Жаҳон | 13:00
1283
3 дақиқада ўқилади

Ливан: Исроил ҳужумлари оқибатида бир сутка ичида 46 киши ҳалок бўлди

Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроилнинг пойтахт Байрутга уюштирган навбатдаги зарбасидан кейин олти киши ҳалок бўлганини маълум қилди. Қўшма Штатлар ЦАҲАЛнинг Эрон ядровий иншоотларига эҳтимолий ҳужумига қарши.

Фото: Anadolu Agency

Исроилнинг Байрут марказига берган навбатдаги зарбаси натижасида олти киши ҳалок бўлди, деб хабар берди Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги 3 октябр, пайшанбага ўтар кечаси. The Times of Israel интернет-нашрининг аниқлик киритишича, Исроил ҳаво ҳужумидан сўнг БМТ штаб-квартираси, шунингдек, бош вазирнинг идораси ва парламент биноси яқинида жойлашган Бошура ҳудудидаги кўп қаватли уйнинг учинчи қаватида ёнғин содир бўлган.

«Ҳизбуллоҳ»нинг Al-Manar телеканали ҳужум гуруҳнинг тиббий бўлими марказини нишонга олганини даъво қилмоқда». Аввалроқ AFP ўз мухбирлари Байрутда кучли портлаш овозини эшитгани ҳақида хабар берган эди. 3 октябрга ўтар кечаси Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) Telegramʼда Байрутга «мақсадли зарба» берганини маълум қилди, бироқ тафсилотларни келтирмади. Ушбу ҳужум қурбонлари орасида қанча жангчи борлиги очиқланмаган.

Аввалроқ, 2 октябр оқшомида Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги 24 соат ичида Исроил ҳужумлари оқибатида мамлакат бўйлаб 46 киши ҳалок бўлгани ва яна 85 киши жароҳатлангани ҳақида маълумот тарқатган эди.

Исроил армияси Ливан жанубида шиддатли жанглар олиб бормоқда

Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ ) 2 октябр куни Ливан жанубида «оғир жанглар» бошланганини эълон қилди ва минтақа аҳолисини Литани дарёси жанубидаги ҳудудларга бормасликка чақирди. Бундан бироз аввал «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати Ливандаги Исроил ҳарбий амалиёти бошланганидан бери мамлакат жанубидаги Одаис қишлоғи яқинида исроиллик ҳарбийлар билан биринчи тўқнашув ҳақида хабар берган эди. 

«Ҳизбуллоҳ» даъво қилишича, ҳаракат жангчилари исроилликларга талафотлар етказган ва уларни чекинишга мажбур қилган. Бундан ташқари, улар Исроил шимолидаги Мисгав-Ам ҳудудида исроиллик қўшинларининг катта концентрациясига ракета ва артиллериядан зарба берилганини ва яна учта жойда ЦАҲАЛ позицияларига ракета зарбалари берилганини эълон қилди.

Исроил қўмондонлигига кўра, чоршанба куни эрталаб Ливандан Исроилга 50 та ракета учирилган. Аксарият аҳолиси эвакуация қилинган Метула қишлоғида 10 та уй зарар кўрган.

Мавзуга оид