Жаҳон | 12:01 / 06.10.2024
25599
5 дақиқада ўқилади

«Минимал жазо». Эрон олий раҳбари Исроил бўйлаб ракета зарбасини изоҳлади

Оятуллоҳ Али Хоминаий сўнгги 4 йил ичида биринчи марта омма олдида нутқ сўзлаб, Исроилга яқинда қилинган ҳужумни олқишлади. У Яқин Шарқ мамлакатларини Исроилга қарши исён кўтаришга чақирган.

Фото: Getty Images

Эрон олий раҳнамоси, оятуллоҳ Али Хоминаий жума куни Теҳрондаги имом Ҳумайний номидаги масжидда ўн минглаб кишилар қаршисида нутқ сўзлаб, Эроннинг Исроил бўйлаб сўнгги ракета зарбасини «аниқ, мантиқий ва қонуний» деб атаган.

Унинг сўзларига кўра, агар керак бўлса, мамлакат бундай ҳаракатларни такрорлашга тайёр, деб ёзди AP.

85 ёшли Хоманаий Эроннинг Исроилга ракета ҳужумини Қуролли кучларнинг «ажойиб иши» деб атади.

Хоминаий камдан кам ҳолларда бундай чиқиш қилади — ва амалда жамоатчилик олдида кўриниш бермайди. У сўнгги бор 2020 йилда, Бағдод аэропорти яқинида эронлик генерал Қосим Сулаймоний америкаликлар авиазарбаси оқибатида ҳалок бўлганида жума намозида имомлик қилиб, нутқ сўзлаганди. Эрон ўшанда бунга Американинг Ироқдаги ҳарбий базаларига ракета зарбалари билан жавоб қайтарганди.

Хоминаийнинг олдинги шу каби чиқиши эса 2012 йилда кузатилганди.

Эрон олий раҳнамоси бу сафарги нутқида Исроил бўйлаб ракета ҳужумини ушбу мамлакатнинг «даҳшатли жиноятлари» учун «минимал жазо» деб атаган. У шунингдек Исроилни «вампир» режим атаган, АҚШга эса «ақлдан озган ит» ёрлиғини ёпиштирган.

У Исроил ҳудудлари бўйлаб зарбалар «халқаро ҳуқуқ, мамлакат қонунлари ва исломий эътиқодларга асослангани»ни айтди ва «Афғонистондан Ямангача, Эрондан Ғазогача» бўлган давлатларни душманга қарши чора кўришга тайёр бўлишга чақирди.

1 октябр куни Эрон ҳарбийлари Исроил бўйлаб ёпирилма ҳужум амалга ошириб, 200 га яқин баллистик ракета учиргани. Исроил армиясига кўра, амалда уларнинг барчаси уриб туширилган, бир неча исроиллик енгил тан жароҳати олган. Ракета парчалари қулаши оқибатида Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилидаги оккупация қилинган ҳудудда бир фаластинлик ҳалок бўлган.

Эрон армияси Исроил бўйлаб зарбани Ливандаги эронликлар томонидан қўллаб-қувватланадиган шиаларнинг «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи етакчиси Ҳасан Насруллоҳ ўлимига жавобан амалга оширди. У бир неча кун олдин исроилликлар «Ҳизбуллоҳ»нинг Байрут жанубидаги марказий штабига йўллаган авиазарба қурбони бўлганди.

Эрон олий раҳнамоси форс тилида сўзлашади ва чиқишларида шу тилдан фойдаланади. Аммо жума кунги нутқининг бир қисмида у Ливан ва Фаластин ҳудудларидаги тарафдорларга мурожаат қилиш учун араб тилида гапирган.

Хоминаий ваъз давомида Насруллоҳ ҳақида мақтовли сўзлар айтган ва «бутун минтақа ва бутун ислом дунёсига хизмат қилаётган» «Ҳизбуллоҳ» ҳамда Ҳамас гуруҳларини қўллашини билдирган.

У Эрон билан алоқадор бўлган гуруҳлар Исроил билан қарама-қаршиликнинг ўтган йил 7 октябрида Ҳамаснинг ҳужумидан кейин бошланган янги босқичида «ортга чекинмаслиги»ни маълум қилган.

Эрон нафақат «Ҳизбуллоҳ»ни, балки Ҳамас, шунингдек Яқин Шарқда Исроилга қарши курашадиган ва ўзини «Қаршилик ўқи» деб ҳисоблайдиган бошқа гуруҳларни ҳам қўллайди.

Хоминаий Исроилнинг ҳужумлари натижасида ушбу гуруҳларнинг кўплаб етакчилари, шунингдек Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпуси раҳбарияти вакиллари ҳалок бўлиши ортидан жума намозида имомлик қилиб, нутқ сўзлади.

Таҳлил: Хоминаий куч, хотиржамлик ва бирдамликни намоён этишга ҳаракат қилмоқда

Олий раҳнамонинг Теҳронда ўн минглаб кишиларга мурожаат қилиш қарори Эрон режими ҳозирда тушиб қолган вазият оғирлигидан дарак бериши мумкин. Исроил унинг прокси-гуруҳлари ва ҳарбийларига жиддий зарба берди, Эрон аҳолисининг ҳукуматдан норозилиги эса ортиб бормоқда.

BBC шарҳловчиси қайд этишича, Хоминаийнинг нутқии олдинги, 2020 йилда Сулаймоний ўлдирилганидан кейин сўзланган нутққа ўхшаб кетган.

Ҳозирда Эрон олий раҳбари ташқи дунёга ўз кучи, ички аудиторияга — хотиржамликни намойиш этишга уринмоқда.

Теҳрон марказида кўп сонли кишилар қаршисида нутқ қилиш Хоминаий Ҳамас ва «Ҳизбуллоҳ» етакчилари Исмоил Ҳания ҳамда Ҳасан Насруллоҳ ўлдирилганидан кейин жамоатчиликка кўриниш беришга қўрқаётгани ҳақидаги гапларни рад этишга ҳам қаратилган.

Бу ваъз Эроннинг яқинда сайланган президенти Маъсуд Пизишкиён ҳамда бошқа юқори мартабали шахслар билан ҳамжиҳатликни намойиш этишга уриниш ҳам бўлиши мумкин. Кўпчилик томонидан мўътадил сиёсатчи сифатида қараладиган Пизишкиён яқинда Эрон қайсидир паллада Ғарб билан қарама-қаршиликни тўхтатиши мумкинлигини айтганида танқидлар остида қолганди.

Хоминаий Исроилнинг сўнгги ҳаракатлари Эрон «Қаршилик ўқи»ни қўллаб-қувватлашни қандайдир даражада сусайтириши мумкинлиги ҳақидаги гапларни ҳам рад этган.

У шунингдек, яна бир бор Ҳамаснинг 2023 йил 7 октябрида Исроилга қилган ҳужумини қўллаб-қувватлаган — минтақада аҳолисининг аксари мусулмонлар бўлган бошқа мамлакатларнинг кўпчилигининг раҳбари эса бундай қилмаганди.

Мавзуга оид