7 октябр. Исроил ва Ҳамас уруши хронологияси
Бир йил муқаддам фаластинликларнинг Ҳамас ҳаракати Исроил жанубига ҳужум қилиш орқали Яқин Шарқда сўнгги эллик йилликдаги энг йирик қуролли можарони бошлаб берганди. Бунинг оқибатида ҳалок бўлганлар сони ўн минглабни ташкил этади ва бир йил ўтиб ҳарбий ҳаракатлар Ливанга ҳам ёйилганида вазият кенг кўламли минтақавий уруш ёқасида турибди. Қуйидаги фотожамланмада — ушбу можаронинг ўтган ўн икки ойидаги энг муҳим паллалар акс этган.
2023 йил 7 октябр куни тонг отишидан олдинроқ Ғазо секторидан Исроил жанубидаги шаҳарлар бўйлаб ноодатий даражада кўп — минглаб ракеталар учирилади. Аммо бунинг ортидан мисли кўрилмаган воқеалар ҳам содир бўлади: Ҳамаснинг минглаб жангчилари Фаластин ва Исроил ҳудудлари ўртасидаги тўсиқларни бузиб ўтиб, чегарага яқин жойлашган аҳоли яшаш манзилларига ёпирилади.
Ҳужум қилганларнинг йўлидаги энг биринчи ва нисбатан осон нишонлардан бири исроилликлар байрами муносабати билан чегарага бир неча километрлик ҳудудда ташкил этилган Supernova фестивали бўлади. Қуйидаги фотоларда — фестивал тураргоҳининг ҳужумдан кейинги кўриниши келтирилган.
Қуролланган фаластинликлар исроилликлар яшайдиган қишлоқлар — кибуцаларга ҳам бостириб кирган. Шунингдек, мамлакат жанубидаги икки шаҳар — Сдерот ва Офаким ҳужумга учраган. Махсус бошпаналарга яширинишга улгурмаганлар илк қурбонларга айланган. Кейин эса ҳужум қилувчилар бошпаналарни ҳам очиб киришган ёки уйларга ўт қўйишган. Чегара яқинидаги қишлоқларда қирғин бир неча соат давом этган.
Чегарага етиб келган Исроил армиясининг Ҳамас жангчилари билан қуролли тўқнашувлари қарийб икки кун давом этган, Исроилдаги фожиа кўламига тезда баҳо бериб бўлмаган. Юзлаб киши ўлдирилганидан ташқари фаластинликлар 253 кишини гаровга олиб кетиб, Ғазо сектори ичарисига олиб кетганди.
Қурбонлар сонини ҳисоблаш бир неча ҳафта давом этади, қурбонларнинг шахсига аниқлик киритиш жараёни ойларга чўзилади. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида 1200 га яқин исроиллик ҳалок бўлган, шундан учдан икки қисми тинч аҳоли вакиллари эди.
7 октябр куниёқ Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу рўй берган ҳодисани «уруш очилиши» деб баҳолайди. Ғазо бўйлаб артиллерия ва авиациядан шиддатли зарбалар берилиши бошланади. Нетаняҳу Ғазо секторида қуруқлик амалиётига тайёргарлик эълон қилади. Ҳамас ҳарбий тузилмаларини йўқ қилиш ва гаровдагиларни озод этиш амалиётнинг асосий мақсадлари сифатида белгилаб олинади.
Исроилнинг Ғазо бўйлаб илк зарбалариёқ улкан вайронгарчиликлар ва тинч аҳоли орасида кўплаб қурбонларга олиб келади. Исроил армияси Ғазодаги шаҳарлар аҳолиси зудлик билан уйларини тарк этиб, анклав жанубига кетиши кераклигини маълум қилади. Кейинроқ бундай кўчиришлар яна бир неча бор рўй беради — исроилликлар Фаластин ҳудудининг у ёки бу қисмидаги Ҳамас отрядлари ва инфратузилмаларини йўқ қилишга киришишидан олдин.
27 октябр куни Исроил Ғазода кенг миқёсли қуруқлик амалиётини ҳам бошлайди. Бу Яқин Шарқда сўнгги 50 йилликдаги энг йирик ҳарбий можарога айланади ва 1940-йиллар охирида бошланган араб-исроил тўқнашувлари давридаги фаластинликлар орасида энг кўп қурбонларга сабаб бўлади.
Ҳамаснинг Исроилга ҳужумидан буён ўтган бир йил мобайнида гаровдагилар тақдири Мамлакат ичкарисида энг кўп муҳокамалар мавзуси бўлиб қолмоқда. Уларни қўллаб-қувватлаб, нафақат Исроилнинг ўзида, балки бутун дунё бўйлаб оммавий акциялар ўтказилган. Исроил ҳукуматидан бу одамларни қутқариш учун барча имкониятларни ишга солиш талаб қилинган. Уруш даврида гаровдаги одамларни Ҳамасга ён бермасдан ва Ғазо секторидаги қуролли ҳужумни давом эттирган ҳолда қутқариш мумкинми, деган савол тобора кўпроқ кўтарилади.
Босқинга қадар миллионга яқин киши яшаган Ғазодан эвакуация тартибсиз ва Исроил армиясининг тўхтовсиз зарбалари остида кечади. Фаластин ҳудудининг Миср билан тутушган жанубий чегараси ёпилганди, Ғазо секторини фақат хорижий давлат паспортига эга бўлган шахслар тарк эта оларди. Жанубда анклавга таъминот етказиб бериладиган ягона нуқта қолдирилади. Исроил Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамларини атайлаб чеклашда айбланади. Исроил ҳукумати бунда БМТни айблаб, ташкилот Ғазога озиқ-овқат ва ичимлик сув етказиб беришни тўғри йўлга қўя олмаганини билдиради.
Исроилнинг 7 октябр кунги ҳужумга жавобан бошлаган ҳарбий амалиётининг илк кунларидан буён Ғазо секторидаги тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сонини ким ва қандай ҳисоблаши ҳақидаги савол Исроилга хайрихоҳ ва қарши бўлган томонлар ўртасида муҳокама мавзуси бўлиб келади. Қурбонлар тўғрисидаги маълумотларни Ғазо секторидаги соғлиқни сақлаш вазирлиги эълон қилади. Август ойи ўрталарида БМТ мазкур маълумотлардан фойдаланган ҳолда можаронинг 10 ойи давомида тинч аҳоли вакилларидан 40 минг киши ҳалок бўлганини эълон қилганди. Исроил бу рақамларни қабул қилмайди ва вазирлик тўлиғича Ҳамасга бўйсуниши ҳамда унга ишониб бўлмаслигини айтади. Ноябр ойида BBC Фаластин тузилмалари томонидан тақдим этилган қурбонлар рўйхатидаги маълумотларни текширишга қарор қилди, ўрганишлар эса ҳеч қандай бузилишлар йўқлигини кўрсатган.
21 ноябр куни, Ғазодаги қуруқлик амалиёти бошланганидан бир ярим ой вақт ўтиб Исроил ҳамда Ҳамас сулҳ эълон қилади. Унинг асосий натижаси 7 октябр куни гаровга олинган исроилликларнинг қарийб ярми 250 нафар фаластинлик маҳбусга алмаштирилиши бўлади — Исроил қамоқхоналарида ушлаб турилган аёллар ва болалар қайтарилади. Ғазо аҳолиси ўз уйларини тарк этиб, анклав жанубига кўчишда давом этади.
Гаровдагиларнинг бир қисми қайтарилиши Исроилда олқишлар билан қарши олинади. Аҳоли озод этилганлар карвони аввалига Ғазо секторидан Мисрга ўтиши ва кейин Исроилга келишини жонли эфирда кузатиб боради. Қуйидаги суратда озод этилганларнинг бир қанчасини Тел-Авив чеккасидаги тиббиёт марказига олиб келган вертолётни кутиб олаётган ёшлар ташкилоти аъзолари акс этган.
1 декабр куни оташкесим муддати тугайди ва Исроил ҳарбий ҳаракатларини анклавнинг бутун ҳудуди бўйлаб амалга ошира бошлайди. Бир неча кун ўтиб Ғазонинг шимоли ва марказидаги шаҳарлардан қочиб кетган юз минглаб кишилар бошпана қилган жанубдаги Хон Юнус шаҳрини ўққа тутиш бошланади. 2024 йил сентябр ойи охирида БМТ сунъий йўлдош орқали олинган маълумотларга таяниб, Ғазо секторидаги барча биноларнинг 66 фоиз қисми шикастлангани ҳақида маълум қилди. Шундан учдан бир қисми — бутунлай яксон этилган.
Қиш бошланганида бунгача Бинямин Нетаняҳуни қўллаб турган Қўшма Штатлар раҳбарияти ҳам Исроилнинг уруш олиб бориш усулларини танқид қила бошлайди. Президент Жо Байден исроиллик ҳарбийлар Ғазо секторидаги шаҳарларни «нишон ажратмасдан бомбардимон» қилишда айблаб, Исроилни тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўришга чақиради. Исроил ҳукумати эса Ҳамас отрядлари ва инфратузилмалари бўйлаб зарбалар аниқ бориши учун ҳаракат қилаётганини, аммо Ҳамас объектлари аҳоли яшаш ҳудудларига жойлаштирилгани тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлишидан қочиб бўлмаслигига сабаб бўлишини билдиради.
Январ бошида Исроил армияси Ғазо сектори шимолида Ҳамас бошқарув тузилмасини «демонтаж қилиш якунлангани» ҳақида маълум қилади. Шундан буён ҳарбийлар фаластинлик ўнлаб қўмондонлар ва уларнинг минглаб жангчилари ҳалок бўлганини хабар қилган.
Ҳамаснинг жанговар қобилиятига етказилган зарар доимийми? Мустақил таҳлилчилар бу борада эҳтиёткорлик билан гапиришади. Ва ҳатто исроиллик ҳарбийлар ҳам Ҳамаснинг 24 баталёнидан айримлари ҳамон жанговар қобилиятини сақлаб қолганини тан олишади. Булар асосан исроиллик маҳбусларни ушлаб турган бирликлардир.
Ғазодаги амалиётлар якунида исроиллик ҳарбийлар журналистларга жами узунлиги юзлаб километрларда ўлчанадиган туннеллар тизимини намойиш этган, бу ерости йўллари Ҳамас жангчиларига шаҳардаги объектлар оралаб ҳаракатланиш имконини берган. Туннеллар шифохоналар ва ҳатто БМТ муассасалари остидан ўтган. Исроил мудофаа армияси Ғазо шаҳарларидаги шифохоналарга ўз аскарлари киришини душманнинг гўёки фуқаролик объектлари остига қурилган қўмондонлик пунктларини бартараф этиш зарурати билан изоҳлаган.
Исроил ва Ҳамас ўртасидаги музокаралар тўғрисида доимий равишда хабарлар чиқиб туради, аммо навбатдаги сулҳ бўйича келишишнинг имкони бўлмади. БМТнинг Исроилни ўт очишни тўхтатиш ва сулҳ эълон қилишга кўндириш бўйича уринишлари ҳам натижасиз тугади. Юқоридаги суратда Исроилнинг БМТдаги махсус вакили сулҳ истовчиларга Ҳамас етакчиларига қўнғироқ қилишни маслаҳат қилмоқда, у бу орқали айнан Фаластин томони ён беришни истамаётганига ишора қилган.
Ҳар ҳафтада Ғазодаги тинч аҳоли орасида яна ўнлаб қурбонлар бўлади. Фаластинликлар бир жойда кўп миқдорда ҳалок бўлиши билан боғлиқ энг қонли эпизод 2024 йил 29 февралида рўй беради, ўшанда инсонпарварлик юклари ортилган юк машиналари атрофида камида 118 киши ҳалок бўлиб, яна юзлаб кишилар яраланган. Исроил ҳарбийлари юк машиналар атрофидаги оломонни назорат қилиб бўлмай қолгани ва ҳавога ўқ узилганини маълум қилган. Кейин эса Исроил армияси тўғридан тўғри ўқ узилишидан ҳалок бўлганлар сони 10 нафардан ошмаслиги, улар озиқ-овқатни талон-торож қилмоқчи бўлганини, қолганларнинг ўлимига ваҳима туфайли бошланган тиқилинч сабаб бўлганини айтади. Фаластинликлар эса йиғилган одамлар қасддан ўққа тутилганини маълум қилган.
1 апрел куни Исроил ракеталари Ғазо сектори аҳолисига озиқ-овқат етказиш билан шуғулланувчи World Central Kitchen хайрия ташкилоти автомобиллари гуруҳи устига тушиши оқибатида ташкилотнинг етти нафар ходими ҳалок бўлади. Қурбонлар орасида Буюк Британия, Австралия ва Полшадан келган кўнгиллилар, шунингдек фаластинлик ва Канада-Америка фуқаролигига эга шахс ҳам бор эди. Исроил ҳукумати ҳарбийлар хатога йўл қўйганини тан олиб, текширув ўтказишга ваъда беради. WCK Ғазо секторидаги фаолиятини тўхтатади, аммо апрел ойи охирида фаластинликлар учун озиқ-овқат тарқатиш ишига қайтади.
Шу куни Исроил ракеталари Эроннинг Сурия пойтахти Дамашқ шаҳридаги элчихонаси ёнидаги бинони яксон қилади. Исроил Эрон томонидан Ғазо секторидаги Ҳамас ҳамда Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳлари қўллаб-қувватланиши жавобсиз қолмаслигидан огоҳлантиради. Вайрон бўлган бинода Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг юқори мартабали вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилаётганди. Кейинроқ қурбонлар орасида корпуснинг икки генерали бўлгани маълум қилинади. Улардан бири Эрон кучларининг хориждаги амалиётларини бажарувчи «Қудс кучлари» қўмондони Муҳаммад Зоҳидий эди.
Дамашқда эронлик ҳарбий амалдорлар ўлдирилишига жавобан 13 апрел куни Эрон Исроил бўйлаб ракета зарбалари йўллайди. Юзлаб ракеталар учирилиши эронликлар томонидан байрам қилинади. Аммо бу зарбалар Исроилга жиддий зарар етказа олмайди — ракеталарнинг кўпчилиги Исроил ҳудудига кириб келмасданоқ тўхтатилади. Исроил бир ҳафта ўтиб Эроннинг Исфаҳон шаҳридаги ҳаво ҳужумидан мудофаа объектларига зарба бериш билан жавоб қайтаради.
Ёз ўрталарига келиб Исроилнинг Ғазо секторидаги амалиёти сусая бошлайди. Аммо Исроил ҳукумати танқидчилари Ғазога босқиннинг эълон қилинган мақсадларидан камида биттаси — гаровдагиларни тўлиқ озод этишга эришилмаганига эътибор қаратади. Август ойининг охирги кунида Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳри остидаги туннелда 7 октябр куни гаровга олинган исроилликлардан олти нафарининг жасади топилади. Исроиллик ҳарбийлар асирлар улар топилишидан бироз вақт олдин ўлдирилганини маълум қилади, Ҳамасдагилар уларнинг ўлимига Исроил ҳукумати муросага боришни истамагани сабаб бўлганини айтади.
Бош вазир Нетаняҳу Исроил ўз фуқароларининг ўлимида айбдорлар топилмагунича тинчланмаслигини айтади ва ҳукумат асирликдагиларнинг қолганини ҳам озод этишга имкон берувчи келишув устида иш олиб бораётганини билдиради. Бу сўзлар гаровдагиларнинг қариндошларини хотиржам қила олмайди ва улар сулҳ ва гаровдагиларни озод этиш бўйича келишув тузиш, шунингдек, янги сайловлар ўтказиш талаби билан оммавий намойишлар ўтказишади.
Сентябр ойига келиб асосий кескинлик Исроилнинг Ливан билан шимолдаги чегараларига кўчади. Исроил расмийлари амалда Ливандаги хавфсизлик тизимини ўз назоратига олган «Ҳизбуллоҳ» ҳаракатидан бўлаётган таҳдид Ҳамас таҳдидидан каттароқ деб ҳисоблайди. «Ҳизбуллоҳ» 7 октябр воқеаларидан кўп ўтмай Ҳамас билан бирдамлигини изҳор қилиб, Исроилнинг шимолий ҳудудларини ўққа тутишга киришган ва расмийлар чегара яқинидаги ўнлаб аҳоли яшаш манзилларидан фуқароларини мамлакат ичкарисига кўчиришга мажбур бўлганди.
17 сентябр куни бутун Ливан бўйлаб «Ҳизбуллоҳ» аъзолари фойдаланадиган пейжерлар портлашни бошлайди, гуруҳнинг минглаб аъзолари яраланади, ўндан ортиқ киши ҳалок бўлади. Кейинги куни «Ҳизбуллоҳ»нинг рация воситалари ҳам портлаб кетади ва ярадорлар ҳамда қурбонлар такрорланади. Қуйидаги суратда — Ливан армияси аскари Байрутда йўлни навбатдаги ярадорни олиб келаётган «Тез ёрдам» машинаси учун очмоқда.
Исроил «Ҳизбуллоҳ» аъзоларига овни давом эттиради. Пейжерлар портлаши операциясидан уч кун ўтиб Байрутда ракета зарбаси билан ҳаракатнинг икки нафар юқори мартабали қўмондони йўқ қилинади. 30 сентябр куни эса Ливан пойтахти жанубидаги бункер устига кучли бомбалар ташланиши оқибатида «Ҳизбуллоҳ»нинг шу ерда йиғилиш ўтказаётган бўлган раҳбари Ҳасан Насруллоҳ ҳам ҳалок бўлади, у ташкилотга 1992 йилдан буён раҳбарлик қилиб келарди. 5 октябр куни эса Ливан шимолига йўлланган ракета зарбаси оқибатида Ҳамаснинг яна икки нафар юқори мартабали ҳарбий бошлиғи ўлдирилади.
«Ҳизбуллоҳ» раҳбарлари йўқ қилиниши гуруҳни ўнлаб йиллар мобайнида молиялаштирган ва қурол-яроғ билан таъминлаб келган Эроннинг позицияларига яна бир кучли зарба бўлади. Теҳрондаги расмийлар исроилликларнинг ҳаракат раҳбарларига уюштираётган ови оқибатсиз қолмаслигини маълум қилади.
Икки кун ўтиб Эрон яна бир марта Исроил бўйлаб ракета зарбалари йўллайди. Суратда — Қуддус осмонида ракетадан қолган излар акс этган. Бу сафар ракеталар апрелдагидан кўпроқ эди. Аммо уларнинг ҳам кўпчилиги уриб туширилган ва Исроилга жиддий зарар етказмаган. Ракета ҳужумидан жиддий йўқотишларга учрамаганини айтганига қарамай, Исроил ҳукумати Эрон бўйлаб жавоб зарбаси йўллашга ваъда беради.
Исроил ҳукумати тинчлик бўйича чақириқларни эътиборсиз қолдирмоқда. Ғазо секторидан кўчириб келинган армия қисмлари Ливан билан чегарадан ўтган ва «Ҳизбуллоҳ»нинг чегара яқинидаги объектлари ва отрядларини йўқ қилишга киришган. Исроил бу амалиёт «чекланган» характерда экани ва унинг вазифаси — «Ҳизбуллоҳ» Исроилнинг шимолий туманларига солаётган хавфни бартараф этиб, БМТнинг 2006 йилги резолюцияси бажарилишига эришиш эканини айтади, бу резолюцияда ҳаракат жангчиларини Ливандаги Литани дарёсидан жанубдаги ҳудудларга жойлаштириш тақиқланган. Бу босқин қанчалик қисқа муддатли ва чекланган бўлиши ҳозирча тушунарсиз ва Ҳамаснинг Исроилга ҳужумининг бир йиллигида ҳам Яқин Шарқдаги кенг кўламли ва узоқ муддатли уруш хавфи сақланиб қолмоқда.
Мавзуга оид
17:37
Халқаро жиноий суд Нетаняҳу ва Исроил собиқ мудофаа вазирини ҳибсга олишга ордер берди
10:31
АҚШ Сенати Исроилга қурол етказиб беришни блоклашни рад этди
23:12 / 19.11.2024
Исроилнинг кейинги нишони Туркиями?
19:01 / 19.11.2024