Жаҳон | 21:18 / 11.10.2024
3606
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея етти йил ичида илк бор Taurus ракеталаридан фойдаланган ҳолда машғулот ўтказди

Taurus Сеул яқинидаги ҳудуддан Шимолий Кореядаги ҳар қандай муҳим объектга уч метр аниқликда 15 дақиқа ичида етиб боради.

Фото: Yonhap

Жанубий Корея КХДР томонидан бўлаётган мунтазам ядровий ва ракета таҳдидлари фонида етти йил ичида илк бор узоқ масофага мўлжалланган Taurus қанотли ракеталари иштирокида жанговар ўқув машғулотини ўтказди, деб хабар беради Yonhap агентлиги.

Таъкидланишича, Taurus ракеталари 8 ва 10 октябр кунлари F-15К қирувчи самолётлари ёрдамида учирилган. Маълумотларга кўра, ракеталар 400 километр масофани босиб ўтган ва Сариқ денгиздаги нишонларни муваффақиятли ишғол этган.

Жанубий Корея охирги марта Taurus ракеталарини 2017 йилда, КХДР томонидан ўтказилган олтинчи ядровий синовларга жавобан амалга оширганди.

Қайд этилишича, бу турдаги қанотли ракеталар учирилганида парвоз тезлиги соатига 1163 километрга етади. У Сеул яқинидаги ҳудуддан Шимолий Кореядаги ҳар қандай муҳим объектга уч метр аниқликда 15 дақиқа ичида етиб боради.

Аввалроқ Жанубий Корея КХДР ядровий жанговар каллакларни ишлаб чиқаришга етарли плутоний ва уранга эга эканини маълум қилганди. Шу билан бирга мамлакат разведкасининг таъкидлашича, Шимолий Корея еттинчи ядровий синовини 5 ноябрда — АҚШдаги президентлик сайловларидан кейин ўтказиши мумкин.

Бир неча кун олдин эса КХДР Жанубий Кореяга олиб борувчи барча автомобил ва темирйўлларни ёпиши тўғрисида хабар берилганди. Шимолий Корея ҳукуматининг бу каби ҳаракати рамзий характерга эга, чунки КХДРдан Жанубий Кореяга элтадиган йўллардан шундоқ ҳам камдан кам ҳолларда фойдаланилади.

Мавзуга оид