Жамият | 12:19 / 07.10.2024
3555
2 дақиқада ўқилади

Наманганда ўзганинг фотосуратларини интернетда тарқатишини айтиб пул талаб қилган шахс ушланди

Гумондор жабрланувчининг Telegram аккаунтига иккинчи фойдаланувчи сифатида қўшилиб олиб, унинг расмларини тарқатмаслик эвазига пул сўраган.

Наманган вилоятида ўзганинг фотосуратларини интернетда тарқатишини айтиб фуқародан пул талаб қилган шахс ушланган. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Андижон вилоятида яшовчи Ж.Д. ИИБга мурожаат қилиб, ўзининг бошқаларга кўрсатиб бўлмайдиган расмларини Telegram’да тарқатиб юбормаслик эвазига номаълум шахс 17 млн сўм талаб қилаётганини маълум қилган.

Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Наманган вилоятида яшовчи Р.О. содир этгани аниқланган.

Гумонланувчи Р.О., жабрланувчи Ж.Д. томонидан аввал фойдаланилган ва ҳозирда Тelegram мессенжери фаол бўлган телефон рақамини сотиб олган.

Сўнг жабрланувчининг Тelegram аккаунтига яширин тарзда иккинчи фойдаланувчи сифатида уланиб, 17 млн сўм бермаса аккаунтдаги расмларини тарқатиб юбориш билан қўрқитган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Р.О.га нисбатан Жиноят кодекснинг 165-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.  

Мавзуга оид