Жаҳон | 09:00 / 08.10.2024
2097
3 дақиқада ўқилади

Гуржистон парламенти президентга импичмент жараёнини қайта бошлайди

Мамлакатнинг ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси Гуржистон президенти Саломе Зурабишвилига қарши импичмент жараёнини қайта бошлайди, деди парламент спикери Шалва Папуашвили. Президентнинг ваколатлари 26 октябрдан кейин тугайди.

Фото: Sean Gallup / Getty Images

Кремлпараст сиёсатчи Бидзина Иванишвилининг ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси президент Саломе Зурабишвилига қарши импичмент жараёнини қайта бошлади. «Парламент кўпчилик Саломе Зурабишвилига қарши импичмент жараёнини қайта бошлаш ва парламентнинг янги чақириғининг дастлабки йиғилишларида камида 100 овоз билан уни лавозимидан четлаштиришга қарор қилди», — деди «Гуржистон орзуси» сиёсий кенгаши аъзоси ва парламент раиси Шалва Папуашвили партия офисида бўлиб ўтган брифингда. Бу ҳақда 7 октябр, душанба куни бир қанча Гуржистон оммавий ахборот воситалари хабар берди.

Партия қарори Зурабишвилининг Париж, Брюссел, Берлин ва Варшавага ташрифи, у ерда Европа кенгаши президенти Шарл Мишел, Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен ҳамда Полша, Германия ва Франция президентлари Анжей Дуда, Франк Валтер Штайнмайер ва Эммануэл Макрон билан учрашувлар ўтказгани билан боғлиқ. Папуашвилининг баёнотига кўра, 2023 йил 16 октябрда мамлакат Конституциявий суди Гуржистон Конституциясининг 52-моддасига кўра, президент фақат ҳукумат розилиги билан хорижий ташрифлар қилиш ҳуқуқига эга эканлигини эълон қилган, бироқ унга кўра, Зурабишвили бундай розиликни олмаган.

Зурабишвили ва ҳукмрон партия ўртасидаги келишмовчиликлар

Саломе Зурабишвили 2018 йилнинг ноябрида бўлиб ўтган президентлик сайловларида ғалаба қозонган эди. Расмий равишда у мустақил номзод сифатида кўрсатилган, аммо уни «Гуржистон орзуси» қўллаб-қувватлаган. Кейинчалик, давлат раҳбари ва сиёсий куч ўртасидаги муносабатлар Россиянинг Украинага қарши уруши ва Москва билан муносабатлардаги келишмовчиликлар фонида ёмонлаша бошлади.

Гуржистон Украина ва Молдова билан деярли бир вақтда Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун ариза топширган. 2022 йил июн ойида Украина ва Молдова ЕИ аъзолигига номзод бўлди, бироқ Гуржистон бу мақомни олмади. Брюссел уни «қолган устуворликлар ҳал этилиши биланоқ» Гуржистонга тақдим этишга ваъда берди.

Мавзуга оид