Россия қамоқхоналарида 14 мингдан ортиқ Украина фуқароси сақланмоқда
IGFM ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Россия Федерациясининг камида 10 та ҳудудида Украина фуқаролари ҳибсга олинган махсус муассасалар мавжуд. Россия асирлигидан қайтганлар уларга нисбатан жисмоний ва жинсий зўравонлик ҳақида гапириб берган.
30 сентябр, душанба куни Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро жамияти (Internationale Gesellschaft für Menschenrechte - IGFM) маълум қилишича, ҳозирда Россия қамоқхоналарида 14 мингдан ортиқ украиналик сақланмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Россия Федерациясининг камида 10 та ҳудудида Украина фуқаролари ҳибсга олинган махсус муассасалар мавжуд.
Украинага қайтишга муваффақ бўлган маҳбусларнинг айтишича, қамоқда ўтирганларида улар жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонликка учраган. «Меҳнат лагерида мени зўрлашди ва қийноққа солишди», деди олти ойдан кўпроқ асирликда ўтирган Запорижжя областида яшовчи Елена Ягупова. Херсонлик Александр Тарасов бир йилни Россия асирлигида ўтказган, у электрошокер билан қийноққа солинганини ва Украина фуқароларини ўғирлашда иштирок этганларга нисбатан шахсий санкциялар қўлланишига эришиш ниятида эканини айтди. «Биз халқаро суд олдида жавоб бериши керак бўлган тузилма, судялар ва полиция ҳақида биламиз», деб таъкидлайди эркак.
Украина 55 минг кишини бедарак йўқолган деб тан олди
Россиянинг агрессив уруши туфайли бедарак йўқолган украиналиклар рўйхатида ҳозирда 55 минг киши бор, уларнинг аксарияти ҳарбийлардир. Бу ҳақда 26 сентябр куни Украина ички ишлар вазири ўринбосари Леонид Тимченко «Укринформ» нашрига маълум қилди.
«Бу кўрсаткич анча динамик: бедарак йўқолганларнинг жойлашуви аниқланганда, баъзи ҳолларда фуқаро, масалан, асирликда экани маълум бўлади», — деди Тимченко ва ҳалок бўлганлар вақти-вақти билан бедарак йўқолган деб топилганлар орасида аниқланиб борилишини қўшимча қилди.
Украинада 2023 йил май ойида бедарак йўқолган фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар киритила бошланган ягона реестр ишга туширилди. Ўшанда мамлакат Ички ишлар вазирлиги 23 минг киши бедарак йўқолганини маълум қилган. 2024 йил июл ойида вазирлик маълумотларни янгилаб, реестрга 42 минг украиналик киритилгани ҳақида хабар берди.
Мавзуга оид
23:22 / 22.11.2024
КХДР ўз аскарларини Украина урушига юборгани эвазига Россиядан ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини олган
21:54 / 22.11.2024
«Крепкий орешник»: Путин тутиб қолиш имконсиз эканини айтган янги ракета ҳақида нималар маълум?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
20:12 / 22.11.2024