Ўзбекистон | 23:40 / 09.10.2024
16273
3 дақиқада ўқилади

“Котлован амалдаги меъёрлар сақланмасдан қазилган” – Тошкент туманида қурувчи қўшни ҳовли деворини қулатганига изоҳ берилди

Тошкент тумани ҳокимлигига кўра, “Тошкент Мега Строй” МЧЖ томонидан қурилаётган кўп хонадонли турар-жой фундаменти учун котлован қазишда амалдаги меъёрлар сақланмаган ҳамда ҳимоя ҳудудидан ўтиб кетилган. Маълум қилинишича, қулаб тушган дарвозахона девори ноқонуний қурилма бўлган.

Фото: Kun.uz

Тошкент тумани ҳокимлиги котлован қазилиши сабаб қўшни ҳовлининг бир қисми қулаб тушгани ҳақида Kun.uz тарқатган хабарга изоҳ берди.

Қайд этилишича, ҳолат Баҳор маҳалласи М.Хоразмий кўчаси 2-уйда рўй берган.

“Туман ҳокими ва тегишли ўринбосарлар томонидан жойига чиқиб ўрганилганида хонадон девори эмас, дарвозахона девори қулаб тушгани маълум бўлди.

Бунга, дарвозахонанинг девори остида ўтган ариқ сувга тўлиб, ёнида “Тошкент Мега Строй” МЧЖ томонидан қурилаётган кўп квартирали турар-жой котловани намлангани ҳамда деворнинг фундамент қисмида ўпирилиш юзага келгани сабаб бўлган.

“Тошкент Мега Строй” МЧЖ томонидан қурилаётган кўп хонадонли турар-жой фундаменти учун қазилган котлован ҳам амалдаги меъёрлар сақланмаган ва ҳимоя ҳудудидан ўтиб кетган ҳолда қазилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, қулаб тушган девор аслида хонадон эгаси Ш.Нажимов томонидан ноқонуний равишда, ўзбошимчалик билан эгалланган майдонга қурилган.

Мазкур ноқонуний қурилма юзасидан Кадастр агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан қурилма эгаси Ш.Нажимовга нисбатан судга 2024-йил 30-май санасида 01-06-1085-сонли даъво аризаси киритилган. Фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судининг 25 сентябр 2024 йилдаги 2-1101-2401/7494-сон қарорига мувофиқ, даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилган ва Баҳор маҳалласи М.Хоразмий кўчасида жойлашган 2-рақамли хонадоннинг ноқонуний қурилмасини бузиш белгиланган. Бироқ, ушбу қурилма шу кунга қадар бузилмаган.

Айтиш жоизки, кўрсатиб ўтилган ҳолат кўп қаватли уй-жойни қураётган “Тошкент Мега Строй” МЧЖ томонидан ҳимоя ҳудуди сақланмагани ҳамда ноқонуний қурилма қурилиш майдонига яқин жойлашгани сабабли юзага келган”, – дейилади ҳокимлик ахборотида.

Расмийлар девор қулаши натижасида “тан жароҳати олганлар ва соғлиғига жиддий зарар етганлар аниқланмагани”ни билдирган.

Kun.uz аввалроқ ёзганидек, воқеа рўй берган пайтда уй эгасининг ота-онаси уйда бўлган. Уй эгасининг сўзларига кўра, қутқарувчилар унинг ота-онасини уйдан олиб чиқиш учун қўшнининг деворини бузишига тўғри келган.

“Онамнинг соғлиги ёмонлашиб қолган экан, шифохонага олиб кетишди. Тиббий ёрдам кўрсатилиб, ҳолатлари яхшилангач қайтариб олиб келдик”, деганди биз билан суҳбатда хонадон соҳиби.

Мавзуга оид