Жаҳон | 18:22
6393
2 дақиқада ўқилади

БМТ бош котибига Исроилга кириш тақиқланди

Антониу Гутерриш Исроилда «персона нон грата» деб эълон қилинди. У Эроннинг Исроилга қилган ҳужумини қораламаганликда айбланди.

Фото: AP

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш Исроилда «персона нон грата» деб эълон қилинди ва мамлакатга кириши тақиқланди. Бу ҳақда Исроил ташқи ишлар вазири Исраэл Кац маълум қилди.

«Дунёдаги деярли ҳар бир давлат қилганидек, Эроннинг Исроилга қилган жирканч ҳужумини сўзсиз қоралай олмаса, Исроил тупроғига қадам қўйишга лойиқ эмас. У Исроилга қарши бош котиб, у террорчилар, зўравонлар ва қотилларни қўллаб-қувватлайди», деб Кац сўзларини келтирди Haaretz.

Кац сўзларига кўра, Гутерриш ҳалигача Ҳамаснинг 2023 йил 7 октябрда Исроилга уюштирган ҳужумини қораламаган ва уни террорчи ташкилот деб эълон қилишга уринмаган.

Бир кун олдин, Эрон Исроилга ракета ҳужумини уюштирганидан сўнг, БМТ бош котиби Х ижтимоий тармоғида «Яқин Шарқдаги можаронинг тобора кескинлашувини қоралайман, бунга барҳам бериш керак. Ўт очиш мутлақо тўхтатилиши лозим», деб ёзди, аммо на Эрон ва на Исроилни эслатиб ўтмади.

Мавзуга оид