Жаҳон | 13:13 / 28.09.2024
14099
12 дақиқада ўқилади

“Мистер ва миссис Огородникофф”: АҚШда ишлаган КГБ жосуслари қандай фош қилинганди?

1984 йилда АҚШда уч киши КГБ фойдасига жосуслик қилишда гумонланиб, қўлга олинади. Улардан бири Федерал қидирув бюроси агенти, қолган иккиси 1970-йилларда СССРдан АҚШга кўчиб кетган эр-хотин эди...

Ғарб ва СССР ўртасидаги жосуслик ўйинлари 1970-1980 йилларда авжига чиқади. Ўзаро рақобатда шоҳона ҳаёт ва катта пуллар ваъда қилган Америка хавфсизлик хизмати кўпроқ ютиб чиқади.

Натижада, улар КГБ ҳамда ташқи разведка хизмати ва элчихона ходимларини, юқори унвонли ҳарбийларни, турли соҳаларда фаолият кўрсатган олимларни ўз томонларига оғдиришга муваффақ бўлади.

Ўша пайтларда жуда катта ваколатга эга бўлган, раиси Юрий Андропов мамлакат раҳбари Брежневга ҳам таъсир кўрсата олган КГБ ҳам қараб турмаган. Имконияти бўлиши биланоқ америкалик ёки европаликларни ўз томонига оғдиришга муваффақ бўлган.

ФҚБ агенти Ричард Миллер ва 1970-йилларда СССРдан Америкага кўчиб кетган эр-хотин Огородниковлар КГБ ўз томонига оғдириб, ҳамкорлик қилган шахслардан бўлган.

Огородников ким бўлган?

Николай Огородников туғилганида фамилияси бошқа бўлган. Унинг отаси қизил армия зобити бўлиб, Сталин қатағонлари бошланганда илк жазоланганлардан эди.

Уруш бошланганда 11 ёшли Николай Волфсон Киевдаги уйидан фронтга қочиб кетади ва жанговар бўлинмага бориб қўшилади. Болага жангчиларнинг меҳри тушиб қолади. Шу сабабли уни фронт ортига жўнатишмайди ва ўзлари билан олиб қолиб, «Полк ўғли» деб ном беради.

Жангларнинг бирида немислар Николай хизмат қилаётган полкни қуршовга олади. Миллати яҳудий бўлган болани асирлик, немислар концлагери ва балки ўлим кутаётганди.

Бироқ бахтли тасодиф туфайли немислар Николайнинг яҳудийлигини сезишмайди. Бошқалар ҳам уни сотмайди ва бола омон қолади. Кейинчалик Николай ўзини хатна қилдирмаган отасидан миннатдор бўлганини айтади. Чунки уни шу нарса муқаррар ўлимдан асраб қолганди.

1945 йилда у уйга қайтади. Уруш пайтида Николайнинг энг яқин қариндошлари вафот этганди. Ҳарбий комиссариат асирга тушишдан олдин у медал билан тақдирланганини айтади ва болага Суворов мактабида ўқишни давом эттиришни таклиф қилади.

Аммо Николай отасининг изидан бориб ҳарбий бўла олмайди. У ҳатто мактабнинг юқори синфларида ҳам ўқимайди ва умрининг охиригача тўртинчи синф маълумоти билан қолади.

Кўп ўтмай Николай ўғрилар тўдасига қўшилади ва тез орада қўлга тушиб қамалиб кетади. Қамоқдан чиққач яна ўғирликни давом эттиради ва қўлга тушиб, иккинчи марта қамалади.

Умуман олганда, Николай Волфсон жами 14 йилни ўғирлик ва талончилик учун қамоқхона лагерида ўтказади. Охирги марта қамалганда у идеал ўғри бўлишдан воз кечади ва қамоқхона маъмурияти билан ҳамкорлик қила бошлади.

Светлана Огородникова билан оила қуриш ва океан ортига йўл

Озодликка чиққандан кейин у Тула шаҳрига боради ва у ерда такси ҳайдовчиси бўлиб ишга киради. Бўлажак хотини Светлана Огородникова билан танишади. Николай Светлана билан танишганда қиз тиббиёт институтида таҳсил оларди.

Қиз Николайнинг қамалиб чиққанини билса ҳам мақсадидан қайтмайди ва унга турмушга чиқади. Шундан сўнг Николай хотинининг фамилиясига ўтади.

Николай Тулада такси ҳайдаб юрар экан, кунларнинг бирида машинасига америкалик сайёҳ чиқади. Рус тилини биладиган сайёҳ Американи шунчалик мақтайдики, ўша ондан бошлаб Николайда океан ортига кетиш фикри туғилади. Светлана эрининг режасини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Бироқ бу жуда қийин иш эди.

Ўша пайтларда СССРда яшовчи яҳудийлар фақат Исроилга кўчиб кетиши мумкин эди холос. Унда ҳам совет идораларига ўзининг яҳудийлигини исботлаши керак бўлар, КГБ рухсат берсагина кета оларди.

Яҳудийликни исботлаш бўйича Николайда муаммо туғилмайди ва шу тариқа эр-хотин Огородниковлар 1973 йилда Исроилга кетишга рухсат олади.

Ўша пайтларда СССРдан чиқиб кетаётган яҳудийларнинг асосий қисми КГБдан Исроилга кетиш учун рухсатнома олар, бироқ Яқин Шарққа бормасди. Улар Европанинг турли давлатлари ёки Америкага кетарди.

Ўша пайтларда Исроил ва СССР ўртасида дипломатик алоқалар ва тўғридан тўғри авиақатновларнинг йўқлиги яҳудийларга қўл келарди. Совет иттифоқидан чиқиб кетадиган яҳудийлар асосан Москва-Вена йўналиши билан учиб, Австрия пойтахтига борарди. Сўнг Исроилга эмас, бошқа хоҳлаган жойига кетарди.

Николай ва Светлана ҳам шундай қилади. Улар Венага етиб боргач Исроилга эмас, Америкага учадиган самолётга чипта олади.

Америкага етиб борган эр-хотин Огородниковлар Калифорния штатидаги энг йирик шаҳар бўлган Лос-Анжелесга жойлашади. Николай гўштни қайта ишлаш заводига юкловчи бўлиб ишга киради. Светлана эса совет газеталари ва журналларини тарқатишни бошлайди.

Бир неча йилдан сўнг ўзини анча ўнглаб олган Огородниковлар уй ва машина сотиб олади. Фарзандларини нуфузли мактабда ўқита бошлашади.

Ўша пайтларда Светлана Огородникова бизнес масалалари бўйича Сан-Францискодаги совет консулхонасига тез-тез борарди. Шунингдек, у бир марта СССР Маданият вазирлиги билан маданий тадбирлар ўтказиш бўйича музокаралар учун Москвага ҳам келиб кетади. Огородниковларнинг ўғли ёзги таътилни СССРдаги нуфузли болалар оромгоҳида ўтказади.

Кечагина камбағал ҳолда ижарада яшаб юрган муҳожирларнинг дабдабали ҳаёти ва Светлананинг совет дипломатлари билан тез-тез алоқада бўлиши ФҚБ эътиборини тортади. Улар эр-хотинни кузата бошлайди.

Светлана ФҚБ билан, Николай КГБ билан ҳамкорлик қилиши

1982 йилда эр-хотин Огородниковларни кузатиб юрган ФҚБ агенти Жон Ҳант Светланани суҳбатга чақиради. Шунда агент «миссис Огородникофф»ни ҳамкорликка таклиф этади. Аёл рози бўлади.

Шундан сўнг Светлана ФҚБ агентига Америкадаги рус ҳамжамияти, Сан-Францискодаги консулликда ўтказиладиган тадбирлар ҳақида маълумотлар бера бошлайди.

Ўша пайтларда Николайни КГБнинг Америкадаги жосуслари СССР фойдасига хизмат қилишга кўндирган ва у советлар билан ҳамкорлик қилаётганди.

Бошқа тарафдан, Светлана икки томонлама жосусга айланади ва у бир пайтнинг ўзида ФҚБ ҳамда КГБ фойдасига ишлай бошлайди.

Жо Ҳант Светлана билан икки йил ҳамкорлик қилади ва 1984 йил май ойида нафақага чиқади. Унинг ўрнига аёл билан Ричард Миллер исм-шарифли агент ишлай бошлайди.

Ана шу пайтда эр-хотинлар ФҚБ агентини КГБ билан ҳамкорлик қилишга кўндиради. Ричард Миллер 75 минг доллар эвазига ФҚБнинг контрразведка бўйича махфий маълумотларини улар орқали КГБга беради.

Ўша пайтда КГБ эр-хотинларга Япония орқали АҚШга қочиб кетган КГБ майори Станислав Левченкони топиб йўқ қилиш ҳақида топшириқ беради.

Бироқ Светлана ФҚБдаги раҳнамолари Жон Ҳант ва Ричард Миллер орқали ҳам уни топишга муваффақ бўлолмайди. Аксинча, ФҚБ марказий идораси эътиборига тушади.

Америкаликлар КГБ Левченкони йўқ қилиш учун уриниб кўришини билишарди. Шу сабабли уни қўриқлаш мақсадида доимий кузатиб юришади. Ана шу пайтда уни эр-хотин Огородниковлар ҳам кузатишаётгани аён бўлади.

1984 йил октябр ойида ФҚБ ходимлари эр-хотин Николай ва Светлана Огородников ва Ричард Миллерни ҳибсга олади.

ФҚБ эр-хотин Огородниковлар ҳибсга олиш чоғида ўзини ҳимоя қилиш учун нима чора қўллашини билмасди. Шу сабабли эр-хотинни ҳибсга олиш учун махсус ҳарбий операция режаси тузилади.

Эр-хотинни яшаб турган уйида ҳибсга олиш учун ФҚБ 50 нафар тиш-тирноғигача қуролланган махсус хизматдан ўтган ходим ва вертолётдан фойдаланади.

Америкаликлар эр ва хотин энг хавфли жосуслар туридан бўлиши мумкин, деб ўйлаган ва улар қаттиқ қаршилик кўрсатади, деб тахмин қилади. Бироқ Николай ва Светлана қаршилик кўрсатмайди, уларни қўлга олиш амалиёти кутилганидан тез тугайди.

Огородниковлар ишини тергов қилаётган ходимлар боши берк кўчага кириб қолади. Чунки кимнинг ким билан ҳамкорлик қилгани жуда мураккаб эди. Ҳибсга олинганлар орасида фақат КГБ билан ҳамкорлик қилган Ричард Миллернинг айбдорлиги аниқ эди.

Аввалига Ричард Миллер ҳам, Огородниковлар ҳам айбларини тан олмайди ва сукут сақлашади. Светлана ҳатто сўроқ пайтида йиғлаб, махсус хизматларнинг провокацияси қурбонига айланганини, Николай эса жосуслик ишларига умуман алоқаси йўқлигини айтади.

Аммо эр-хотинга уларнинг совет дипломатлари ниқобидаги КГБ жосуслари билан яширин учрашувлар тасвирланган фотосуратлари кўрсатилиб, аудиоёзувлар эшиттирилганда улар барчасини тан олишга мажбур бўлишади.

Шу ерда ФҚБ Сан-Францискодаги совет консуллиги жойлашган бино ичига яширин эшитиш ускуналари ўрнатгани ва у ерда бўлиб ўтган барча суҳбатлар ёзиб олингани ойдинлашади.

Шундан сўнг эр-отин Огородниковлар ФҚБга барча маълумотларни беришга рози бўлади ва Светлана биринчи навбатда Ричард Миллерни «сотади».

Тергов давомида аёл Ричарддан аввал ўзи билан ишлаган Жон Ҳант билан ўйнаш тутинганини, ундан кўп маротаба ҳомиладор бўлиб, аборт қилдирганини, ўртада жосуслик эмас, фақат «севги» бўлганини гапириб беради.

Терговга Жон Ҳант ҳам тортилади. Бироқ Жон Ҳант КГБ билан ҳамкорлик қилмаганди ва шу туфайли у сувдан қуруқ чиқиб кетади. Агентни Светлана билан дон олишиб юргани учун айблашмайди. У аёл ФҚБ билан ҳамкорлик қилганини далиллар билан келтиради.

Шунингдек, Светлана Жон Ҳантдан сўнг ўзини назорат қилган Ричард Миллер билан ҳам дон олишиб юрганини айтади. Ўша пайтда аёл 33, Миллер эса 47 ёшда бўлган.

Суд ва кейинги ҳаёт

1985 йил 26 июнда суд ҳукми билан Светлана Огородникова 18 йил, Николай Огородников 8 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Шунингдек, улардан АҚШда яшаш учун берилган рухсатнома тортиб олинади. Уларга кейинчалик ҳам Америка фуқаролигини олиш насиб этмайди.

1990 йилда Николай шартли равишда озод қилинади. Америкаликлар уни СССРга депортация қилиш ҳаракатини бошлайди. Аммо ҳужжатларни расмийлаштириш жараёни узоқ давом этади ва унгача СССР парчаланиб кетади.

Шундан сўнг америкаликлар собиқ совет жосусини СССР вориси бўлган Россияга ё туғилган ватани Украинага ёки Исроилга депортация қилишга ҳаракат қилишади. Аммо Николай бунга қарши чиқади ва суд қарори билан Америкада қолишга муваффақ бўлади.

Светлана Огородникова қамоқхонада мексикалик наркобарон билан танишади. 1994 йилда у ҳам муддатидан аввал озод қилинади. Мексикалик наркобарон унга уйланади ва аёл миллионерга айланади. Сўнг улар Мексикага кўчиб кетади.

Кейинроқ Светлана ва унинг эри АҚШга қайтиб, тиббий мақсадларда фойдаланиш учун марихуана етиштиришни бошлаб, таниқли тадбиркорга айланади.

Суд Ричард Миллерни КГБ фойдасига жосуслик қилишда айбдор деб топади ва собиқ ФҚБ ходимига 20 йил қамоқ жазоси берилади. 1994 йилда суд Миллерга берилган жазони қисқартиради, у озод қилинади. Миллер 2013 йилда 76 ёшида вафот этади.

Ричард Миллер ФҚБ тарихида душман давлат фойдасига жосуслик қилган биринчи ходим сифатида тарихда қолган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид