Жаҳон | 20:16 / 27.09.2024
2545
2 дақиқада ўқилади

Арманистон Боку билан тинчликка эришиш учун Конституциясини ўзгартиришга тайёр

Мамлакат бош вазири Никол Пашиняннинг сўзларига кўра, агарда Арманистон ва Озарбойжон тинчлик битимини имзоласа, ушбу ҳужжат Арманистон Конституциявий судига ўрганиш учун юборилади.

Фото: Reuters

Арманистон Озарбойжон билан тинчлик битимини имзолаш учун Конституцияни ўзгартиришга тайёр. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Никол Пашинян БМТ Бош Ассамблеяси йиғилишида маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, агарда Арманистон ва Озарбойжон тинчлик битимини имзоласа, ушбу ҳужжат Арманистон Конституциявий судига унинг мамлакат асосий қонунига мос келиш-келмаслигини ўрганиш учун юборилади.

«Агар бизнинг Конституциявий судимиз (КС) ҳужжатни Арманистон Конституциясига зид деб топса, бу ҳолатда биз тинчликни ўрнатиш учун конституциявий ўзгаришларни талаб этадиган аниқ бир вазият қаршисида қоламиз. Агар КС битим Конституцияга мос келади деса, ҳужжатни ратификация қилишга ҳеч қанақа тўсқинлик бўлмайди», — дейди Пашинян.

Аввалроқ Никол Пашинян Арманистон ноябр ойида Бокуда ўтказилиши режалаштирилган конференцияда тинчлик битимини имзолашга тайёр эканини маълум қилганди.

Озарбойжон тинчлик битими доирасида Арманистон ўз Конституциясига ўзгартиришлар киритишини талаб қилмоқда. Унда Арманистон Олий кенгаши 1990 йил 23 августда қабул қилган мамлакат мустақиллиги декларациясига ҳавола бор. Ушбу декларация бошида ўз навбатида, Арманистон ССР ва Тоғли Қорабоғнинг 1989 йилдаги «Бирлашув тўғрисида»ги қўшма резолюциясига ҳавола келтирилган.

«Уларнинг Конституциясидаги бундай банд билан имкони йўқ, чунки Конституция ҳар қандай бошқа ҳужжатдан, жумладан, халқаро битимлардан ҳам устун. Шунинг учун улар яна қачондир фикридан қайтадиган ва биз сентябрдаги ишларимизни такрорлайдиган вазиятга тушиб қолишимизни истамайман», — деган эди Озарбойжон президенти Илҳом Алиев.

Мавзуга оид