Киев Бернни ХХР «тинчлик ташаббусини» қўллаб-қувватлагани учун танқид қилди
Украина Володимир Зеленскийнинг «тинчлик формуласи»ни «умумий, адолатли ва барқарор тинчликка олиб борадиган ягона йўл» деб ҳисоблайди.
Киев Хитой ва Бразилиянинг Украина учун «тинчлик ташаббуси»ни танқид қилди ва Швейцарияни ушбу ҳужжатни қўллаб-қувватлагани учун қоралади. «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомига аниқ ҳавола бўлмаган ва Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тўлиқ тиклашни кафолатламайдиган ҳар қандай ташаббуслар қабул қилиниши мумкин эмас, бу каби «тинчлик ташаббуслари» фақат мулоқот иллюзиясини келтириб чиқаради, тажовузкор ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттиради», дейилади Украина ТИВ 28 сентябр, шанба куни эълон қилган изоҳида.
Ҳужжатда айтилишича, Киев Украина президенти Володимир Зеленский томонидан таклиф қилинган «тинчлик формуласи»ни «умумий, адолатли ва барқарор тинчликка эришишнинг ягона йўли» деб билади. «Украина учун тинчликка эришиш йўлларини муҳокама қилиш учун қўшимча формат ва платформалар яратишга ҳожат йўқ. Тинчлик формуласи барча ғояларни муҳокама қилиш, турли қарашлар ва тушунчаларни бирлаштириш учун тўлиқ воситалар ва мос платформаларни тақдим этади», — дея таъкидлайди Украина ТИВ.
Пресс-релизда айтилишича, Украина нуқтайи назаридан, барча тинчлик муҳокамалари БМТ Низомига асосланган «Украинасиз Украина ҳақида ҳеч нарса» тамойилини ҳисобга олиши ва халқаро миқёсда Украинанинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишни ўз ичига олиши керак.
Швейцария ТИВ вакили ХХР ва Бразилиянинг тинчлик ташаббуси ҳақида
Аввалроқ, 27 сентябр куни Швейцария ташқи ишлар департаменти (ТИВ) расмий вакили Николя Бидо Keystone-SDA ахборот агентлигига берган изоҳида, унинг мамлакати Хитой ва Бразилия томонидан таклиф қилинган Украина учун тинчлик ташаббусини маъқуллашини маълум қилган эди. У ўт очишни тўхтатишга чақиради ва можарога сиёсий ечим топишга қаратилган.
Июн ойида Бюргеншток курорт шаҳрида Украина бўйича Глобал тинчлик саммитига мезбонлик қилган Швейцария 27 сентябр куни БМТ Бош Ассамблеяси доирасида Хитой ва Бразилия ташаббуси билан ташкил этилган йиғилишга кузатувчи сифатида таклиф қилинди.
«Биз ушбу учрашувда кузатувчи сифатида иштирок этдик ва бу динамикани қўллаб-қувватлаймиз», — дея Бидонинг тадбир ҳақида сўзларидан иқтибос келтирди Reuters. Швейцария ТИВ вакилининг таъкидлашича, айнан Хитой томонидан май ойида илгари сурилган тинчлик ташаббусига қўшилган БМТ Низомига ҳавола Берннинг ушбу ҳужжатга муносабатини ўзгартирган.
«Ўз навбатида, бу бизнинг ушбу ташаббусга бўлган нуқтайи назаримизни сезиларли даражада ўзгартиришга олиб келади. Хитой-Бразилия гуруҳи ташаббуси билан бошланган махсус дипломатик саъй-ҳаракатлар бизни қизиқтириши мумкин», — дея Бидо сўзларини келтирмоқда Reuters.
Ўз навбатида, Швейцариянинг Swissinfo интернет нашри Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг қуйидаги баёнотини келтиради: «Ушбу ташаббус Украина ва Россия томонлари томонидан шу ҳафта БМТда қилинган жанговар нутқларга муқобил вариантни таклиф қилади. Швейцария тинчлик ташаббусларида БМТ Низомига мурожаат қилишнинг аҳамиятини доимо таъкидлаб келган».
«Жаноб Бидо сўзларига кўра, Хитой ташқи ишлар вазири (Ван И) шу ҳафта БМТ Хавфсизлик Кенгашида ушбу ташаббус контекстида БМТ Низомининг аҳамияти ҳақида гапирди. Швейцария ТИВ маълумотларига кўра, ушбу ташаббус Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомига тўғри келади», — деб таъкидлайди Swissinfo нашри.
Мавзуга оид
08:31 / 21.11.2024
РФ ҳужуми таҳдиди туфайли Киевдаги бир қанча элчихоналар ёпилди
14:41 / 20.11.2024
ЕИ давлатлари АҚШ ёрдами қисқарса ҳам Киевни қўллаб-қувватлашга тайёр
12:17 / 13.11.2024
Киев ЕПни Россиядан болаларни қайтаришда ёрдам беришга чақирди
10:13 / 11.11.2024