Америкалик аёлнинг уйини юзлаб енотлар ўраб олди. Аёл уйни тарк этишга мажбур бўлди
Аёлнинг ўзи 35 йил давомида ёввойи ҳайвонларни боқиб келган, аммо шу пайтгача улардан зиён кўрмаган эди.
АҚШнинг Вашингтон штатидаги Китсап округи хизматига ноодатий мурожаат келиб тушди: округда яшовчи аёл ўз уйини 100 га яқин енот ўраб олганидан шикоят қилди. Овқат излаб келган жониворлар шу қадар агрессив ҳаракатлар қилганидан, аёл уйини тарк этишга мажбур бўлган. Бу ҳақда Associated Press хабар бермоқда.
Аёл полициячиларга 35 йилдан бери ёввойи ҳайвонларни боқиб келганини ва бу ҳобби унга безиён туюлганини айтди, бироқ сўнгги олти ҳафта ичида енотлар сони кескин ошиб кетган.
Жабрланувчининг айтишича, ҳайвонлар “уни кеча-ю кундуз таъқиб қилган”, уйнинг ташқи деворини, кириш эшиги ва машинасини тирнаган, аёл уйдан чиқмоқчи бўлганда, уни ўраб олиб, ўтишига йўл қўймаган. Қўшнилар ҳам енотлар босқинидан хурсанд эмасди.
“Аёл овқат бериши ҳақидаги хабар қандайдир йўл билан енотлар орасида тарқалиб, уларнинг барчаси егулик умидида унинг уйига ёпирилиб келган”, — дейди Китсап округи шериф ўринбосари Кевин Маккарти.
Воқеа жойига етиб келган офицерлар манзарадан лол қолди. Ҳозирда вазият яхшилана бошлаган.
“Енотлар энди овқат берилмаётгани сабаб тарқала бошлаганга ўхшайди. Бу масала ижобий ечим топганидан мамнунмиз”, — деди АҚШ Балиқ ресурслари ва ёввойи ҳайвонларни муҳофаза қилиш хизмати ходими Брижит Майр.
Унинг қўшимча қилишича, штат қонунчилигига кўра, айиқ ёки пума каби йирик йиртқич ҳайвонларни боқиш ноқонуний ҳисобланади. Гарчи енотлар улар қаторига кирмаса-да, ҳукумат уларга қўшимча овқат беришни тавсия қилмайди: ҳайвонлар турли касалликларни ташиши, шунингдек, бошқа йиртқичларни, хусусан, айиқларни ортидан етаклаб келиши мумкин.