Исроил Ливан жанубидаги қуруқлик амалиётини кенгайтирди
ЦАҲАЛ «Ҳизбуллоҳ»нинг Эрон қуроллари учун масъул қўмондони ўлдирилганини маълум қилди.
Исроил мудофаа армияси Жанубий Ливаннинг ғарбий қисмида ҳам «Ҳизбуллоҳ»га қарши чекланган амалиёт бошлангани ҳақида эълон қилди.
ЦАҲАЛнинг ушбу гуруҳга қарши қуруқлик амалиёти 30 сентябр куни бошланган ва ҳарбий ҳаракатлар асосан Ливан-Исроил чегарасининг шарқий қисмида кечаётганди.
Исроиллик ҳарбийлар Ливаннинг жанубий ҳудудларидаги жанговар амалиётларда захирадаги дивизия иштирок этаётгани ҳақида ҳам илк бор хабар берган. Ушбу тузилма қўшни давлат ҳудудига олдинроқ кирган бошқа дивизияларга қўшилган.
Шунингдек, ЦАҲАЛ Байрут ҳудудига 7 октябр куни йўлланган зарбалар натижасида «Ҳизбуллоҳ» қўмондонларидан бири Суҳайл Ҳусайн Ҳусайний ўлдирилганини маълум қилган.
Исроил мудофаа армияси ҳисоблашича, Ҳусайний «Ҳизбуллоҳ» учун Эрондан қуроллар олиб келинишида муҳим рол ўйнаган. ЦАҲАЛнинг тасдиқлашича, Ҳусайний «Эрон ва „Ҳизбуллоҳ“ ўртасидаги ҳарбий техникаларни топшириш бўйича келишувда иштирок этган ва „Ҳизбуллоҳ“нинг турли бўлинмаларига контрабанда йўли билан олиб келинган ҳарбий жиҳозларни тарқатиш учун масъул бўлган».
«Ҳизбуллоҳ»нинг ўзи ҳозирча унинг ўлимини тасдиқламади.
Бир кун олдин Ливан нашрлари Байрутнинг жанубий чеккалари бўйлаб камида 10 бор авиазарба йўлланганини маълум қилганди — Даҳия номини олган мазкур ҳудуд «Ҳизбуллоҳ»нинг таянчи саналади.
Исроил шимолида тун бўйи ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг ракета ҳужуми хавфи тўғрисидаги сиреналари чалиниб турди, бир қанча шаҳарларда ҳарбий ҳудудлар ёпилгани эълон қилинди.
«Ҳизбуллоҳ» тунда Исроил шимолидаги Дишон ва Далтонда артиллерия позицияларини ўққа тутганини маълум қилган. Шунингдек, гуруҳ мамлакат шимолида, Ливан чегараси яқинидаги Йирон кибуцида «душманнинг тўпланиб турган кучлари» устига ракета зарбаси берганини билдирган.
Аввалроқ гуруҳ Тел-Авив шаҳри чеккаларига ракета зарбаси йўллангани ҳақида хабар қилганди, Исроил ҳукумати эса душанба куни кечқурун «Ҳизбуллоҳ» 190 та ракета учирганини маълум қилган.
Исроил Ливанда «Ҳизбуллоҳ»нинг таянч пунктлари бўйлаб фаоллик билан зарба бера бошлаган 23 сентябрдан буён 1400 дан ортиқ киши ҳалок бўлган.
Хабар қилишларича, Ливанда 1,2 млн киши ўз яшаш жойларини тарк этишга мажбур бўлган, шундан 400 мингга яқини мамлакат ҳудудини тарк этиб, қўшни Сурияга ўтган (уларнинг 300 мингга яқини Сурия фуқароларидир).
Исроил ҳукумати Ливандаги амалиёт мамлакат шимолидаги ҳудудлар хавфсизлигини таъминлашга қаратилганини маълум қилган, бу ҳудудлар Ғазодаги уруш бошланганидан кейин «Ҳизбуллоҳ» томонидан мунтазам равишда ўққа тутиб келинади.
Отишмалар туфайли 60 мингдан 110 минггача бўлган исроиллик ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.
Мавзуга оид
19:07 / 28.11.2024
“Исроилнинг шартлари асосидаги сулҳ” — экспертлар Ливандаги оташкесим ҳақида
15:25 / 27.11.2024
«Тинч аҳоли уйини бомбалаш ғалаба дейилмайди» – оятуллоҳ Нетаняҳуни қатл этишга чақирди
07:31 / 27.11.2024
Исроил ва «Ҳизбуллоҳ» ўт очишни тўхтатишга келишиб олди
21:41 / 26.11.2024