Ўзбекистон | 21:06 / 01.10.2024
1905
6 дақиқада ўқилади

1 октябрнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Аграр университетдаги ёнғин, лавозимини тарк этган Алламжонов, бозор тамойилларига ўтаётган тезюрар поездлар ва бутунжаҳон космос ҳафталиги — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Аграр университетидаги ёнғин

Тошкент давлат аграр университети ҳудудида 30 сентябр оқшомда йирик ёнғин содир бўлди.

Икки соат давом этган ёнғинни ўчириш операциясига фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошевнинг ўзи воқеа жойида раҳбарлик қилган.

Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар тўғрисида ФВВга маълумот келиб тушмаган.

Қайд этилишича, ёнғин ҳақидаги хабар соат 20:10 да келиб тушган бўлиб, ёнғин-қутқарув экипажлари соат 20:17 да ҳодиса жойига етиб борган.

ФВВ хабарига кўра, ёнғин 30 сентябр куни соат 21:36 да қуршаб олиниб, 22:10 да батамом ўчирилган.

Расмий ахборотда қанча майдонни қамраб олганига аниқлик киритилмаган. Фавқулодда вазиятнинг эҳтимолий сабаблари ҳам номаълум бўлиб қолмоқда.

Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси Қибрай туманида жойлашган Тошкент давлат аграр университети ҳудудида содир бўлган ёнғин ҳолати юзасидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми — Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ишлари олиб борилаётганини маълум қилган.

Комил Алламжонов лавозимдан кетди

Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаменти раҳбари Комил Алламжонов ўз лавозимидан озод этилди. Президент матбуот хизмати у бошқа ишга ўтаётганини маълум қилган.

«Комил Алламжонов юртимизда сўз эркинлигини ривожлантириш, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш ва халқ таълими тизимини такомиллаштириш бўйича президентимиз Ш.Мирзиёев белгилаб берган устувор вазифаларни амалга оширишда катта натижаларга эришди», — дейилади расмий хабарда.

«Комил Исмоилович билан яқиндан ишлаган кўп сонли ҳамкасбларимиз қаторида унинг касбий маҳоратини юксак баҳолаб, келгусидаги фаолиятида улкан зафар ва муваффақиятлар тилаб қоламан», — дейилган хабарда.

Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева ҳам Комил Алламжоновнинг келгуси фаолиятига омад тилади.

«Ўтган 2 йил давомида президент берган барча топшириқларга масъулият билан ёндашиб, давлат ва жамият учун муҳим катта лойиҳаларни амалга оширдингиз. Матбуот ва таълим тизимини такомиллаштиришда ўз ҳиссангизни қўшдингиз ва катта натижалар кўрсатдингиз. Бунинг учун сизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

Ишонамизки, сиз бошлаган лойиҳалар келажакда албатта ўз мевасини беради. Сизга фидокорона хизматингиз ва профессионализмингиз учун чуқур миннатдорчилик билдирамиз. Келгусидаги ҳар қандай янги фаолиятингизда омад сизга ёр бўлсин. Катта раҳмат сизга», – деган Мирзиёева.

Ўз навбатида, Алламжонов мамлакат манфаати йўлида, президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида хизмат қилиш имконияти ва билдирилган ишонч учун миннатдорлик билдирди. У давлат раҳбари белгилаб берган мақсадлар ва ғояларга чин юракдан содиқлигини яна бир бор таъкидлаб ўтган.

«Сиз билан бирга ишлаб, катта натижаларга эришганимиздан фахрланаман. Мен хусусий секторда фаолиятимни давом эттириб, иқтисодиётнинг муҳим соҳаларига замонавий технологиялар, инвестициялар жалб қилишни режалаштирмоқдаман. Бу орқали юртимиз равнақи ва тараққиётига ўз ҳиссамни қўшиш ниятим бор», — деган у.

Тезюрар поездларда тарифлар эркинлаштирилади

Юқори тезликдаги ва тезюрар поездларда йўловчи ташиш хизмати тарифлари эркинлаштирилади. Нархларни давлат томонидан тартибга солиш амалиётидан воз кечилиб, бозор тамойиллари асосида тартибга солиш механизми жорий этилмоқда.

Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида «Темирйўл транспорти тўғрисида»ги қонун маъқулланди.

Қонунда «темирйўл транспорти» тушунчаси қайта кўриб чиқилиб, янги таҳрирда баён этилмоқда. Бунда темирйўл транспорти умумий фойдаланишдаги ва умумий фойдаланишда бўлмаган турга ажратилмоқда. Умумий фойдаланишдаги темирйўл инфратузилмасидан фойдаланиш тартиби ва инфратузилма оператори фаолияти тартибга солинмоқда ҳамда ташувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамланмоқда.

Темирйўл транспортида бозор тамойиллари асосида эркин шакллантириладиган тарифлар аниқ белгиланаётган бўлиб, унга кўра юк вагонларини тақдим этиш, юқори тезликда ҳаракатланадиган ва тезюрар поездларда йўловчиларни ташиш хизматлари тарифларини давлат томонидан тартибга солиш амалиётидан воз кечилиб, бозор тамойиллари асосида тартибга солиш механизми жорий этилмоқда.

Нархлари давлат томонидан тартибга солинадиган маҳаллий йўналишларда йўловчиларни ташиш хизматларини (юқори тезликда ҳаракатланадиган ва тезюрар поездларда йўловчиларни ташишдан ташқари) кўрсатишдан кўрилган зарарларни давлат бюджети ҳисобидан компенсация қилиш тартиби жорий этилмоқда.

Бутунжаҳон космос ҳафталиги

Ўзбекистонда 4–10 октябр кунлари «Бутунжаҳон космос ҳафталиги» тадбирлари бўлиб ўтади. 

БМТ Бош ассамблеяси томонидан 1999 йилда имзоланган резолюцияга мувофиқ, ҳар йили октябрь ойининг дастлабки 10 кунлигида дунёнинг 100 га яқин давлатлари мазкур санани кенг нишонлайди.

«Ўзбеккосмос» агентлиги ҳам «Бутунжаҳон космос ҳафталиги» доирасида кўплаб йирик лойиҳаларни амалга оширади. Хусусан, 4-10 октябр кунлари Tashkent City Маll марказида космос тарихига бағишланган махсус кўргазма ўз ишини бошлайди.

5-6 октябр кунлари Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида «Ўзбеккосмос» агентлиги ва NASA ҳамкорлигида ташкил этилаётган йирик NASA Space Аpps Challange2024 ҳакатони бўлиб ўтади. Унда 200 нафардан зиёд ёшлар 40 га яқин жамоаларга бўлинган ҳолда ўз лойиҳаларини ишлаб чиқади.

Мавзуга оид