Жаҳон | 11:37 / 04.10.2024
8770
6 дақиқада ўқилади

Байрут аэропорти ҳудудида кучли портлашлар рўй берди. Зарбалар нишони Насруллоҳнинг вориси бўлиши мумкин

АҚШ президенти Жо Байден эса Яқин Шарқда катта урушнинг олдини олиш мумкин деб ҳисобламоқда.

Фото: Reuters

Жумага ўтар кечаси Ливан пойтахти Байрут шаҳри жанубий чеккасида жойлашган Рафиқ Ҳаририй номидаги халқаро аэропорт ҳудудида кучли портлашлар серияси кузатилди.

«Ҳизбуллоҳ»га яқин манбанинг AFP мухбирига айтишича, Исроил армияси гуруҳ объектлари бўйлаб камида 11 та зарба йўллаган.

«Исроил шаҳарнинг жанубий чеккасига қаторасига 11 бор зарба йўллади», — деган агентликнинг аноним манбаси.

Ливан миллий ахборот агентлиги (NNA) «10 дан ортиқ кетма-кет зарба қайд этилгани, бу эса Байрут жануби томон энг кучли зарбалардан бири бўлгани» ҳақида хабар берган.

NNA маълумотига кўра, портлаш овозлари Байрут ташқарисидаги тоғли ҳудудларда ҳам эшитилган.

Исроил мудофаа армияси зарбалар юзасидан изоҳ бермаган, аммо олдинроқ Байрут жануби аҳолисини эвакуация тўғрисида огоҳлантирганди.

«Сиз „Ҳизбуллоҳ“ объектлари яқинида турибсиз ва Исроил армияси яқин вақтлар ичида улар бўйича ишлайди», — дея ёзган ЦАҲАЛ вакили Авихай Адраи X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида араб тилида.

Байрут аэропорти «Ҳизбуллоҳ»нинг таянч ҳудуди бўлган ва мунтазам равишда исроилликларнинг авиазарбаларига нишон бўлиб келаётган Даҳия тумани билан ёнма-ён жойлашган.

Axios портали ва CNN телекомпанияси манбаларга таяниб хабар қилишича, Байрут бўйлаб навбатдаги зарбалар нишони «Ҳизбуллоҳ»нинг ўлдирилган етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг амакиваччаси Ҳошим Сафиуддин бўлиши мумкин.

Уни гуруҳда Насруллоҳнинг эҳтимолий вориси деб билишади. Зарбалар оқибатида унга зарар етгани-етмагани — номаълум.

Сафиуддин «Ҳизбуллоҳ»нинг сиёсий қанотини назорат қилган ва гуруҳнинг «Жиҳод кенгаши» аъзоси бўлган. У бир неча бор Исроилга эскалация билан таҳдид қилиб, душманларни «йиғлаш ва аза тутишга тайёрланиш»га чақирган.

2017 йилда АҚШ Давлат департаменти уни қидирилаётган террорчилар рўйхатига киритган.

Сафиуддиннинг ўғли Ризо эронлик генерал, 2020 йил январида Ироқ пойтахти Бағдодда АҚШ авиазарбаси оқибатида ўлдирилган Қосим Сулаймонийнинг қизига уйланган.

Сулаймоний ҳарбий стратег ва Эрон ташқи сиёсати мафкурачиси эди. Сафиуддин у билан қуда бўлиши «Ҳизбуллоҳ»нинг Теҳрон билан қанчалик яқин алоқа боғлаганини кўрсатарди.

1 октябр куни Эрон жорий йилда иккинчи марта Исроил бўйлаб ёпирилма ракета зарбалари йўллади.

Жума куни Эрон олий раҳнамоси, оятуллоҳ Али Хоминаий беш йил ичида илк бор Теҳроннинг марказий масжидида имомлик қилди.

Сафиуддин 2008 йилда «Ҳизбуллоҳ» бош котиблигига сайланган, 2010 йилда ташкилотнинг Жанубий Ливандаги ҳарбий қўмондони этиб тайинланган. Фото: Anadolu

Пайшанба куни кечқурун AFP Исроилнинг яна бир зарбаси Байрут аэропорти яқинидаги омборхона томон йўналтирилгани ҳақида хабар берганди. Бу ерда айнан нима сақлангани маълум эмас.

Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги кун давомида исроилликларнинг зарбалари оқибатида 37 киши ҳалок бўлиб, 151 киши яралангани ҳақида хабар берган.

Исроил эса «Ҳизбуллоҳ» жангариларини пайшанба куни Ливандан Исроил ҳудудига 230 га яқин ракета учиришда айблаган.

«Ҳизбуллоҳ» кун давомида Исроил ҳудудини ракеталар билан ўққа тутгани ҳамда Ливан жанубида қуруқлик амалиёти ўтказаётган исроиллик аскарларга ҳужум қилингани ҳақида хабар бериб турган.

Пайшанба куни Фаластин расмийлари Исроилнинг Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги қочқинлар лагерига йўллаган авиазарбаси оқибатида камида 18 киши ҳалок бўлганини маълум қилди.

Фото: AFP

Исроил ҳукумати Тулкарм шаҳри бомбардимон қилиниши оқибатида Ҳамаснинг маҳаллий бўлими раҳбари ҳамда гуруҳнинг бошқа аъзолари ўлдирилганини хабар қилган.

Исроиллик расмийлар Теҳроннинг ўз ҳудудига баллистик ракета ҳужумига жавоб бериш вариантларини кўриб чиқишда давом этмоқда.

АҚШ президенти Жо Байден пайшанба куни, унинг фикрича, Яқин Шарқда кенг кўламли урушдан қочиш мумкинлигини айтди.

«Эшитинг, мен тотал уруш бўлади деб ўйламайман. Ўйлайманки, биз бундан қочишимиз мумкин. Аммо ҳали кўп иш қилиш керак бўлади», — деган у журналистларга.

Америка қўшини Исроилга юборилиши эҳтимоли юзасидан берилган саволга Байден шундай жавоб қайтарган: «Биз аллақачон Исроилга ёрдам кўрсатяпмиз. Биз Исроилн ҳимоя қилмоқчимиз».

Аввалроқ Байден G7 етакчилари билан маслаҳатлашгани ва уларнинг барчаси Исроил «жавоб бериш ҳуқуқига эга, аммо пропорционал жавоб бериши лозим» деган фикрдалигини айтганди.

«Биз исроилликлар билан улар нима қилишлари ҳақида гаплашамиз…», деган у.

Журналистнинг Исроилнинг Эрон ядровий объектларига зарба беришини қўллаб-қувватлаши ҳақидаги саволига Байден «Йўқ» деб жавоб берди.

Шу билан бирга, Америка расмийлари Исроилга таъсир кучи чекланган бўлиши мумкинлигини тан олмоқда, дея қўшимча қилди нашр.

Американинг «Атлантика кенгаши» таҳлилий маркази эксперти Жонатан Паникофф FT’га берган изоҳида Эрон ядровий объектларига тўғридан тўғри ҳужум Теҳрон томонидан жавоб беришни талаб қиладиган жиддий таҳдид сифатида кўриб чиқилишини таъкидлади.

«Теҳрон ўз ядровий дастурига зарба беришни режим барқарорлигига асосий ва тўғридан-тўғри ҳужум сифатида қараши мумкин, бу эса барча томонларни кескинлашув зинапоясида юқорига кўтарадиган жавобга олиб келиши мумкин», дейди Паникофф.

Мавзуга оид