Эроннинг Исроилга ракета зарбаси, Россиянинг уруш учун харажатлари ва НАТОнинг ишга киришган янги раҳбари — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Эроннинг Исроилга зарбаси
Ниҳоят, Эрон Россияга берган ракеталарининг ортган қисмини тўплаб, Исроилга зарба беришга жазм эта олди. Исроилга баллистик ракеталар билан зарба бериш қарори Эроннинг Олий бош раҳнамоси Али Хоминаий томонидан чиқарилгани айтилмоқда.
Эрон ўз зарбаларини “Ҳизбуллоҳ”нинг етакчиси Ҳасан Насруллоҳ, ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания ва Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг «Қудс» кучлари қўмондони ўринбосари, эронлик генерал-майор Аббос Нилфурушоннинг ўлимига нисбатан қасос зарбаси сифатида тақдим этди.
Турли манбаларнинг маълум қилишича, Эрон ҳужумда 250 дан 500 тагача бўлган ракеталарни учирган. Ракеталарнинг катта қисми Исроилнинг “Темир гумбаз” ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини енгиб ўтиб, Исроилнинг турли шаҳарлари, ҳаттоки пойтахт Тел-Авивгача бориб урилган.
Исроил ОАВлари 400 дан ортиқ гипертовушли баллистик ракеталар Эрондан Исроилга 10 дақиқада етиб келганини ёзишди.
Эроннинг Fars ахборот агентлиги ўз манбаларига асосланиб, Эрон томонидан учирилган ракеталарнинг камида 80 фоизи Исроилдаги нишонларга етиб борганини хабар қилмоқда.
Ракеталардан бири Ғазо секторидаги ЦАҲАЛ танклари бригадасини нишонга олгани ҳам маълум қилинмоқда.
Айрим манбалар Негев ҳарбий аэродромида F-35 қирувчи самолётларидан 15 таси йўқ қилингани, Исроилнинг Ўрта ер денгизидаги газ бурғилаш минораларига ҳам зарар етказилганини маълум қилмоқда.
Исроил томони ракета ҳужумларидан сўнг фақат бир киши вафот этганини малум қилди.
Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпуси агар Исроил Эроннинг бугунги ракета зарбаларига жавоб қайтарса, «қақшаткич ҳужумлар»га дучор бўлишини таъкидламоқда.
Исроил армияси Эрон томонидан ҳужумнинг иккинчи тўлқини кутилмаётганини айтиб, аҳоли бомбапаналарни тарк этиши мумкинлигини эълон қилди.
Исроил армияси Эроннинг ушбу ҳужуми «оқибатлар келтириб чиқариши»ни айтиб, исроиллик ҳарбийларнинг жавоб режаси борлигини билдирган.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу Эрон ушбу ҳужум билан катта хатога йўл қўйганини айтиб ўтди:
«Эрон бугун кечқурун катта хатога йўл қўйди. Ҳали бунинг учун жавоб беради. Яҳудийлар давлати ўз принципига содиқ: Исроилга ҳужум қилган ҳар қандай куч албатта жавобини олади», — деган Нетаняҳу.
Тел-Авивдаги теракт
Эроннинг Исроил бўйлаб ёпирилма ракета зарбасидан бироз аввал Тел-Авивда отишма рўй берди.
Яффа мавзусида номаълум шахслар трамвай бекати яқинида одамларга қарата ўт очган. Маҳаллий нашрларнинг хабар қилишича, камида 8 нафар тинч аҳоли вакили ўлдирилган.
Исроил тиббий тез ёрдам хизмати «Маген Давид Адом»нинг маълум қилишича, «кўплаб» инсонлар яраланган, ҳушидан кетганлар ҳам бор. Камида 7 кишининг аҳволи оғир экани маълум қилинмоқда.
Одамларга қарата ўт очган ва террорчи экани гумон қилинаётган ҳар икки шахс Исроил хавфсизлик кучлари томонидан йўқ қилинган.
АҚШдан Исроилга ёрдам
АҚШ президенти Жо Байден америкалик ҳарбийларга Исроилга ёрдам беришни буюрди.
Оқ уй баёнотига кўра, АҚШ президенти Жо Байден ҳамда вице-президент Камала Ҳаррис Исроил ва Эрон ўртасидаги кескинлик ошиб бораётганини диққат билан кузатиб бормоқда.
АҚШ президенти Эроннинг Исроилга уюштирган ракета ҳужумларини Оқ уйдаги вазиятни кузатиш хонасида диққат билан кузатган. У америкалик ҳарбийларга «Исроил Эрон ҳужумларидан ҳимояланиши учун ёрдам беришни» буюрган.
Байден ва Ҳаррис Оқ уйда миллий хавфсизлик бўйича жамоа билан учрашув ўтказган.
«Президент Байден америкалик ҳарбийларга Эроннинг Исроилга ҳужумидан ҳимояланишга ёрдам бериш ва мамлакатга қаратилган ракеталарни уриб тушириш бўйича кўрсатма берди», — дейилади баёнотда.
Уруш учун рекорд маблағ
Россия бюджети харажатларининг жами 41 фоизи мудофаа ва хавфсизликни таъминлашга сарфланади, келаси йилда бу маблағ 41,5 триллион рублни ташкил қилиши кутилмоқда.
2025 йилда Россиянинг «Миллий мудофаа» банди бўйича бюджет харажатлари 13,5 триллион рублни ташкил этиши кутилмоқда, бу Россия Федерацияси ялпи ички маҳсулотининг 6,31 фоизига тенг, деб ёзади The Bell 2025-2027 йилларга мўлжалланган федерал бюджет лойиҳаси тушунтириш хатига таяниб.
Россия ҳукумати томонидан тайёрланган ушбу қонун лойиҳаси 30 сентябр, душанба куни Россия Федерацияси Давлат думасига киритилган.
The Bell ҳисоб-китобларига кўра, жами 2025 йилда мудофаа ва хавфсизлик Россия бюджети харажатларининг 41 фоизини ташкил қилади, у эса 41,5 триллион рублга тенг.
Шу билан бирга, янги бюджет лойиҳасида 2026-2027 йилларда Россия ҳарбий харажатлари камайишни бошлаши назарда тутилган. Шундай қилиб, 2026 йилда мудофаа харажатлари 12,8 триллион рублни, 2027 йилда эса 13,1 триллион рублни ташкил этиши прогноз қилинмоқда.
Аввалроқ Bloomberg манбаларга таяниб, келаси йили Россия мудофаа харажатларини чоракдан кўпроқ — 13,2 триллион рублгача оширишни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эди. 2024 йилда Россия Федерациясининг ҳарбий харажатлари 10,7 триллион рублдан ошди, бу биринчи марта пенсия ва нафақаларни тўлашни ўз ичига олган «Ижтимоий сиёсат» банди бўйича харажатлардан ошиб кетди.
НАТОнинг янги раҳбари
Нидерландиянинг собиқ бош вазири НАТО янги бош котиби сифатида иш бошлади. Марк Рютте бу лавозимда рекорд даражадаги 10 йил ишлаган норвегиялик Йенс Столтенберг ўрнини эгаллади.
1 октябр куни бўлиб ўтган маросимда НАТО ҳарбий алянси раҳбари лавозимига киришган Марк Рютте Украинани қўллаб-қувватлашни устувор вазифа қилиб қўйишга ваъда берди, деб хабар бермоқда Euronews.
Рютте алянс Украинани қўллаб-қувватлашни кучайтириши ва уни НАТО аъзолигига янада яқинлаштириши кераклигини таъкидлаган бўлса, мудофаа шартномасига аъзо давлатлар раҳбарлари Киевнинг аъзолик йўлини ортга қайтариб бўлмаслигини айтишди.
Рюттенинг айтишича, иттифоқ энди ҳар қачонгидан ҳам катта, кучли ва бирлашган. Унинг сўзларига кўра, НАТО бош котиби сифатидаги устувор вазифалари, шунингдек, НАТО мудофаасини мустаҳкамлаш ва бошқа давлатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўлади.
Марк Рютте 2010 йил октябридан бери Нидерландия бош вазири лавозимида ишлаб келган, у Россияни танқид қилган ва Россия Федерацияси билан урушда Украинани доимий равишда қўллаб-қувватлаган.
Японияга янги раҳбар сайланди
Шигэру Ишиба Япониянинг янги бош вазири бўлди. Мамлакат тарихидаги 102-бош вазирни парламентнинг ҳар иккала палатаси тасдиқлади.
Овоз бериш натижаларига кўра, 67 ёшли Ишиба номзоди депутатларнинг ярмидан кўпи – 465 нафардан 291 нафари томонидан ёқланди. Ҳукмрон коалиция парламентнинг ҳар иккала палатасида ҳам кўпчиликни ташкил этади.
1 октябр куни собиқ бош вазир Фумио Кишида бошчилигидаги Япония ҳукумати тўлиқ истеъфога чиқди.
Япония императори Наруҳито ҳам янги бош вазир Ишиба томонидан таклиф этилган мамлакат ҳукуматининг янги таркибини тасдиқлади. Тасдиқлаш маросими Токиодаги Император саройида бўлиб ўтди.
Ҳукуматнинг янги таркиби аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси бош котиби Ёшима Ҳаяши томонидан эълон қилинган эди, у ўз лавозимини сақлаб қолди. Собиқ мудофаа вазири Такэши Ивая Япония ташқи ишлар вазирлигига раҳбарлик қилади.
Япония парламенти қуйи палатаси 9 октябрда тарқатиб юборилиши, 27 октябрда эса навбатдан ташқари умумий сайловлар ўтказилиши кутилмоқда.
67 ёшли Шигэру Ишиба энг тажрибали сиёсатчилардан бири. У аввал мудофаа; қишлоқ хўжалиги; ва аҳоли сони камайишига қарши курашиш ва маҳаллий иқтисодиётни жонлантириш вазири лавозимларида ишлаган.
Мексикада аёл президент
Клаудия Шейнбаум Мексика президенти лавозимига киришди. Янги президентнинг тантанали инаугурация маросими республика Конгрессининг йиғилишлари ўтказиладиган Мехикодаги Сан-Ласаро саройида бўлиб ўтмоқда.
Таъкидланишича, Шейнбум президентликдан кетаётган Андрес Мануэл Лопес Обрадор гувоҳлигида қасамёд келтириб бўлгач, Депутатлар палатаси президиуми раиси Ифигения Мартинес Эрнандес унга президент ҳокимиятининг рамзларидан бири — Мексика байроғи рангидаги президентлик тасмасини топширган.
Клаудия Шейнбаум 2 июн куни бўлиб ўтган президентлик сайловларида ҳукмрон Morena партиясидан номзод сифатида ғалаба қозонган эди. Андрес Мануэл Лопес Обрадор таъкидлаганидек, у нафақат республиканинг 200 йиллик тарихида илк аёл президент, энг кўп овоз тўплаган президент ҳам бўлди.
Мавзуга оид
13:54 / 21.11.2024
Ғазо масаласига вето қўйган АҚШ, Байденнинг рухсатини маъқулламаган Эрдўған ва Storm Shadowʼлар билан Россияга илк зарба — кун дайжести
13:54 / 20.11.2024
Ғазодаги ҳарбий назорат, Украина урушига 1000 кун ва ATACMS билан Россияга илк зарба — кун дайжести
14:03 / 19.11.2024
Ғазодаги очарчиликдан огоҳлантирган Эрдўған, Эрон ядровий объектига зарбани тан олган Нетаняҳу ва Трампнинг мигрантлар бўйича режаси — кун дайжести
13:40 / 18.11.2024