Фан-техника | 17:00 / 09.10.2024
3764
3 дақиқада ўқилади

АҚШ ҳукумати Google'ни парчалашни талаб қилиши мумкин

АҚШ Адлия вазирлиги Google'ни қидирув тизимлари бозорида ноқонуний монополия ўрнатганликда айбламоқда. Йирик компанияни бир нечта бўлакларга бўлиш, Chrome браузери ва Android операцион тизими каби дастурий маҳсулотларда Google қидирув тизимининг бирламчи бўлишини тақиқлаш ва бошқа чоралар кўриб чиқилмоқда.

Фото: Kun.uz

Google'га ўзининг айрим қисмларини сотиш мажбурияти юклатилиши мумкин. АҚШ Адлия вазирлиги бу борада федерал судяга илтимоснома киритиш масаласини кўриб чиқмоқда. Агар бу амалга ошса, дунё энг йирик технологик компаниялардан бирининг тарихий бўлинишига гувоҳ бўлади, деб ёзмоқда Bloomberg.

Монополияга қарши орган бу билан Alphabet Inc. компаниясининг онлайн қидирув тизимлари орасидаги устун мавқейини чеклашни мақсад қилган.

Бундан ташқари, Google'га қидирув натижаларини шакллантиришга асос бўлган маълумотларни ва сунъий интеллект маҳсулотларини очиқлаш мажбуриятини ҳам қўйиш масаласи кўриб чиқиляпти.

Вазирлик изоҳига кўра, бундай мажбуриятларни юклаш – монопол компания томонидан ўз рақобатчилари ёки янги ўйинчиларнинг бозордаги имкониятларини чеклашига олиб келувчи ҳаракатлар бўлишининг олдини олишга ёрдам беради.

Расмийларнинг фикрича, Google ўзига тегишли дастурий маҳсулотлар (Chrome браузери, Play иловалар дўкони, Android операцион тизими ва бошқалар)дан ўз қидирув тизими ва ўзига тегишли бошқа сервисларни оммалаштириш мақсадида фойдаланмаслиги керак.

Монополияга қарши органлар Google ва бошқа йирик технологик компаниялар ўртасида тузилган, смартфонлар ва веб-браузерлардаги бирламчи қидирув тизими сифатида Google белгиланишини кўзда тутувчи шартномаларни Google томонидан ноқонуний равишда монополия ўрнатиш ҳаракатлари деб баҳоламоқда.

Прокурорларнинг ҳозирча лойиҳа шаклидаги талабномасига кўра, интернетдаги веб-сайтларда Google'нинг сунъий интеллект маҳсулотларидан қочиш имконияти бўлиши керак. Компанияга ана шу имкониятни жорий қилиш талаби қўйилиши мумкин.

Бундан ташқари, Google'га бошқа қидирув тизимлари ва потенциал рақибларига инвестиция киритиш чеклаб қўйилиши мумкин. АҚШ Адлия вазирлиги томонидан кўриб чиқилаётган эҳтимолий чоралар рўйхатидан, шунингдек, компанияга реклама билан боғлиқ қўшимча талаблар қўйиш ҳам ўрин олган.

Google вазирликнинг бу ниятларини “радикал” деб атади. Компания баёнотида айтилишича, агар ҳукумат эълон қилинган бу эҳтимолий чораларни қўллашни расман суддан сўраса ва суд сўровни қаноатлантирса, бу “истеъмолчилар ва тадбиркорлик субъектларига, Американинг рақобатбардошлиги учун кўзда тутилмаган жиддий оқибатларни келтириб чиқаради”.

Таҳлилчилар монополияга дохил айбловларга қарамай, ҳозирги нуқтада Google'нинг парчаланиши эҳтимоли жуда камлигини айтмоқда. Компания бу масалада ҳукумат билан йиллар давомида судлашиши мумкин.

Айни пайтда АҚШда Google'га нисбатан монополия айбловлари билан алоҳида даъвогарлар (федерал ҳукумат, штатлар ва компаниялар) томонидан қўзғатилган бир нечта суд ишлари давом этмоқда. Шунингдек, технологик секторнинг бошқа бир нечта йирик вакиллари устидан ҳам ўхшаш айбловлар билан суд жараёнлари кетмоқда.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ прокурорлари бундан 20 йил олдин ноқонуний монополия айбловлари билан Microsoft Corp'га қарши курашган, аммо ўшанда суд компанияни бўлиб юбориш тўғрисида буйруқ чиқаришни рад этганди.

Мавзуга оид