўртача нархи 73 долларни ташкил этди. 26 сентябр кунги савдоларда Brent нархи қарийб 3 фоизга тушиб кетди.

Бу нефти дисконт билан сотилаётган Россия бюджети чун критик ҳисобланади. Жорий йилги бюджет Urals маркали нефт нархи баррели учун 70 доллар бўлиши ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқилган.

Аммо ойнинг биринчи ярмида Brent нархи 70 доллардан тушиб кетганида, Urals Болтиқ ҳамда Қора денгиз портларида 57-60 доллардан сотилди. «Росбанк»нинг таъкидлашича, бундай даража «федерал бюджет учун аниқ қулай эмас».

Саудия Арабистони амалга оширмоқчи бўлган режалар тасдиқланса, «бу Brent нархи 2025 йилда 60 долларга ёки ундан ҳам пастроққа тушишини англатади».

Мавзуга оид