Ўзбекистон | 19:25 / 26.09.2024
9483
3 дақиқада ўқилади

ЮНЕСКО Ўзбекистондаги Ғарбий Тян-Шан экотизимига хавф солаётган таҳдидлар ҳақида огоҳлантирди

Мутахассислар умумжаҳон табиий мероси объекти ҳудудида қурилаётган тўғон, ГЭС ва автомобил йўллари атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатишини таъкидламоқда.

Фото: rivers.help

ЮНEСКО ва Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (IUCN) вакиллари Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳудудида жойлашган Ғарбий Тян-Шан умумжаҳон табиий мероси объектига хавф солаётган таҳдидларни санаб ўтди. Бу ҳақда «Чегара билмас дарёлар» жамоат фонди сайтида маълум қилинди.

Қайд этилишича, Ғарбий Тян-Шанни иқтисодий ривожлантириш режалари ҳақидаги маълумотлар эълон қилинганидан кейин халқаро экспертлар ҳудудга борган. Уларнинг ҳисоботида учта давлат томонидан амалга оширилаётган ҳаракатлар танқид қилинган.

Жумладан, Қирғизистонда маҳаллий амалдорларнинг рухсати билан Жаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудуднинг деярли марказида ноқонуний олтин қазиб олиш ишлари олиб борилмоқда. Чотқол дарёси яқинида катта ГЭС қуриш режалаштирилган, бу эса қўриқланадиган ерларнинг сув остида қолишига олиб келади. Бундан ташқари, ҳукумат сув омбори атрофида Талас-Чотқол-Тошкент автомобил йўлини қуриш ниятида.

Шунингдек, Қозоғистон Угом дарёсида сув омборлари бўлган гидроэлектр станциялар каскади қурилиши бошланганини эълон қилди. Оқибатда, сув омбори оқимининг бир қисми 210 километрлик қувурга бурилади ва Туркистон вилояти ҳудудларига юборилади. Шу билан бирга, вазиятдан хабардор экспертлар ЮНEСКО ходимларига ҳукумат ушбу лойиҳани барча муқобил вариантлардан энг яхшиси сифатида танлаб олганини айтган бўлса-да, экологлар барибир норози. Чунки, тўғонларнинг пайдо бўлиши ва сув омборларининг сунъий равишда яратилиши дарё экотизимини йўқ қилишга ва Угом оқимининг бир қисмини қайтариб бўлмайдиган ҳолатга етишига сабаб бўлади.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда Ғарбий Тян-Шан ҳудудидан оқиб ўтувчи иккала дарё – Чотқол ва Угом аллақачон тўғон билан тўсиб қўйилган. Қолаверса, мутахассисларнинг гувоҳи бўлганидек, ишлар давом этмоқда. Угом қирғоқлари бетонлаштирилмоқда. Олимларнинг фикрича, бу умумий қуввати тахминан 5 MWt бўлган учта ГЭС қурилиши учун қилинмоқда. Айни пайтда, бу тоғ дарёсида яшовчи ноёб ва эндемик балиқ турлари популяциясининг йўқ бўлиб кетишига олиб келиши мумкин.

«Умумжаҳон мероси объектлари қуйи оқимида тўғон қуриш лойиҳалари ЮНEСКО билан келишиш ва атроф-муҳитга таъсирини дастлабки баҳолашни талаб қилади. Чотқол ва Угомда бундай қилинмади», деди «Чегара билмас дарёлар» жамғармаси бош мутахассиси Евгений Симонов.

Унинг қўшимча қилишича, қўриқхона ҳудудида ГЭС ва автомобил йўли қурилиши, албатта, ЮНEСКО Жаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенциясини қўпол равишда бузилиши бўлади.

Халқаро экспертлар келаси йили Болгарияда бўлиб ўтадиган ЮНEСКО Бутунжаҳон мероси қўмитаси сессиясида тегишли маъруза билан чиқишни режалаштирмоқда.

Мавзуга оид