Жамият | 11:19 / 05.10.2024
3014
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарё сув таъминоти корхонасининг уч ходими қутқарилди

Шифохонада уларнинг ҳаёти сақлаб қолинган. Ҳозирда шифокорлар назоратида тиббий муолажалар олиб борилмоқда.

Фото: Kun.uz

Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида оқова сув қудуғи ичида ҳушидан кетиб қолган уч нафар ходим қутқарилган. “Сурхондарё сув таъминоти” АЖ матбуот котибининг хабар беришича, ҳодиса 2024 йил 4 октябр куни юз берган.

Қумқўрғон сув таъминоти бўлимида фаолият олиб бораётган уч нафар техник ходим Қумқўрғон тумани Дўстлик маҳалласида жойлашган оқова сув қудуғини тозалаш жараёнида ҳаво етишмовчилиги сабабли ҳушидан кетган.

Воқеа жойига Қумқўрғон тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими ва туман тез тиббий ёрдам гуруҳи зудлик билан етиб келган.

Кўрилган тезкор чоралар натижасида ходимлар масъул ташкилотлар ҳамда жамоатчилик вакиллари ёрдамида қудуқдан чиқарилиб, биринчи ёрдам кўрсатиш учун туман тез тиббий ёрдам бўлимига етказилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, уларнинг ҳаёти сақлаб қолинган бўлиб, ҳозирда шифокорлар назоратида тиббий муолажалар олиб борилмоқда.

“Ушбу ҳодисага ўз вақтида эътибор қаратиб, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлашга ҳиссасини қўшган жамоатчилик ва масъул ташкилотлар вакилларига “Сурхондарё сув таъминоти” АЖ ўз миннатдорчилигини билдиради”, дейилади хабарда.

Мавзуга оид