Жаҳон | 13:44 / 28.09.2024
9440
3 дақиқада ўқилади

Исроил «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ўлдирилганини эълон қилди

«Ҳизбуллоҳ» раҳбари Ҳасан Насруллоҳ гуруҳнинг Байрутдаги қароргоҳига берилган зарбада ҳалок бўлди, дея хабар беради ЦАҲАЛ.

Фото: Reuters

Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) Исроилнинг Байрутга берган зарбаси натижасида «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати раҳбари Ҳасан Насруллоҳ ўлганини маълум қилди.

«Ҳизбуллоҳ» ташкилоти раҳбари ва унинг асосчиларидан бири Ҳасан Насруллоҳ «Ҳизбуллоҳ» жанубий фронти қўмондони Али Карки ва бошқа «Ҳизбуллоҳ» қўмондонлари билан бирга ЦАҲАЛ томонидан йўқ қилинди», — дейилади Исроил армияси 28 сентябр, шанба куни берган баёнотида.

Жангчилар етакчиси бир кун аввал, «Ҳизбуллоҳ» раҳбарияти учрашув ўтказган Байрут жануби Даҳия туманидаги гуруҳ қароргоҳига берилган «аниқ ҳаво ҳужуми» натижасида ўлдирилган, дея хабар беради ЦАҲАЛ.

Ҳасан Насруллоҳ Ливандаги ҳаракатга ўттиз йилдан ортиқ раҳбарлик қилган.

Исроил Ливанда «Ҳизбуллоҳ» етакчилари йўқ қилингани ҳақида хабар берди

28 сентябрга ўтар кечаси ЦАҲАЛ  Ливан жанубида «Ҳизбуллоҳ» ракета бўлинмаси қўмондони Муҳаммад Али Исмоил ва унинг ўринбосари Ҳусайн Аҳмад Исмоил йўқ қилинганини маълум қилди. Айтилишича, улар билан бирга гуруҳнинг ўша бўлинмасининг яна бир қанча командирлари йўқ қилинган.

«Муҳаммад Али Исмоил Исроил давлатига қарши кўплаб террорчилик хуружлари, жумладан, Исроил ҳудудига ракета ҳужуми уюштириш ва чоршанба куни Исроил марказига «ер-ер» синфидаги ракета учирилиши учун жавобгардир», — дейилади ЦАҲАЛнинг Telegram-каналида.

Нетаняҳу: Исроил «Ҳизбуллоҳ»ни йўқ қилишга «тўлиқ ҳақли»

Бинямин Нетаняҳу 27 сентябр куни БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқи чоғида Исроил «исроилликларни Ливан билан чегарадаги уйларига қайтариш учун «Ҳизбуллоҳ»ни йўқ қилишга тўла ҳақли», деб таъкидлади. «Террорчилар Эл-Пасо ва Сан-Диего (Мексика билан чегарадош Америка шаҳарлари)ни арвоҳ шаҳарларга айлантирган ҳолатни тасаввур қилиб кўринг. АҚШ ҳукумати бунга қачонгача чидаган бўларди?» деди у. Сўнгра Исроил «бир йилдан бери бу чидаб бўлмас вазиятга чидаб келаётганини» қўшимча қилди.

Мавзуга оид