Ўзбекистон | 14:04
8572
3 дақиқада ўқилади

Жаҳонгир Отажонов ўз автомобилида 195 км/соат тезликда ҳаракатланди

Хонанда Zeekr X автомобилида юқори тезликда ҳаракатланган ва уни бошқарув вақтида телефонида тасвирга олиб, инстаграмдаги саҳифасига жойлаган.

Фото: Видеодан кадр

Ўзбекистонда яна бир таниқли шахс йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузиб ҳаракатлангани акс этган видеосини тарқатди. Қўшиқчи Жаҳонгир Отажонов Zeekr автомобилида соатига 195 км тезликда ҳаракатланган.

Видеога кўра, қоидабузарлик аҳоли яшаш пунктидан ташқарида, автотрассада содир этилган, бундай жойларда рухсат этилган максимал тезлик эса 100 км/с (айрим ҳудудларда — 110 км/с)ни ташкил этади. Қўшиқчи бир қўлида рулни ушлаган ҳолда, бошқаси билан телефони орқали спидометрни видеога олади. У роликни Instagram’даги саҳифасига жойлаган.

«Кеча Zeekr қанча тезликка чиқаркан дейишганди. Қани кўрамиз. Шароит бор чиқаришга», — дейди у видеода. У спидометр кўрсаткичи 195 км/соатга чиққанида тезликни пасайтира бошлайди. «195 га чиқардим, уёғига ҳаракат кўп экан, тўғриси, қўрқдим. Балки 200 га ҳам чиқар», — дейди у.

Видеода у пиёдалар ўтиш жойидан қарийб 150 км/с тезликда ўтгани кўринган.

23 сентябр куни Париж олимпиадасида бокс бўйича чемпион бўлган Асадхўжа Мўйдинхўжаев Тошкент шаҳри марказида президент совғаси бўлган Tahoe автомобилида 110 км/с тезликда (шаҳарда рухсат этилган тезлик — 60 км/с) ҳаракатланиб, йўл ҳаракати қоидаларини бузганди. У ҳам бу ҳолат акс этган видеони Instagram саҳифасида жойлаштирганди (кейинроқ ролик ўчириб юборилган). Спортчи базавий ҳисоблаш миқдорининг 9 баравари миқдорида (3,06 млн сўм) жаримага тортилган, у билан «профилактик суҳбат ўтказилгани» маълум қилинганди.

Сентябр ойи охирида эса ижтимоий тармоқларда блогер Нигина Мелиқўзиева Тошкент шаҳрида Lacetti автомобилида катта тезликда юриб, йўл тор ва тирбанд бўлишига қарамай бир нечта қатнов чизиқлари бўйлаб хавфли ҳаракатлар (халқ орасида «шашка» деб аталади) амалга оширгани акс этган видеоси тарқалди. У бу ҳаракатини «азарти борлиги» билан изоҳлаган. Унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида (3,4 млн сўм) жарима қўлланган ва у билан ҳам «профилактик суҳбат» ўтказилган. ЙПХ ходимлари билан суҳбат чоғида у ватандошлар ва обуначиларидан «узр сўраган», аммо бу сўзларни бефарқ оҳангда айтган.

Мавзуга оид