Жаҳон | 22:37 / 28.09.2024
5409
2 дақиқада ўқилади

АҚШда «Ҳелен» тўфони оқибатида 50 дан ортиқ киши ҳалок бўлди

АҚШ жануби-шарқига ёпирилган «Хелен» тўфони «тарихий сув тошқинларини» юзага келтириб, 3 миллиондан ортиқ хонадонни электр таъминотисиз қолдирди.

Фото: X / NationalIndNews

АҚШ жануби-шарқига ёпирилган «Ҳелен» тўфони «тарихий сув тошқинларини» юзага келтирди. Бу ҳақда мамлакат Миллий тўфонлар маркази (NHC) маълум қилди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Қўшма Штатларда табиий офат оқибатида 52 киши ҳалок бўлган, 3 миллиондан ортиқ хонадон электр таъминотисиз қолган.

«Ҳелен» ёпирилишидан айниқса, Флорида, Жоржия, Жанубий Каролина, Теннесси ва бошқа штатлар жабр кўрди. «Тўфон хавфли ва ҳалокатли бўлиб қолмоқда, у инсонлар ҳаётига зомин бўляпти ва сув тошқинлари хавфи ҳамон юқори», — дейди АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис.

Теннесси штатидаги Эрвин шаҳрида полиция ва қутқарувчилар вертолёт ёрдамида шифохона томига чиқиб олган 50 дан ортиқ инсонни қутқаришга муваффақ бўлган. Улар қутқарилишидан бир неча соат олдин сенатор Билл Ҳэгерти АҚШ расмийларини сув қуршовида қолган одамларга ресурслар етказиб беришга чақирган ва вазиятни «жуда оғир» деб атаганди.

«Ҳелен» тўфони 26 сентябр куни Флоридага ёпирилди, кейин эса қўшма штатлар томон ҳаракатланишни бошлади. Шамол тезлиги соатига 225 километрга етмоқда, тўфонга тўртинчи — «фавқулодда хавфли» даражаси берилган.

Аввалроқ Ветнамнинг шимолий қисмига ёпирилган «Яги» супертайфуни натижасида юзага келган сув тошқини оқибатида камида 324 киши ҳалок бўлди ва бедарак йўқолгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, «Яги» тайфуни Таиланд ва Мянмага етиб келиши натижасида ҳар икки давлатнинг шимолий штатларида сўнгги 80 йил ичидаги энг кучли сув тошқинлари кузатилган.

Мавзуга оид