Иниеста футболчилик фаолиятини якунлаганини эълон қилди
Испания миллий жамоаси ҳамда «Барселона» собиқ ўйинчиси Андрес Иниеста профессионал фаолиятини якунлагани ҳақида маълум қилди.
Испаниялик 40 ёшли яримҳимоячининг сўнгги клуби БААнинг «Эмирейтс» клуби бўлди. Иниеста амирлик жамоасида 23 ўйинда 5 та гол уришга улгурганди.
Андрес 1996 йилдан 2018 йилгача «Барселона» тизимида бўлди. У бу давр ичида Каталониянинг асосий жамоаси сафида жами 674 ўйинда тўп суриб, 57 гол ва 136 та ассистга муаллифлик қилган.
Иниеста «Барса»даги фаолиятидан кейин Европадан Осиёга йўл олиб, Япониянинг «Виссел Кобе» жамоасида 134 ўйинда 26 та голга муаллифлик қилди.
40 ёшли футболчи фаолияти давомида Испания миллий жамоаси сафида икки марта Европа чемпиони бўлиш билан бирга 2010 йилда жаҳон чемпионлигини ҳам қўлга киритган. «Барса» сафида эса 4 карра ЕЧЛ ғолиби, 9 марта Ла Лига чемпиони, 3 карра клублар ўртасида ЖЧ ғолиблигини қўлга киритган.