Жаҳон | 19:43 / 29.09.2024
12715
2 дақиқада ўқилади

Саудия Арабистонида 2024 йилда қанча инсон қатл этилгани маълум бўлди

Саудия ҳукумати баёнотига кўра, ўлим ҳукмлари «жамоат тартибини сақлашга» хизмат қилади.

Фото: EPA/UPG

AFP агентлиги ҳисоб-китобларига кўра, Саудия Арабистонида 2024 йилда охирги 30 йил ичида энг кўп инсон қатл этилган. 28 сентябр куни ҳам яна уч киши қатл этилган бўлиб, подшоҳликда жорий йилда жами қатл этилганлар сони 198 кишига етган.

Қайд этилишича, ўтган йили Саудия Арабистонида 170 киши, 2022 йилда эса 196 нафар фуқаро нисбатан ўлим жазоси қўлланган.

Саудия подшоҳлиги ўлим жазосини қўллаш сони кўплиги боис анчадан буён танқидлар остида қолиб келади. Reprieve инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти янги «рекорд» ҳақидаги хабарлар фонида мамлакат раҳбариятининг модернизация борасидаги йўналиши — қуруқ гап эканини билдириб, «ваъдаларга риоя қилинмаётганини» таъкидлади.

AFP маълумотларида келтирилишича, Саудия Арабистони жорий йилда 32 кишини терроризмда ва яна 52 кишини эса гиёҳванд моддалар савдоси айбловида қатл этган. Саудия ҳукуматининг баёнотига кўра, ўлим ҳукмлари «жамоат тартибини сақлашга» хизмат қилади.

Шу билан бирга, Саудия Арабистонида қатл этилган сони кўплиги мамлакатнинг амалдаги ҳукмдори, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг сўзларига зид келади. 2022 йилда у The Atlantic журналига берган интервюсида ўз мамлакатида ўлим жазоси фақат қотиллик ёки кўплаб инсонлар ҳаётига хавф туғдирганларга қўлланишини маълум қилганди.

Мавзуга оид