Ўзбекистон | 08:30 / 09.10.2024
3627
2 дақиқада ўқилади

Рақобат қўмитаси телекоммуникация хизматлари операторларини огоҳлантирди

9 ой давомида телекоммуникация хизматлари бўйича 2 мингга яқин мурожаат келиб тушган бўлиб, уларни ўрганиш натижасида ортиқча олинган (ҳисобланган) 115 млн сўм истеъмолчиларга қайтарилди. 

Фото: Kun.uz

Рақобат қўмитаси хабарига кўра, мурожаатларда асосан алоқа сифатининг қониқарсизлиги, ҳисоб-китобларнинг нотўғри юритилиши ва ортиқча қарздорлик ҳисобланиши, абонент розилигисиз қўшимча хизматларга ҳамда реклама мақсадидаги SMS хабарлар юборилаётганлиги аниқланган. 

Шу жумладан, пулли контент хизматларга улаб қўйилганлиги, қўшимча молиявий ва савдо хизматлари кўрсатишда шартнома шартларини ва товар етказиб бериш муддатларини бузилиши, хизмат нархларининг ва тариф шартларининг ўзгарганлиги (ошиши) каби муаммолар билдирилган.

Таъкидланишича, қўмита истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва қонунбузилишларнинг олдини олиш мақсадида, телекоммуникация хизматлари кўрсатувчи субъектлар, шу жумладан, мобил алоқа операторларини огоҳлантирган ҳолда қонунчиликда белгиланган мажбуриятлари ва истеъмолчилар ҳуқуқларини эслатиб ўтган.

Ўз навбатида, мобил алоқа операторлари ва контент хизматларни тақдим этувчи субъектларнинг ўзаро келишиб олинган ҳаракатлари натижасида истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилиши – устун музокара кучини суиистеъмол қилиш деб эътироф этилиши ва молиявий жаримага сабаб бўлиши мумкин.

Юқоридагиларга асосан, телекоммуникация хизматлари кўрсатувчи субъектларни, шу жумладан мобил алоқа операторлари ва контент хизматларни тақдим этувчи субъектларни амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этган ҳолда фаолият олиб бориш юзасидан қатъий огоҳлантирган.

Мавзуга оид