Қишлоқ хўжалиги вазирининг яна бир собиқ ўринбосари коррупционер деб топилди
Қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Азимжон Назаровга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Суд уни бир нечта жиноятни содир қилганликда айбли деб топган. Жиноят иши доирасидаги зарар миқдори 500 минг доллардан ортиқ. Азимжон Назаров охирги вақтларда терговга тортилган ҚХВ тизимидаги учинчи йирик амалдор бўлди.
2017 йилдан кейин инновацион ривожланиш вазири ўринбосари, сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари ва қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган Азимжон Назаров жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳукми билан танишди.
Суд ҳужжатида келтирилишича, Азимжон Назаровнинг жинояти у 2008 йилда ташкил қилиб, 2017 йилгача ягона таъсисчи ва директор сифатида бошқарган “Nazar Business and Technology” МЧЖ билан боғлиқ. Назаров 2017 йил 28 декабр куни инновацион ривожланиш вазири ўринбосари лавозимига тайинлангач, “Nazar Business and Technology” МЧЖ раҳбарлигини гўёки бошқа одамга топшириб, ўзида ягона таъсисчиликни сақлаб қолган.
2015 йил 24 мартдаги президент қарорига асосан, “Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳасини амалга ошириш юзасидан Сув хўжалиги вазирлиги ва Жаҳон банки ўртасида умумий қиймати 376,71 млн АҚШ доллари бўлган қарз битими имзоланган. Сув хўжалиги вазирлиги лойиҳани амалга ошириш, кредит, қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишга масъул этиб белгиланган.
2016 йил 5 август куни Сув хўжалиги вазирлигининг Жаҳон банки лойиҳаларини амалга ошириш гуруҳи ва Азимжон Назаров таъсисчилигидаги “Nazar Business and Technology” МЧЖ ўртасида “Мониторинг ва баҳолаш” ҳамда “Ижтимоий ҳимоя чоралари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга ошириш тўғрисидаги ҳужжатни яратиш” бўйича 2016-2021 йилларда консалтинг хизматларни кўрсатиш юзасидан умумий қиймати 950 320 АҚШ долларига тенг бўлган шартнома имзоланган.
Азимжон Назаров МЧЖдаги ўринбосари ва бош ҳисобчи билан давлат ташқи қарзи ҳисобидан мазкур лойиҳага жалб қилинган маблағларни қонунга хилоф равишда ўзлаштириш юзасидан жиноий режа тузган. Унга асосан, лойиҳага жалб қилинган мутахассислар томонидан ҳақиқатда бажарилмаган иш турларини гўёки бажарилгани ҳақида ёлғон маълумотлар киритилган табел ва ҳисоб-фактуралар тайёрлаш орқали маблағларни ўзлаштиришни йўлга қўйган.
Давлат молиявий назорати инспекцияси ходими томонидан тузилган 2024 йил 7 мартдаги умумий далолатномага кўра, Назаров ва шериклари лойиҳа доирасида шартнома шартларига зид равишда ҳақиқатда бажарилмаган консалтинг хизматларини гўёки бажарилган деб кўрсатиш орқали “Nazar Business and Technology” МЧЖга 17 та ҳолатда жами 562 428 АҚШ доллари пул маблағи ортиқча тўланишига эришган.
Бундан ташқари, ҳукмда келтирилишича, Азимжон Назаров сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган даврида мансабга совуққонлик билан қараши оқибатида насос станцияларини модернизациялашга алоқадор йирик лойиҳанинг қиймати 95,4 млн АҚШ долларига кўпайтирилган, шунингдек, бюджетдан 3,7 млрд сўм пул маблағлар асоссиз сарфланган.
Жиноят иши доирасида 2024 йил 10 январдан 21 майгача қамоқда сақланган Азимжон Назаров судда айбловларга иқрорлик билдирмаган ҳамда умуман жиноят содир этмаганини айтиб, суддан ўзига нисбатан одилона қарор қабул қилишни сўраган. Бироқ судланувчининг айби гувоҳларнинг кўрсатмалари билан ўз исботини тўлиқ топгани қайд этилган.
Суд ҳукми билан Азимжон Назаров Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисмининг “а” банди, 209-моддаси (Мансаб сохтакорлиги) 2-қисмининг “а” банди, 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) ҳамда 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган.
Унга 2 йил муддатга корхона, ташкилот ва муассасаларда моддий жавобгарлик юклатилган вазифалар ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4,5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Депозит ҳисоб рақамига топширилган 7 млрд 79 млн сўм пул маблағи суд иш бўйича етказилган 562 428 АҚШ доллари миқдоридаги зарарни (ҳукм эълон қилинган кундаги расмий курс ҳисобига 7 млрд 170,8 млн) қоплаш учун давлат даромади ҳисобига ўтказилган. Шунингдек, “Nazar Business and Technology” МЧЖ офис сифатида фойдаланиб келган Тошкент шаҳар, Яккасарой тумани, Имом Ат-Термизий кўчасидаги бинони давлат фойдасига мусодара қилиш ва унинг сотувидан тушган пулнинг бир қисми билан қолган зарарни қоплаш, қолган қисмини эса давлат фойдасига мусодара қилиш назарда тутилган.
Маълумот учун, 48 ёшли Азимжон Назаров 2023 йилнинг октябр ойи охирида қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган. У бунгача сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари бўлган.
Аввалроқ собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов нималарда айбланаётгани, қишлоқ хўжалиги вазирининг собиқ ўринбосари Алишер Тўраев қарийб 10 млрд сўмлик 1 млн дона узум кўчатини етказиб бериш иши бўйича талон-торож қилиш ва мансаб сохтакорлигида айбли деб топилгани ҳамда 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилгани хабар қилинганди.
Мавзуга оид
14:59
Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги таълими соҳасига Белгия тажрибаси жорий этилади
12:32
Уммон Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилмоқчи
15:45 / 21.11.2024
Уммон Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилмоқчи
12:10 / 20.11.2024