Жаҳон | 20:34 / 01.10.2024
13011
8 дақиқада ўқилади

“Эрон ўз позициясини кардинал ўзгартирди” — экспертлар Яқин Шарқдаги янги муҳит ҳақида

Исроил 7 октябр воқеалари баҳонасида қаршилик ўқидаги Эрондан бошқа барча душманларидан биратўла қутулмоқчи. Теҳрон эса иттифоқчиларини ҳимоя қиладиган аҳволда эмас. Президент Пизишкиён Ғарб билан келишиш орқали иқтисодиётни қутқариш ваъдаси билан келган ва парда ортидаги геосиёсий савдо аллақачон бошланган, дейди сиёсатшунослар Фарҳод Каримов ва Камолиддин Раббимов.

Ғазода “Ҳамас” ҳаракатининг ҳужум қилиш қобилиятига жиддий путур етказган Исроил эндиликда “Ҳизбуллоҳ”, ҳусийчилар ва Эрон ҳомийлигидаги яна айрим гуруҳларга асосий эътиборини қаратмоқда. Куни кеча ЦАҲАЛ Ливан жанубида қуруқлик операциясини бошлади.

Kun.uz мухбири Исроилнинг мақсадлари ва минтақада Эроннинг позицияси ўзгарганини шарҳлаб бериш учун “Геосиёсат” дастурига сиёсатшунослар Фарҳод Каримов ва Камолиддин Раббимовни таклиф этди.

Хўш, Исроил учун Яқин Шарқдаги мувозанатни ўзгартиришга “яшил чироқ” ёқилдими? Фарҳод Каримовнинг сўзларига кўра, бу аниқ кўриниб турибди.

“Бутун дунё ҳамжамияти танқид қилиб турган бўлса ҳам, Америкадан молиявий ёрдамлар тўхтамаяпти, АҚШ флотининг энг олди техникаси минтақага олиб келиб қўйилган ва Исроилга нисбатан қандайдир ҳаракатлар бўлса, бу флот ишга тушиши мумкинлиги эълон қилиниб, минтақа давлатлари огоҳлантирилган”, дейди у.

Шу билан бирга, Фарҳод Каримовнинг аниқлик киритишича, Исроилга минтақадаги вазиятни “тартибга солиш” учун эмас, биринчи навбатда ўз душманларини биратўла йўқ қилиш ва ўзини хавфсиз ҳис қилиши учун шароит яратиб олиши учун “яшил чироқ” ёқилган. “Ғазо баҳонасида ҳусийлар, Ливан, Сурия ва Ироқдаги ташкилотлардан қутулиши учун Исроилга имконият берилди”, дейди таҳлилчи.

Камолиддин Раббимов АҚШнинг иккиюзламачи ташқи сиёсати ҳақида сўзларкан, Вашингтон Ғазода жудаям кўп қурбонлар бўляпти деб Исроилни танқид қилгани, лекин шу билан бир пайтда ўнлаб миллиард долларга Исроилга энг охирги замонавий қурол-аслаҳаларни беришда давом этаётганини қайд этди.

“7 октябрдан кейин Исроил ўзини бамисоли қурбон бўлгандек кўрсатди. Ва мана, “Ҳамас”дан кейин ўзининг эътиборини қолган давлатларга қаратяпти, атрофини оппонентлардан тозалаб олишга ҳаракат қиляпти. Исроил бу ерда катта манипуляцияни амалга оширди: 7 октябдаги “Ҳамас” ҳужумидан кейин “Ҳизбуллоҳ”га агар омон қолишни хоҳласаларинг, бу урушга аралашмайсизлар деди ва ўтган 10 ой давомида Ғазо билан шуғулланди. Ана энди навбат қолганларга келди, яъни қолганлар алданди”, – дейди у.

Исроил бир неча кун олдин Ямандаги ҳусийлар ҳаракатига ҳам жиддий ракета зарбаларини йўллади. Фарҳод Каримовга кўра, агар “яшил чироқ” ўчиб қолмаса, Исроил йўқ қилишни азалдан ният қилиб юрган атрофидаги душманларини йўқ қилиш пайига тушади ва шундай бўляпти ҳам. “Ҳизбуллоҳ”дан кейин ёки параллел равишда ҳусийчилар ҳамда Сурия ва Ироқдаги Эрон ислом инқилоби корпуси вакиллари ҳам эътибор марказида бўлади.

Бундан ташқари, Сурия ҳудудида ҳам Исроилга хайрихоҳ бўлмаган айрим гуруҳлар бор. Бу гуруҳларга Исроил “Араб баҳори”дан бери, ИШИДга қарши кураш давомида ҳам, мунтазам равишда ҳужумларни амалга ошириб борарди, коалициянинг ИШИДга қарши умумий уруши фонида булар кўринмасди. Худди шундай, Исроил каби Туркия ҳам бир нечта гуруҳларга ҳужумларни амалга ошириб турган. Исроил ҳозирда бундай гуруҳларга ҳам манзилли зарбалар бериши мумкин. Масалан, куни кеча Башар Асаднинг қариндошларига тегишли уйга зарба берилганди.

“Яқинда АҚШ Исроилга 30 млрд долларлик навбатдаги пакетни тақдим этди. Бу пакетнинг номи ҳам айтиб турибди: “Исроилдан ташқари ҳудудларда ўзини ҳимоя қилиш”. Бундан кўриш мумкинки, Сурия, Ироқ ва Ямандаги объектларга зарба бериш учун ҳам қўллаб-қувватлов олинди. Лекин ҳусийлар билан тўқнашув қуруқликдаги жанглар кўринишида бўлмайди, вақти-вақти билан аниқ координаталар олиниб, жуда жиддий зарбалар берилишини кутиш мумкин”, – дейди Фарҳод Каримов.

Шиа гуруҳларига қилинаётган ҳужумларга уларни қўллаб-қувватловчи Эроннинг муносабати диққатга сазовор. Расмий Теҳрон қаршилик ўқидаги иттифоқчиларидан юз ўгиргандек кўринмоқда. Баёнотларда аввалгидек оловли қасос ваъда қилинмаяпти. Янги президент Масъуд Пизишкиён БМТ саммити муносабати билан АҚШга борган вақтида берган интервюларида Эрон тинчликни исташига асосий урғу берди.

“Пизишкиён сайловда Ғарб билан келишиш ғояси билан ҳокимиятга келди. Албатта, ташқи сиёсатни, хавфсизликни имом белгилайди, лекин назаримда, имом Пизишкиёнга карт бланш берган. “Майли, ҳаракат қилиб кўр, Ғарб билан келишишга, чунки иқтисодий вазиятимиз жуда ҳам оғир” деб, фотиҳа берган бўлиши мумкин.

Мана шу фонда Яқин Шарқда Исроил билан, Кавказда Ғарб билан курашиш эмас, баъзи бир масалаларда ён бериш ва келишиш орқали Эрон атрофидаги санкцияларни ечиш ва иқтисодий муаммоларни бартараф қилиш учун савдо олиб бораётган бўлиши эҳтимоли жуда ҳам юқори.

Бу – Эрон учун кардинал ўзгариш. Пизишкиён ҳокимиятга келганидан кейин, Россия собиқ мудофаа вазири Сергей Шойгу келиб, Путин билан бўлган келишувларни эслатиб кетди. Лекин ҳозирча, Россия ёки Озарбойжон билан келишувлардан кўра, Ғарб билан келишувга кўпроқ устуворлик бериляпти, назаримда”, – дейди Камолиддин Раббимов.

Унинг фикрича, Эрон Яқин Шарқдаги қуролли гуруҳларни қўллашни сусайтириши ёки тўхтатишини Ғарб катта бонус сифатида кўради ва Теҳрон билан келишувга ҳаракат қилади.

Фарҳод Каримовга кўра, Исроил атрофидаги душманлардан халос бўлишга урингани билан, айнан Эронга қарши уруш очиши эҳтимоли жуда кам, бунга АҚШ йўл қўймайди.

“Август ойида Эронда ўттиздан ортиқ намойишлар бўлди, сентябрда ҳам давом этди. Шундай бир шароитда Эрон биринчи навбатда ички муҳитини яхшилаб, иқтисодиётини барқарорлаштирмаса, ташқи сиёсатда мағлуб бўлиши аниқ. Пизишкиён баёнотлар бериши мумкин, чунки халқнинг ички сиёсий иродасини ҳам инобатга олиш керак, лекин Эроннинг ҳозирги можарога тўғридан тўғри аралашуви жуда оғир оқибатларга, ҳатто инқирозга ҳам олиб келиши мумкин.

Биз собиқ совет иттифоқининг Афғонистонга кириши ортидан иқтисодий инқироз бошлангани, охир-оқибат бу иттифоқни қулатганини яхши биламиз. Бу тарихий сабоқни кўпчилик давлатлар ҳали ҳам эслайди. Иқтисодий шарт-шароит қийин бўлиб турганда, ташқи сиёсатда уруш олиб бориш мумкин эмас.

Эрон бу хатони такрорласа, вазият ички бўлиниш юзага келишгача бориши мумкин. Чунки Эронда ҳам мустаҳкам сиёсий якдиллик бор деб бўлмайди, миллий, диний, сиёсий масалалар бор, 1979 йилги инқилобгача бўлган даврни соғинадиган авлод бор ҳали ҳам.

Эронга берилаётган ваъда шундан иборатки, минтақадаги балансни, ўз ўрнини сақлаб қолган ҳолда, иқтисодий санкцияларни ечиш ва бир қанча иқтисодий муаммоларини ечиш имконияти берилади. Бунинг эвазига Эрон минтақада Исроил ва АҚШнинг сиёсатига аралашмаслиги, ҳеч бўлмаганда қарши чиқмаслиги керак”, – дейди Фарҳод Каримов.

Унинг қўшимча қилишича, Ғарб санкциялари остида иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечираётган Эрондан бутун Яқин Шарқ ва умуман мусулмон дунёси учун қаҳрамонга айланишни кутмаслик керак.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид