Жамият | 18:40
876
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда икки ҳафта мобайнида қарийб 30 кг гиёҳванд воситалар ва психотроп моддалар ушланди 

Ҳолат юзасидан 260 дан ошиқ жиноят ишлари қўзғатилган. 

Фото: Тошкент шаҳри ИИББ

Тошкент шаҳрида икки ҳафтада турли шахслардан кўп миқдорда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп ҳамда кучли таъсир қилувчи дорилар олинган. Бу ҳақда шаҳар ИИББ ахборот хизмати хабар бермоқда

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳрида 2024 йилнинг 20 сентябр кунидан 20 октябр кунига қадар гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш ойлиги ўтказилмоқда. 

Ойлик доирасида ўтказилган тадбирларда турли шахслардан 29 кг 486 гр гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар, 8 547 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари тегишли тартибда расмийлаштирилиб олинган. 

Шунингдек, 94 та гиёҳвандлик моддалари ва кучли таъсир қилувчи дори-воситаларини яшириш йўли билан тарқатиш ҳолатлари аниқланган. 

Қайд этилишича, бу турдаги жиноятлар юзасидан 260 тадан зиёд жиноят ишлари қўзғатилган. 

“Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва пойтахтимиз меҳмонлари! Сиз ҳам ушбу ойлик доирасида фаол иштирок этишингизни сўраймиз. Гиёҳвандлик моддалари ёки кучли таъсир қилувчи дори воситаларини тарқатиш билан шуғулланувчилар, шунингдек, наркограффити ёзувларини ёзиб кетувчи шахслар ҳақида бирор маълумотга эга бўлсангиз, ҳудудий профилактика инспекторига, яқин орадаги ИИБга, https://t.me/stopnarko_bot Telegram боти ёки @murojaat_narko2024 Telegram аккаунти орқали мурожаат қилишингиз мумкин”, дейилади хабарда.

Мавзуга оид