Ўзбекистон | 18:52 / 06.10.2024
6596
2 дақиқада ўқилади

Қиш учун 5 млрд куб метрдан ортиқ газ омборларга жамланди — энергетика вазири

Бу ўтган йилга нисбатан 1,1 млрд куб метр кўпроқ экани таъкидланмоқда.

Фото: «Газли» газ омбори

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов қиш захираси учун «Газли» ва «Хўжаобод» ерости газ омборларига 5 млрд куб метрдан ортиқ газ жамланганини маълум қилди.

«Бу йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик барвақт бошланган. Феврал ойидаёқ президент тизимларни тайёрлаш…, газ қазиб чиқариш, етказиб бериш, тақсимлаш ва генерацияни тайёрлаш бўйича топшириқ берган», деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, 2024 йил давомида электр энергияси генерациясига, қўшимча қувватларни ишга туширишга эътибор берилган. Чунки олдинги йилларда истеъмол ошиб бориши, янги қувватлар эса етарли даражада қўшилмагани туфайли муаммолар бўлган.

«Бу ўринда энг муҳими — қайта тикланувчи энергия манбаларининг генерация қувватларининг ишга туширилиши… Барча ёқилғи турлари захираларини тайёрлаш бўйича ҳам тайёргарлик кўрилди», деди Мирзамаҳмудов.

Вазир, шунингдек, қиш мавсуми учун ёқилғи захирасини яратиш масаласига тўхталди.

«Бугунги кунда бизда қиш мавсуми учун ерости газни сақлаш омборларига 5,1 млрд куб метрдан ортиқ газ жамланди. Агар солиштирадиган бўлсак, бу ўтган йилги ҳажмларга нисбатан 1,1 млрд куб метр кўпроқ», деди у.

Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг қўшимча қилишича, «Газли» омборининг сиғими оширилиб, ҳозирда 4,5 млрд куб метр газни сақлай олади. Ҳозир у ерда 4 млрд куб метрдан ортиқ газ ғамлаб қўйилган. «Хўжаобод» омборида эса 780 млн куб метрдан ортиқ газ захира қилиб қўйилган.

Вазирликнинг раҳбарига кўра, Сўхдаги ерости газ сақлаш омборидан фойдаланишни тиклаш бўйича ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганишлар олиб борилмоқда. Бу газ омборининг ўзи Қирғизистон ҳудудида, технологик ускуналар, компрессор Ўзбекистон ҳудудида жойлашган.

Мавзуга оид