Apple ақлли соатлари касалликни бир неча кун олдиндан прогноз қила олиши маълум бўлди
Apple Watch фойдаланувчиларининг айтишича, улардаги ақлли соатлар бирор касаллик яқинлашаётгани ҳақида ҳатто унинг илк аломатлари сезилишидан бир неча кун аввалроқ огоҳлантиради.
Хусусан, Reddit фойдаланувчилари касалликка чалинишидан 3 кун олдин соати соғлиғидаги ўзгаришлар ҳақида огоҳлантириш берганини ёзди.
Бундай функция Vitals (“Асосий кўрсаткичлар”) дастури ёрдамида ишлайди. Ушбу янги дастур 2024 йил сентябр ойида watchOS 11 тизими билан бирга Apple Watch Series 8 ва ундан кейинги русумли соатларда пайдо бўлди. Дастур уйқу вақтида ишлаб, соғлиқ ҳақидаги маълумотларни тўплайди. “Асосий кўрсаткичлар” уйқунинг миқдори ва сифати, юрак уриши, нафас олиш тезлиги, билак ҳарорати, қондаги кислород миқдори ва бошқа кўрсаткичларни ҳисобга олади. Шу тариқа фойдаланувчи ўзининг умумий ҳолати ва кайфиятини кузатиш имкониятига эга бўлади. Дастурда ўлчовлар меъёр доирасида бўлса, кўк ранг, ноодатий бўлса, пушти ранг билан белгиланади.
“Vitals функцияси бета-версияда пайдо бўлиши биланоқ ундан фойдаланишни бошлаганман ва ўшандан бери икки марта бетоб бўлдим. Ҳар икки ҳолатда ҳам касаллик бошланишидан бир неча кун олдин бунинг хабарини олдим, аммо ўша пайтда ўзимни ёмон ҳис қилмаётган эдим”, — дейди Reddit фойдаланувчиларидан бири.
Бошқа бир фойдаланувчи эса гриппга қарши эмлангандан сўнг Vitals тизими ўзгаришларни қайд этганини айтди. Эртаси куни эрталаб соат унинг билак ҳарорати, юрак уриши тезлиги ва нафас олиш частотасида аномалияларни аниқлаган.
“Гриппга қарши эмланганимдан сўнг соатим 100 фоиз соғлом эмаслигимни аниқлади. Ростдан ҳам ўзимни ёмон ҳис қилаётгандим. Очиғи, бу жуда ажабланарли”, — деб изоҳ берди Apple Watch эгаси.
Vitals маълумотларини Apple Watch соатида ёки iPhone’даги “Саломатлик” дастурининг шу номдаги бўлимида кўриш мумкин. Apple компанияси таъкидлашича, Vitals жуда кўп маълумотларни тўпласа-да, у касалликларга ташхис қўйишга мўлжалланмаган.
Мавзуга оид
15:25 / 21.11.2024
Ҳатто спорт ёрдам бермаслиги мумкин: узоқ вақт ўтириш юрак касалликлари хавфини ошириши аниқланди
17:32 / 18.11.2024
Олимлар уйқу сифатини оширувчи формулани таклиф қилди
16:48 / 16.11.2024
Хитойда аёл бир суткада олти марта пластик операция қилинганидан сўнг вафот этди
15:46 / 14.11.2024