Ўзбекистон | 14:00 / 27.09.2024
2059
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасини демаркация қилиш шартномаси БМТга топширилди

БМТ Бош Ассамблеяси 79-сессиясининг "юқори даражадаги ҳафталиги" доирасида ташкилот низоми 102-моддасига мувофиқ БМТ Котибиятида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказиш ва эълон қилиш учун зарур ҳужжатлар топширилди.

Фото: ТИВ

ТИВ маълумотига кўра, битим Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев томонидан 2022 йил 22 декабр куни Қозоғистон раҳбарининг Ўзбекистонга давлат ташрифи чоғида имзоланган ва 2023 йил 4 июл куни кучга кирган. Ушбу ҳужжат Ўзбекистон-Қозоғистон давлат чегарасини халқаро ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш бўйича кўп йиллик ҳамкорликдаги ишларнинг натижасидир.

Жорий йилнинг 25 сентябр куни Нью-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеяси сессияси доирасида Ўзбекистон ва Қозоғистон ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари Давлат чегарасини демаркация қилиш тўғрисидаги шартноманинг БМТ Котибиятида рўйхатдан ўтказилгани Марказий Осиё давлатлари учун мисли кўрилмаган тажриба эканини таъкидладилар.

Ҳужжатнинг тарихий аҳамияти эътироф этилиб, ушбу воқеа икки мамлакатнинг яхши қўшничилик ва абадий дўстлик тамойилларига содиқлигини, иттифоқчилик муносабатлари руҳини, умумий фаровонлик манфаати учун ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёрлигини яна бир бор тасдиқлаши қайд этилди, шунингдек, бу ҳужжат Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига урғу берилди.

Мавзуга оид