Жаҳон | 13:10 / 28.09.2024
3147
9 дақиқада ўқилади

БМТ минбаридаги Маҳмуд Аббос, «Ҳизбуллоҳ» штабига ҳужум ва Флоридага ёпирилган тўфон — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Маҳмуд Аббос БМТ минбарида

Фаластин президенти Маҳмуд Аббос 26 сентябр куни Ню-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясида дунё етакчиларига мурожаат қилиб, Фаластин халқи ўз ватанини, аждодлари заминини ташлаб кетмаслигини таъкидлади. 

У Исроилни Ғазо секторидаги урушини қоралаб, халқаро ҳамжамиятни «геноцид»ни тўхтатишга чақирди, шунингдек, урушдан кейинги анклав ҳолати бўйича ўз режасини тақдим этди.

Маҳмуд Аббос нутқини «Биз кетмаймиз» иборасини уч марта такрорлаш билан бошлади. У Исроилни Ғазони вайрон қилиб, яшаш учун яроқсиз қилиб қўйганликда айблади.

«Фаластин — ватанимиз, ота-боболаримиз замини. У бизники бўлиб қолади, агар кимдир кетиши керак бўлса, бу ўзбошимча босқинчилар бўлади», — деди Аббос.

Фаластин раҳбари Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг армияси Ғазода тинч аҳолини ўлдирмаяпти, деган даъвосини рад этди.

«Сиздан сўрайман, у ҳолда 15 мингдан ортиқ болани ким ўлдирган?» деди Аббос.

У Ғазо секторидаги уруш ва геноцидни тўхтатишга, Исроилга қурол юборишни тўхтатишга чақирди.

«Халқимиз билан содир бўлаётган воқеалар учун бутун дунё жавобгар», деб таъкидлади Фаластин президенти.

Маҳмуд Аббос ўз нутқида Исроилдан кўчиб келганлар зўравонлиги ва уларнинг манзилгоҳлари кенгайтирилаётганига тўхталиб, Ғарбий Соҳилнинг Исроил тажовузига мунтазам дучор бўлаётганини қайд этди.

«Шафқатсиз кўчириб келтириш фаолияти кузатиляпти. Улар бутун Фаластин бўйлаб уй қурмоқда, гўё Фаластин уларникидек», деди у.

«Фаластин озод бўлади. Бунга эътироз билдирганларга қарамай, барибир озод бўлади», деб якунлади Аббос БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқини.

«Ҳизбуллоҳ» қароргоҳига зарба

Исроил мудофаа кучлари — ЦАҲАЛ Ливан пойтахти Байрутнинг жанубий чеккасидаги Даҳия шаҳрида жойлашган «Ҳизбуллоҳ»нинг бош қароргоҳига зарба берди.

ЦАҲАЛ вакили Даниэл Ҳагари сўзларига кўра, қароргоҳ турар жой бинолари остида жойлашган. Ҳужум нишони «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳасан Насруллоҳ бўлган. Исроил армияси ўз мақсадига эриша олмагани, бироқ кўплаб тинч аҳоли вакилларининг ўлимига сабаб бўлгани айтилмоқда.

AFP «Ҳизбуллоҳ»га яқин манбаларга таяниб, ҳаво ҳужуми оқибатида Байрутдаги олтита бино вайрон қилингани ҳақида хабар берди.

Зеленский ва Трамп учрашуви

Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ президентлигига Республикачилар партиясидан номзод бўлган Доналд Трамп билан учрашди. Учрашув Ню Йорк шаҳридаги «Трамп-тауэр» мажмуасида ташкиллаштирилди.

«Мен агар ғалаба қозонадиган бўлсам, биз жуда адолатли якунга эришамиз деб ўйлайман. Чиндан ҳам бу жуда тез келишув бўлади. Буни тўхтатиш керак. Президент [Зеленский] ҳам бу якунланишини истамоқда, ва ишончим комилки, президент Путин ҳам бу якунланишини истайди. Ва бу яхши комбинация. Шундай экан, биз барча учун адолатли келишувга эришмоқчимиз», — деган Трамп музокаралардан сўнг Зеленский билан ёнма-ён туриб.

Трамп Украинадаги урушга бир кун ичида барҳам беришини айтаётган бўлса-да, бунга айнан қандай эришмоқчилигига аниқлик киритмайди. Айрим сиёсатчилар ва экспертлар у Украинани Москвага ҳудудий ён беришга мажбур қилиши ёки можарони музлатиб қўйишидан хавотир билдирган. Киевдагилар бир неча бор иккала вариантни ҳам қабул қилиб бўлмайдиган вариант деб атаган.

Жума куни журналистлар Трампдан Украина урушни тўхтатиш учун Россияга ўзининг айрим ҳудудларини беришга рози бўлиши керакми, дея сўрашганда Трамп «кўрамиз, воқеалар ривожи қандай ривожланаркан» деб жавоб берган.

«Бу давлат ҳеч бир мамлакатда, ҳеч қаерда бўлмаган дўзахни бошидан ўтказди. Бунақасини ҳеч ким кўрмаган. Бу даҳшатли ҳолат», — деган Трамп.

Украинадаги уруш

Украинада ҳарбий сафарбарлик даражаси ойига тахминан 30 минг кишини ташкил этади — бу Россия ҳукумати ўз армиясига жалб қилаётган шартнома бўйича аскарлар сонига тенг.

Украина ҳукумати сафарбарлик тўғрисидаги янги қонунни қабул қилишни қарийб бир йил чўзди. Шунга қарамай, май ойидаги сафарбарлик фронтдаги вазиятни яхшиламади. Янги аскарлар жанг қилишни билмайди, уларнинг ярмидан ортиғи ҳалок бўлмоқда ёки яраланяпти. Бу ҳақда Financial Timesʼга ўнлаб аскар ва командирлар маълум қилди.

Юқори мартабали украин амалдорининг сўзларига кўра, Украина қуролли кучлари (УКҚ) ҳарбий хизматчиларининг мотивацияси паст, улар жисмоний ва руҳий жиҳатдан яхши тайёрланмаган.

«Уларнинг айримлари душманга ўқ отишга қўрққанидан шунчаки қотиб қолади ва қопда ёки оғир яраланган ҳолда ортга қайтади», — дейди Донецк области мудофаасида иштирок этаётган бўлинма командирларидан бири.

Газета суҳбатлашган командирларнинг баҳолашича, янги хизматга келган аскарларнинг 50-70 фоизи фронтга келганининг биринчи кундаёқ ҳалок бўлмоқда ёки яраланмоқда. Шунингдек, уларнинг бир қисми дезертирлик содир этади. «Улар позицияга тушиб қолганида аксарияти биринчи снаряд портлаши билан қочиб кетади», — дейди 72-механизациялашган бригададаги ҳарбий қисм командири ўринбосари.

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги разведкасига кўра, айнан шу каби вазиятлар Россия армиясига кунига 1000-1200 нафар аскаридан айрилиб бўлса-да, Донецк областида олдинга силжишга ёрдам бермоқда.

Арманистон-Озарбойжон муносабатлари

Арманистон Озарбойжон билан тинчлик битимини имзолаш учун Конституцияни ўзгартиришга тайёр. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Никол Пашинян БМТ Бош Ассамблеяси йиғилишида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, агарда Арманистон ва Озарбойжон тинчлик битимини имзоласа, ушбу ҳужжат Арманистон Конституциявий судига унинг мамлакат асосий қонунига мос келиш-келмаслигини ўрганиш учун юборилади.

«Агар бизнинг Конституциявий судимиз ҳужжатни Арманистон Конституциясига зид деб топса, бу ҳолатда биз тинчликни ўрнатиш учун конституциявий ўзгаришларни талаб этадиган аниқ бир вазият қаршисида қоламиз. Агар суд битим Конституцияга мос келади деса, ҳужжатни ратификация қилишга ҳеч қанақа тўсқинлик бўлмайди», — дейди Пашинян.

Аввалроқ Никол Пашинян Арманистон ноябр ойида Бокуда ўтказилиши режалаштирилган конференцияда тинчлик битимини имзолашга тайёр эканини маълум қилганди.

Озарбойжон тинчлик битими доирасида Арманистон ўз Конституциясига ўзгартиришлар киритишини талаб қилмоқда. Унда Арманистон Олий кенгаши 1990 йил 23 августда қабул қилган мамлакат мустақиллиги декларациясига ҳавола бор. Ушбу декларация бошида ўз навбатида, Арманистон ССР ва Тоғли Қорабоғнинг 1989 йилдаги «Бирлашув тўғрисида»ги қўшма резолюциясига ҳавола келтирилган.

«Уларнинг Конституциясидаги бундай банд билан тинчликнинг имкони йўқ, чунки Конституция ҳар қандай бошқа ҳужжатдан, жумладан, халқаро битимлардан ҳам устун. Шунинг учун улар яна қачондир фикридан қайтадиган ва биз сентябрдаги ишларимизни такрорлайдиган вазиятга тушиб қолишимизни истамайман», — деган эди Озарбойжон президенти Илҳом Алиев.

Флоридага Ҳелен тўфони ёпирилди

Йўлида барчага ҳалокатли хавф туғдираётган «Ҳелен» тўфони жумага ўтар кечаси Мексика кўрфазидан чиқиб, Американинг Флорида штатига етиб келди.

Қуруқликка кириб келиши арафасида «Ҳелен» кескин кучайган: АҚШнинг Довулларни ўрганиш бўйича миллий маркази унинг тоифасини тўртинчи даражага — «фавқулодда хавфли тўфон» даражасигача кўтарган.

«Ҳелен»нинг асосий зарбаси етиб келмасидан кучли ёмғир туфайли Флорида соҳиллари сув остида қолди.

Флорида губернатори Рон де Сантис довул марказида шамол жуда кучли экани ва бу одамлар учун торнадоники каби хавфли эканини айтган.

«Флоридаликлар тонгда уйғонганида, катта эҳтимол билан янги қурбонлар ҳақида хабар топишади. Яна шуниси аниқки — моддий йўқотишлар ҳам бўлади», — деган де Сантис.

Метеорологлар «Ҳелен» қуруқликка чиққанидан кейин доимий шамол тезлиги соатига 215 километрга чиқишини прогноз қилишган. Европа учун хос бўлган Бофорт шкаласига кўра бундан икки баробар «кучсизроқ» — 117 km/h тезликдаги шамолни ҳам довул деб аташади.

Синоптиклар огоҳлантирганидек, океан соҳилида сув сатҳи айрим жойларда олти метргача кўтарилиши мумкин, мамлакатнинг кўплаб ҳудудлари кучли ёмғир туфайли сув остида қолади.

Бутун Флоридада, шунингдек, довулнинг кейинги манзили бўладиган қўшни Жоржияда довулнинг асосий зарбаси келмасидан 800 мингдан ошиқ уй ва корхоналар электр таъминотисиз қолган.

Мавзуга оид