Шимолий Корея Россияни қўллаш учун Украинага ҳарбийларини юбориши мумкин
Жанубий Корея расмийларига кўра, Путин ва Ким Чен Ин имзолаган мудофаага доир келишувда шундай банд мавжуд ва бу ҳарбий ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг сўнгги белгиси. Украина дезинформацияга қарши кураш маркази раҳбари КХДР ҳарбийлари аллақачон фронт чизиғига етиб келганини билдирди.
Шимолий Корея Россияни қўллаб-қувватлаш учун ўзининг мунтазам қуролли кучларини Украина билан уруш ҳудудларига юбориши мумкин. Бу расмий Пхенян ва Москва ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг сўнгги белгиси, деган 8 октябр куни Жанубий Корея мудофаа вазири Ким Йонг Ҳюн.
“Биз турли вазиятларни ҳисобга олган ҳолда Украинада Шимолий Корея зобитлари ва аскарлари орасида қурбонлар бўлиши эҳтимоли юқори эканини баҳолаймиз. Шимолий Корея Россиянинг уруш ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун кўпроқ пиёда аскарларини юбориши кутилмоқда”, — деган вазир.
Жанублик амалдорга кўра бу – Ким Чен Ин ва Владимир Путин томонидан жорий йил июн ойидаги саммит музокараларида имзоланган ўзаро мудофаага доир келишувда таъкидланган.
“Россия ва Шимолий Корея ҳарбий иттифоққа ўхшаш ўзаро шартномани имзолагани сабабли, бундай жойлаштириш эҳтимоли катта”, дея мудофаа вазири Ким Йонг Хюннинг сўзларини келтирмоқда Yonhap агентлиги.
Украина матбуоти 3 октябр куни Донецк яқинидаги Россия томонидан босиб олинган ҳудудга ракета ҳужуми оқибатида Шимолий Кореянинг олти ҳарбий зобити ҳалок бўлганини хабар қилган эди. Жанубий Корея мудофаа вазири Ким Ёнг Хюн сешанба кунги чиқишида бу хабарнинг ҳақиқатлиги “эҳтимоли юқори” эканини айтди.
Жанубий Корея мудофаа вазирининг баёнотидан кейин Украина дезинформацияга қарши кураш маркази раҳбари Андрей Коваленко КХДР аллақачон ҳарбийларни юборгани ҳақида маълум қилди.
“Аллақачон юборган. Чекланган миқдордаги КХДР ҳарбийлари, асосан муҳандислар, Россия армияси томонидан Пхенян қуролларининг сифати ва ишлатилишини назорат қилмоқда. Уларнинг баъзилари аллақачон вафот этган. Ўқ-дорилар ва KN23 баллистик ракеталарининг ўзи асосан сифатсиз…” – деган Коваленко.
Таҳлилчилар Украина ҳам, Россия ҳам ўз армияси сафларида чет эллик жангчиларни ёллаши ҳақида айтиб келади. Бундан ташқари, Жанубий Корея ҳам Пхенян Украинада фойдаланиш учун Россияга минглаб контейнер қурол жўнатганини даъво қилмоқда.