Ўзбекистон | 18:36
792
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда дориларни электрон рецепт асосида дорихоналардан бепул олиш тартиби тасдиқланди 

Ҳукуматнинг 2024 йил 2 октябрдаги қарори билан Касалликларни амбулатор шароитда даволашда дори воситалари харажатларини қоплаш бўйича реимбурсация дастури тўғрисидаги низом тасдиқланди. 

Фото: Getty Images

Низомга кўра, реимбурсация дастури асосида беморларга дори воситаларини тайинлаш Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси билан шартнома қилган бирламчи тиббий-санитария муассасаси шифокори томонидан амалга оширилади. 

Электрон рецепт тиббий ахборот тизимида шифокор томонидан тегишли ёзувлари мавжуд бўлган бемор учун расмийлаштирилади. Электрон рецептда ҳар бир ташхис бўйича учтагача дори воситаси кўрсатилиши мумкин. 

Электрон рецептда бирламчи тиббий-санитания муассасаси номи ва рецепт рақами ҳамда берилган сана акс эттирилиши зарур. 

Шунингдек, унда беморнинг исм-шарифи, ЖШШИР, туғилган санаси бўлиши шарт. Электрон рецептнинг амал қилиш муддати расмийлаштирилган кундан бошлаб 7 кунни ташкил қилади. 

Шифокор томонидан расмийлаштирилган электрон рецепт ўрнатилган тартибда тасдиқлангандан сўнг ахборот дастури орқали жамғарма билан шартнома тузган дорихоналарга узатилади ҳамда беморнинг мобил телефон рақамига мазкур рецептнинг рақами ва санаси акс эттирилган SMS-хабарнома автоматик равишда юборилади. 

Реимбурсация дастури доирасида иштирок этувчи дорихоналарнинг берилган дори воситалари бўйича сарф-харажатлар мазкур дориларнинг нархлари акс эттирилган ҳисоб-фактуралар асосида жамғарма томонидан тўлаб берилади. 

Маълумот учун, Реимбурсация — беморларни амбулатор шароитда даволаш учун шифокор томонидан расмийлаштирилган электрон рецепт асосида дорихоналар орқали дори воситаларини бериш ва берилган дори воситалари қийматини жамғарма томонидан қоплаш дастури. 

Низом қоидалари билан бу ерда батафсил танишишингиз мумкин.

Мавзуга оид