Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказилмоқда
Қозоғистонда мамлакатдаги ва бутун Марказий Осиёдаги биринчи атом электр станцияси қурилиши бўйича референдум ўтказилмоқда. Референдумдан олдин мамлакат ҳукумати очиқчасига АЭС қурилишини қўллаб-қувватлади, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда «атом тарғиботи» олиб борилди, АЭСга қаршилар эса ҳибсга олинган.
Сайловчилар битта саволга жавоб қайтариши керак: «Сиз Қозоғистонда атом электр станцияси қурилишига розимисиз?»
Референдумга уч кун қолганида, 3 октябр куни мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев АЭС қурилишини очиқчасига қўллаб-қувватлади. Давлат раҳбарининг фикрича, акс ҳолда Қозоғистон «дунёдаги тараққиётдан четда қолиши» мумкин.
«Атом электр станцияси қурилиши — узоқ муддатли лойиҳа бўлиб, у мамлакатимизнинг ўнлаб йиллар давомида барқарор ривожланишини таъминлайди, турли профилдаги муҳандислар ва мутахассисларнинг бутун синфини тайёрлаш учун шароит яратади. Ва бу афзалликларни бугунги ёшларимиз ҳамда қозоғистонликларнинг келгуси авлодлари тўлиқ ҳис этади», — дея қайд этган Тўқаев республика депутатлар форумидаги чиқишида.
«Муқобили йўқ»
Қозоғистон энергетика вазирлиги 2035 йилга бориб мамлакатда электр энергияси тақчиллиги юзага келишини прогноз қилмоқда. Идора ҳисоб-китобларига кўра, электр истеъмолига талаб йил сайин ошиб бормоқда ва ҳозирда мавжуд бўлган энергия манбалари «аҳолини тўлиқ ҳажмда таъминлай олмайди».
Яқин 10 йилликда Қозоғистон янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириши лозим, деб ҳисоблайди энергетика вазирлигидагилар. Энергетика вазири Алмасадам Саткалиев атом электр станциясига муқобил йўл йўқлигини таъидлаган.
«Мамлакатда газ ресурслари чеклангани туфайли биз газ генерацияларини кенг кўламда ишга тушира олмаймиз. Ўз навбатида, қайта тикланадиган энергия манбалари табиий ва иқлим шароитларига боғлиқлиги сабабли электр энергиясини ишлаб чиқаришнинг ишончли асосий манбайи бўлиб хизмат қила олмайди. Жаҳон амалиёти кўрсатишича, атом электр станцияси қурилиши тугаётган қувватларни алмаштириш ва Қозоғистоннинг энергия мустақиллигини таъминлаш учун ягона тўғри ечим бўлиб кўринмоқда», — деган Саткалиев.
Мамлакат расмийлари АЭС қурилиши фойдасига аргумент сифатида 8000 га яқин иш ўринлари яратилиши, объект фойдаланишга топширилганидан кейин яна 2000 ходим жалб этилишини келтиришмоқда.
АЭС қурилиши учун «Қозоғистон атом электр станциялари» компанияси масъул қилинган, компания аллақачон қурилиш учун эҳтимолий майдонларни ўрганмоқда. Ҳозирги босқичда асосий номзод Алмати областидаги Балхаш кўли бўйида жойлашган Улкен посёлкаси бўлиб турибди.
«Қозоғистон атом электр станциялари» компанияси раҳбари Тимур Жантикин мутахассислар АЭСнинг зарур қувватини 2,8 ГВт деб баҳолашганини айтган. АЭС қурилиши учун III ва III+ авлоддаги сув босимли реакторлари мос этиб танланган.
Аллақачон 6 та хорижий компания атом электр станцияси учун 13 та лойиҳани тақдим этишган. Шорт-лист тўртта эҳтимолий пудратчини ўз ичига олади: Хитойнинг HPR1000 реакторли CNNC компанияси, Кореянинг APR1000 ва APR1400 реакторли KHNP компанияси, Россиянинг «Росатом»и ҳамда французларнинг EPR1200 технологияларига эга EDF компанияси.
Жантикиннинг сўзларига кўра, хорижлик пудратчини танлаш Халқаро атом энергетикаси бўйича агентлик (МАГАТЭ) назорати остида амалга оширилади. Ҳозирча қурилишнинг аниқ қиймати ҳисоблаб чиқилмаган, аммо дастлабки баҳоларга кўра, АЭС қурилиши Қозоғистонга 10-12 млрд долларга айланиши мумкин.
«АЭС керек емес»
Экология ҳуқуқлари бўйича юрист ва «АЭС керек емес» гуруҳи аъзоси Вадим Ни қозоғистонлик экологлар радиоактив чиқиндилар ва эҳтимолий авариялар билан боғлиқ рисклардан хавотирда эканини айтади.
АЭС Балхаш кўлида қурилиши ҳам фаоллар ва экологлар орасида хавотир уйғотмоқда, дея қўшимча қилади Ни. «Балхаш — мамлакатдаги стратегик муҳим сув ҳавзаларидан биридир. Айтиш керакки, биз аллақачон Орол денгизини йўқотганмиз. Каспий ҳам жонсиз денгизга айланиб бормоқда. Биз муҳим сув ҳавзаларини бутунлай йўқотишимиз мумкин. Реакторни совитиш учун зарур бўлган сувни олишда муаммо бор», — дейди ҳуқуқшунос.
У Қозоғистон аҳолисини кўпроқ иқтисодий жиҳат ўйлантираётгани, чунки АЭС қурилиши учун мамлакат кредит олишга мажбур бўлишини, бу эса ўз навбатида электр нархига таъсир қилишини айтади.
«Бу шунга олиб келадики, атом энергияси қиммат электр энергияси ишлаб чиқаради. Ҳозирги кўмир ва газ электр станциялариникидан анча қимматроқ. Қайта тикланадиган энергия манбаларидан олинадиган электр энергиясидан қанчалик қимматлигини айтмаса ҳам бўлади», — дея таъкидлайди Ни.
Юрист Қозоғистон аллақачон йирик шамол ва қуёш электр станцияларини қуриш бўйича қатор шартномалар имзолаганини қайд этади. «Улар ҳозирги ва келажакдаги [аҳолининг] барча эҳтиёжларини қондира олади», — дея ҳикоя қилади «АЭС керек емес» гуруҳи аъзоси.
Ҳибслар, жарималар ва «атом тарғиботи»
Референдум арафасида Қозоғистоннинг бир неча областида 20 нафар активист ҳибсга олинди. Хусусан, Алматида АЭС қурилишига қарши чиққан 12 нафар фаол фуқаро ушланган. Улардан олти нафари ҳудудни тарк этмаслик бўйича тилхати олинган ҳолда қўйиб юборилган, қолган активистлар ҳибсда қолмоқда. АЭСга қаршиларга оммавий тартибсизликлар уюштиришга чақириш бўйича модда қўлланмоқда.
Ҳибсга олинганларнинг адвокати Галим Нурпеисовнинг айтишича, активистлар атом электр станциясига қарши йиғилиш ўтказиб, референдумдаги мустақил кузатувчиларни тайинлаш каби масалаларни муҳокама қилмоқчи бўлганди.
Бундан ташқари, Қозоғистон расмийлари жамоатчилик ўртасида ўтказилган сўровларни кузатган ва ҳатто АЭС тўғрисида интервю берганларни жаримага тортган. Хусусан, «Уралская неделя» газетаси бош муҳарри Тамара Еслямова кўчада АЭС қурилиши мавзусида ўтказган интервю учун 110 минг тенге (229 доллар) миқдорида жаримага тортилган. Суд журналист «ноқонуний сўров» ўтказган деб топган.
Бошқа томондан, «Власть» мустақил нашри ижтимоий тармоқларда, шунингдек давлат ва хусусий нашрларда «атом пропагандаси» қандай амалга оширилганини ошкор этган. Журналистлар қайд этишича, бу ҳолатларда АЭС қурилиши мавзуси бир томонлама ёритилган — фақат атом энергияси тарафдорларидан иқтибослар келтирилган. Блогерлар ҳам шу мазмундаги постларни эълон қилишган.
Шунингдек, «Власть»нинг қайд этишича, ижтимоий тармоқларда «Қозоғистоннинг инқирозли келажаги» ҳақида профессионал даражада тасвирга олинган ва монтаж қилинган роликлар тарқатилган. Масалан, видеороликлардан бирида мактаб ўқувчилари дарсда шам ёқилган синфхонада устки кийимларини ечмаган ҳолда ўтиришади, бу вақтда эса ўқувчилардан бири иситиш мосламаси ишлаб туриши учун велосипед педалини айлантиради.
Минтақанинг бошқа давлатларида ҳам АЭС бўладими?
Май ойи охирида, РФ президенти Владимир Путиннинг ташрифи доирасида Ўзбекистон Россия билан кам қувватли атом электр станцияси қурилиши бўйича шартнома тузилганди. Кичик АЭС қурилиши бўйича ишлар шу йил ёзидаёқ — Жиззах вилоятининг Тузкон кўлида бошланиши айтилган.
Ўзбекистон Атом энергияси агентлиги режасига кўра, кичик АЭСнинг биринчи реактори қувватини ишга тушириш 5 йилдан кейин амалга оширилади. Ҳар бир кейинги реактор олти ой ичида ишга туширилади. Ҳар бирининг қуввати 55 МВт бўлга олтита реакторли кичик АЭСнинг тўлиқ ишга туширилиши 2032 йил ёки ундан кейинга режа қилинган. «Росатом» давлат корпорацияси — ушбу АЭС қурилишидаги асосий пудратчи.
Сентябр ойи бошида россияликлар корпорацияси Қирғизистонга ҳам олти реакторли кичик атом электр станцияси қуришни таклиф этгани маълум бўлганди. Ҳозирча мамлакат ҳукумати ва «Росатом» ўртасида расмий келишув тузилмаган. Аммо Қирғизистон энергетика вазири Таалайбек Ибраевнинг сўзларига кўра, мутахассислар аллақачон кичик АЭС қурилиши учун участка танлашни бошлаган.
Мавзуга оид
12:47
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
12:33 / 21.11.2024
Қозоғистон ҳолдинги Ўзбекистондан 169 нафар мутахассисни иш билан таъминлайди
16:29 / 19.11.2024
Қозоғистонда магистрал йўлда ўртача тезликни оширганлар жаримага тортилади
20:59 / 18.11.2024