Ўзбекистон | 16:40 / 04.10.2024
1175
2 дақиқада ўқилади

Қўқонда Ўзбекистон-Венгрия ҳудудлараро форуми ташкил этилади

Ўзбекистон элчиси Ойбек Шахавдинов Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазирининг ташқи иқтисодий масалалар бўйича давлат котиби ўринбосари Каталин Бихари билан учрашди.

Фото: "Дунё" АА

Музокаралар давомида Қўқон шаҳрида Ўзбекистон-Венгрия ҳудудлараро форумини ташкил этиш, Тошкент ва Будапешт шаҳарлари ўртасидаги авиақатновларни мунтазам амалга ошириш ва  бошқа масалалар муҳокама қилинди.

Каталин Бихари жорий октябр ойида Қўқон шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон-Венгрия биринчи ҳудудлараро форумини ташкил этишда вазирлик амалий ёрдам беришини ва мазкур тадбирни  уюштириш учун Венгрия Экспортни қўллаб-қувватлаш агентлиги раҳбарияти барча зарур кўмак кўрсатишини таъкидлади.

Томонлар ҳудудлараро форум дастури ва икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида B2B ва B2G шаклларидаги учрашувларни уюштириш  имкониятларини кўриб чиқдилар.

Шунингдек, Венгрия вакили, мамлакат ҳукумати жорий йил август ойидан буён "Қанот Шарқ" авиакомпанияси томонидан Тошкент ва Будапешт ўртасидаги амалга оширилаётган авиапарвозларни қўллаб-қувватлашини  ҳамда уларни давом эттириш тарафдори эканлигини билдирди.

Бундан ташқари, учрашувда икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган истиқболдаги муҳим дастурлар кун тартиби хусусида ҳам фикр алмашилди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид