Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ливанга бостириб кирган Исроил, Россияда армияга кузги чақирув ва судга берилган Трамп — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ливанга бостириб кирган Исроил
Исроил Ливан жанубидаги чегара ҳудудида «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи нишонларига қарши «чекланган, маҳаллийлаштирилган ва мақсадли рейдлар» бошлади. Бу ҳақда Исроил мудофаа кучлари 1 октябр, сешанбага ўтар кечаси баёнот берди.
Баёнотда Исроил ҳаво кучлари ва ЦАҲАЛ артиллерияси ҳудуддаги ҳарбий нишонларга «аниқ зарбалар» бериб, Исроил қуруқликдаги кучларини қўллаб-қувватлаётгани айтилади.
Бир неча соат олдин ЦАҲАЛ Исроил шимолида — Метула, Мисгав-Ам ва Кфар Гилади аҳоли пунктлари ҳудудида ёпиқ ҳарбий зона ташкил этилганини расман эълон қилди.
«Шимолий найзалар» операцияси мавжуд вазиятни баҳолашга мувофиқ ва Ғазо сектори ва бошқа ҳудудлардаги жанглар билан параллел равишда давом этади, дея таъкидлаган ЦАҲАЛ.
Бундан олдин Исроилнинг зирҳли техникалари артиллерия ва авиация кўмаги остида Ливаннинг чегара ҳудудларига кириб келгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Деярли бир вақтнинг ўзида Ливан армиясининг бўлинмалари мамлакат жанубидаги ўз позицияларини тарк этиб, беш километр ичкарига чекингани маълум бўлди.
Айни вақтда Исроил мудофаа кучларининг расмий вакили Даниэл Ҳагари 1 октябрга ўтар кечаси Исроил ҳарбийларининг ҳаракатлари ҳақида маълумот тарқатмасликка чақирди.
Ҳасан Насруллоҳнинг ўлдирилиши
«Ҳизбуллоҳ» ҳаракати тузилмаларига жойлашиб олган Эроннинг икки томонга ишловчи агенти Исроил армиясига гуруҳ етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг қаерда эканлиги ҳақида маълумот берган.
Бу ҳақда Франциянинг Le Parisien газетаси Ливан хавфсизлик хизматидаги манбага таяниб хабар берди.
Нашрга кўра, 27 сентябр куни Ҳасан Насруллоҳ бир кун аввал Исроил ҳаво ҳужуми натижасида ҳалок бўлган «Ҳизбуллоҳ» учувчисиз учоқлар бўлинмаси қўмондони Муҳаммад Ҳусайн Срурнинг дафн маросимида иштирок этган. Дафн маросими гуруҳнинг ерости қўмондонлик марказидан унча узоқ бўлмаган Ҳарет-Хрейк ҳудудида бўлиб ўтди. Бу пайтда Исроилнинг бункерларни йўқ қила оладиган бомбалар билан жиҳозланган F-35 қирувчи самолётлари пистирмада туриб, нишоннинг қароргоҳга қайтишини пойлашган.
Куннинг иккинчи ярмида эронлик агент исроилликларга Насруллоҳнинг яқин орада етиб бориши ҳақида хабар беради. У дафн маросимидан сўнг Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг нуфузли бўлинмаси — «Ал-Қудс» кучлари қўмондони ўринбосари, эронлик генерал-майор Аббос Нилфурушоннинг машинасида ўз қароргоҳига етиб келади.
Гуруҳнинг фавқулодда йиғилишида Насруллоҳдан ташқари яна 12 нафар қўмондон иштирок этган. Нашри маълумотига кўра, Исроил ҳарбийлари портлаш буйруғини беришдан олдин барчанинг бир хонада йиғилишини кутган.
ЦАҲАЛ учувчилари «Ҳизбуллоҳ» қўмондонлик марказига ҳар бири икки тонна оғирликдаги олтита бомба ташлаган.
Россияда армияга чақирув
Россия президенти Владимир Путин ҳарбий хизматга кузги чақирув тўғрисидаги қарорни имзолади. Қуролли Кучлар масъулига кўра, кузги чақирувдаги муддатли ҳарбий хизматчилар «махсус операция зонасида вазифаларни бажаришга жалб этилмайди».
Қайд этилишича, 2024 йилнинг 1 октябридан 31 декабрига қадар 18-30 ёш оралиғидаги, захирада бўлмаган 133 минг россияликни ҳарбий хизматга юбориш режалаштирилган. Шу билан бирга, мазкур қарор билан белгиланган ҳарбий хизматни ўтаб бўлган ҳарбий хизматчилар захирага бўшатилади.
Россия Қуролли Кучлари Бош штаби Ташкилий-сафарбарлик бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари вице-адмирал Владимир Цимлянскийнинг маълум қилишича, кузги чақирувдаги муддатли ҳарбий хизматчилар «махсус ҳарбий операция зонасида вазифаларни бажаришга жалб этилмайди».
Унинг қўшимча қилишича, ҳарбий хизматга чақирув тўғрисидаги огоҳлантириш электрон эмас, олдингидек қоғоз шаклида тарқатилади.
Россияда баҳорги чақириқ давомида 150 минг фуқаро муддатли ҳарбий хизматга чақирилган эди.
Россияда мигрантларга тақиқ
Россиянинг Нижний Новгород областида мигрантларга ишлаш учун патент беришни тўхтатишмоқчи. Ҳозирча бундай чеклов Россиянинг бирор ҳудудида йўқ.
1 октябрдан бошлаб меҳнат фаолиятига янги патентлар беришни тўхтатиш тўғрисидаги хабар областнинг Ички ишлар вазирлиги бош бошқармаси сайтига жойлаштирилган ва кейинроқ ўчириб ташланган.
Нижний Новгород полицияси маълумотига кўра бу қарор област губернатори Глеб Никитиннинг Россия Ички ишлар вазирлигига йўллаган хати асосида қабул қилинган.
«Бу расмий меҳнат шартномасига эга бўлмаган барча мигрантларни ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилишдир. Шартномага эга бўлиш — мигрантнинг қўлида эмас. Патентга тўлов қилиб, улар шундоқ ҳам солиқ тўлашади. Кўпинча иш берувчилар солиқ, пенсия тўловлари ва бошқа суғурта ажратмаларидан қочиб, шартнома имзолашмайди», — деган ўзбекистонлик ҳуқуқбон Валентина Чупик.
Унинг қайд этишича, патент беришни тақиқлаш ташаббуси Россияда кузатилган илк ҳолат. Аввалроқ мигрантларнинг ишлашига чекловлар Москва областида қатъийлаштирилиши маълум бўлган эди: 2025 йилдан бошлаб уларга соғлиқни сақлаш, таълим ва ташиш хизматларида ишлаш тақиқланади.
Чупикнинг сўзларига кўра, бундай қарордан сўнг Нижний Новгород области «бўшаб» қолади.
«Мигрантлар-ку, бошқа адекват ҳудудларга кўчиб ўтишар, бироқ Нижний Новгород областида на ободонлаштирувчилар, на сантехниклар, на қурувчилар, на юк туширувчилар, на фаррошлар, на санитарлар, на ҳайдовчилар қолади», — деган Чупик.
Россия ҳокимияти мигрантларнинг мамлакат ҳудудида бўлиб туриш шартларини фаол қатъийлаштириб келмоқда. Жумладан, 2025 йилнинг мартидан бошлаб Россияда ноқонуний бўлиб турган мигрантларнинг реестри иш бошлаши маълум бўлди. Бундан ташқари, ҳукумат нолегал миграция учун жазоларни кучайтирувчи қонун лойиҳаларини маъқулламоқда.
Трамп судга берилди
АҚШнинг Спрингфилд шаҳридаги Ҳаити диаспораси вакиллари АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трампнинг орол давлатидан келган муҳожирлар уй ҳайвонларини ўғирлаб кетаётгани ва еяётгани ҳақидаги даъволари юзасидан Майами федерал судига даъво аризаси билан мурожаат қилди.
Айбланувчилар рўйхатида республикачилар партиясидан вице-президентликка номзод Жеймс Дэвид Вэнс ва аввалроқ Трампнинг даъволарини қўллаб-қувватловчи хабарларни тарқатган Х ижтимоий тармоқ эгаси Илон Маск ҳам бор.
Туҳмат, нафрат қўзғатиш, зўравонликка ундаш ва ҳаитилик муҳожирлар фуқаролик ҳуқуқларини бузишга қаратилган фитна — Ҳаити диаспораси гуруҳлари томонидан Трампга қўйилган айбловларнинг фақат бир қисмидир.
«Ҳеч кимнинг бутун бир гуруҳ одамларга туҳмат қилишга, уларга қарши ёлғон тарқатиш орқали кундалик ҳаётини хавф остига қўйишга ҳақи йўқ», деб таъкидлашган даъво лойиҳаси муаллифлари.
Камала Ҳаррис билан сайловолди дебатида Трамп ҳаитилик муҳожирларни мушук ва итларни еяётганликда айблаб, уларни Спрингфилддан оммавий равишда депортация қилишга ваъда берган эди.
«Спрингфилдда улар итларни ейишади, мушукларни ейишади. У ерда яшовчи одамларнинг уй ҳайвонларини ейишади», — деганди Трамп. Спрингфилд мэри Роб Рю ва шаҳар полицияси бу маълумот ёлғонлигини таъкидлашганига қарамасдан, Трамп тарафдорлари уларни тарқатишда давом этган.
«Ҳелен» тўфони оқибатлари
АҚШ Миллий тўфонлар марказининг маълум қилишича, «Ҳелен» тўфони Қўшма Штатлар жануби-шарқида «ҳалокатли, тарихий сув тошқини»га сабаб бўлди.
АҚШда содир бўлган табиий офат натижасида, сўнгги маълумотларга кўра, 63 киши ҳалок бўлган. Уч миллиондан ортиқ хонадон электр энергиясиз қолган.
Флорида, Жоржия, Жанубий Каролина, Теннесси ва бошқа штатлар «Ҳелен» туфайли юзага келган вайронагарчиликдан айниқса жабр кўрган. АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис шундай огоҳлантириш билан чиқди: «Тўфон хавфли ва ҳалокатли бўлиб қолмоқда, қурбонлар ва сув тошқини хавфи ҳамон юқори даражада».
Теннесси штатининг Эрвин шаҳрида полиция ва қутқарувчилар шифохона томига чиқиб кетган 50 дан ортиқ одамни вертолёт ёрдамида қутқаришга муваффақ бўлган. Улар қутқарилишидан бир неча соат олдин сенатор Билл Ҳэгерти АҚШ расмийларини сув билан ўралган одамларга ресурслар етказишга чақирди ва вазиятни «жуда оғир» деб атади.
«Ҳелен» тўфони 26 сентябр куни Флоридага ёпирилди, сўнг қўшни штатларга кўчди. Шамол тезлиги соатига 225 километргача етди ва тўфон «ўта хавфли» тўртинчи тоифага мансуб деб топилди.
Мавзуга оид
13:40 / 28.05.2025
Талабаларга виза суҳбатларини тўхтатган АҚШ, Исроилни танқид қилган канцлер ва Ҳайит кунини эълон қилган Саудия – кун дайжести
13:15 / 27.05.2025
ҲАМАСга таклиф қилинган сулҳ, Ливерпулдаги фожиа ва рафиқасидан шапати еган Макрон — кун дайжести
13:31 / 26.05.2025
Путин вертолёти атрофида дронлар ҳужуми, Ҳамаснинг ҳарбий операцияси ва ЕИга божларни кечиктирган Трамп – кун дайжести
14:21 / 24.05.2025