Жаҳон | 19:41 / 11.10.2024
6660
2 дақиқада ўқилади

Эрон Саудия Арабистони ва Форс кўрфазидаги бошқа нефт объектларига ҳужум уюштириш билан таҳдид қилди

Эрон Исроилнинг мамлакатга уюштирадиган ҳужумида кўрсатиладиган ҳар қандай ёрдам учун нефт объектларига зарбалар бериш орқали жавоб қайтаришини маълум қилди.

Фото: AFP

Эрон Саудия Арабистони ва Форс кўрфазидаги бошқа давлатларни Исроилнинг ислом республикасига ҳужумида кўрсатадиган ҳар қандай ёрдами учун уларнинг нефт объектларига зарбалар бериш орқали жавоб қайтариш билан таҳдид қилди.

Ушбу маълумотни Саудия Арабистони подшоҳлик саройига яқин бўлган таҳлилчи Али Шихаба ҳам тасдиқлаган. «Эронликлар «агар Форс кўрфази давлатлари Исроил учун ўз ҳаво маконини очиб берса, бу уруш ҳаракати бўлишини» маълум қилмоқда», — дейди у. Шихабанинг сўзларига кўра, Теҳрон, шунингдек, Ар-Риёдни жавоб чораси иттифоқчилари, масалан, Яман ёки Ироқ томонидан ҳам кўрилиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Исроилнинг Эронга потенциал ҳужуми 9 октябр куни Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салом ҳамда Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Аракчи ўртасидаги музокараларда диққат марказида бўлган. Шундан кейин Саудия Арабистони, Қатар ва БАА АҚШни Исроилнинг Эронга ҳужум уюштиришида ҳаво макони ва ҳарбий инфратузилмасидан фойдаланишга рухсат бермаслиги тўғрисида хабардор қилган.

Reuters манбасининг айтишича, Форс кўрфазидаги нефт объектларига ракетага қарши мудофаа тизимлари ва Patriot мажмуалари ўрнатилган бўлса-да, уларнинг барчасини қўриқлаш мураккаб иш. Шу боисдан муаммони ҳал этишнинг асосий йўли — дипломатик ечим.

«Биз ракеталар уруши эпицентрида қолиб кетамиз. Жиддий хавотир мавжуд, айниқса, агарда Исроил Эроннинг нефт объектларига зарба берса», — дейди агентлик манбаларидан бири.

Мавзуга оид