Жаҳон | 19:02 / 27.09.2024
16549
2 дақиқада ўқилади

Уйнинг энг арзон ижараси Туркманистонда, қиммати – Қозоғистонда

Марказий Осиё давлатлари пойтахтларида уй ижараси нархлари таққослаб кўрилди.

Ашхобод / Фото: Илья Варламов

Asia-Plus нашри Душанбе, Тошкент, Бишкек, Остона ва Ашхободда бир, икки ва уч хонали квартираларни ижарага олиш нархларини аниқлади. Бунинг учун жорий йилнинг август ва сентябр ойларида ижара сайтларида эълон қилинган 50 та эълон ўрганилди. Таққослаш осон бўлиши учун нархлар АҚШ долларида келтирилди.

Марказий Осиё пойтахтлари орасида энг арзон уй-жой ижараси Туркманистон пойтахти Ашхободда қайд этилган. У ерда ўртача 240 долларга зарур қулайликларга эга 40 квадрат метрлик бир хонали квартирани ижарага олиш мумкин. Ашхободда икки хонали квартирани ижарага олиш ўртача 320 доллар, уч хонали квартирани ижарага олиш эса 410 доллар туради.

Тожикистон пойтахти Душанбеда бир хонали квартира ижарасининг ўртача нархи ҳудуд ва шароитга қараб ойига 160 дан 360 долларгача ўзгариб туради. Икки хонали ва уч хонали квартираларнинг ижараси ўртача 500 дан 700 долларгача.

Энг юқори ижара нархлари Қозоғистон пойтахти Остона ва Қирғизистон пойтахти Бишкекда. У ерда ўртача бир хонали квартира ижараси 440 дан 520 долларгача, икки хонали квартира 670 дан 1520 долларгача, уч хонали квартира эса 1140 дан 2130 долларгача туради.

Тошкентдаги ижара нархлари Бишкекдаги нархларга яқин. Бу ерда бир хонали квартирани ижарага олишнинг ўртача нархи ҳудуд ва шароитга қараб 420 доллар, икки хонали квартира 700 доллар, уч хонали квартира 1000 долларни ташкил қилади.

Ўрганиш натижаларига кўра, Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида кузатилаётган ижара нархларининг ошиши, биринчи навбатда, аҳоли ва меҳмонлар томонидан талабнинг ортиши, ўқув йилининг бошланиши билан боғлиқлиги маълум бўлган.

Мавзуга оид