Жаҳон | 23:21 / 05.10.2024
3905
2 дақиқада ўқилади

Конгода Mpox оқибатида вафот этганлар сони 1000 кишига яқинлашди

Mpox оқибатида юзага келаётган ўлим ҳолатлари асосан болаларда кузатилмоқда, беш ёшгача бўлганлар гуруҳи умумий ўлим ҳолатларининг 70 фоизини ташкил этяпти.

Фото: Getty Images

Конго Демократик Республикасида жорий йил бошидан бери 30 мингдан ортиқ инсонда Mpox (маймунчечак) касаллиги аниқланди. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазири Самюэл Роже Камба маълум қилди.

«Айни вақтда қадар 31 минг кишида касаллик аниқланди ва 988 киши вафот этди. Mpox оқибатида юзага келаётган ўлим ҳолатлари асосан болаларда кузатилмоқда, беш ёшгача бўлганлар гуруҳи умумий ўлим ҳолатларининг 70 фоизини ташкил этяпти. Mpox билан касалланганлар мамлакатнинг 26 та провинциясида қайд этилган», — дейди Камба.

Вазирнинг қўшимча қилишича, ҳозирги эпидемия Mpox’нинг иккита штамми туфайли юзага келган бўлиб, уларнинг энг хавфли тури жинсий йўл билан юқади.

Камбанинг сўзларига кўра, 5 октябр куни мамлакат шарқида Mpox’га қарши вакцинация бошланиши керак. Мамлакат ҳукумати 5 миллионга яқин инсонни эмлашни режа қилган.

14 августда ЖССТ Mpox вируси тарқалиши бўйича фавқулодда ҳолат эълон қилганди. Бир ҳафта ичида 2000 дан ортиқ касалланиш ҳолати қайд этилган ва вирус Африка қитъасига қўшни давлатларда ҳам тарқала бошлаган.

Сентябр ўрталарида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маймунчечакка (mpox) қарши биринчи вакцинани тасдиқлади. Вакцинанинг нархи тахминан 100 долларга тенг. У 18 ёш ва ундан катта одамларда чечакка қарши эмлаш учун тасдиқланган, аммо болалар, ҳомиладор аёллар ва иммунитет танқислиги бўлган одамларда эпидемия шароитида қўлланилиши мумкин.

Мавзуга оид