Жаҳон | 23:45 / 11.10.2024
6473
3 дақиқада ўқилади

Кавказ аҳолиси Рамзан Қодировга қарши постлардан кейин Telegram фаолиятида узилишлар бўлаётганини маълум қилди

Telegramʼдаги Доғистон каналлари Чеченистон етакчиси қонли қасос ваъда қилган сенатор Сулейман Керимовни қўллаб-қувватловчи постларни эълон қилишни бошлади.

Фото: Грозный-Информ

Ингушетия, Доғистон ва Чеченистонда Telegram мессенжерининг ишлашида узилишлар кузатилмоқда. Бу Доғистон каналлари Чеченистон етакчиси Рамзан Қодиров қонли қасос ваъда қилган сенатор Сулейман Керимовни қўллаб-қувватловчи постларни эълон қилишни бошлаганидан кейин юз беряпти.

Telegramʼда сенаторни қўллаб-қувватлашга қаратилган «Сулейманимиз учун!» канали 11 октябр тонгида очилган. Орадан бироз вақт ўтиб, у ерда эълон қилинган постлар «Доғистонликларда нима гап?» номли машҳур каналда ҳам улашилган, кейинроқ республиканинг асосий телеканалида унга ҳавола берилган.

Ингушетия Ташқи алоқалар, миллий сиёсат ва матбуот вазирлиги ижтимоий тармоқларда этник адоватни қўзғатиш мақсадида провокациялар ҳақида маълум қилди. Мазкур пост «Қодировчиларни жазолаш» чақириқлари келтирилган скриншот билан тарқалди. Унда минтақа аҳолиси намоздан кейин тўпланиб, Чеченистон рақамлари бор автомобилларни тўхтатишни таклиф қилган.

Шундан кейин Кавказ аҳолиси Telegram фаолиятида узилишларга дуч кела бошлаган. Бундай ҳолатларни қайд этиб борадиган сервисларнинг маълумотларига кўра, айни вақтда мессенжернинг ишлашидан келиб тушаётган шикоятларнинг 38 фоизи Ингушетия, Доғистон ва Чечекистон ҳисобига тўғри келяпти.

Чеченистон етакчиси Рамзан Қодиров доғистонлик сенатор Сулейман Керимов ва Россия Давлат думасининг икки депутатига қарши расман қонли қасос эълон қилишга тайёрлигини айтди. Қодировга кўра, улар Чеченистон етакчисига суиқасдни буюртма қилмоқчи бўлган.

Рамзан Қодиров айтишича, у Чеченистон куч блоки командирлари ва бошлиқлари билан йиғилиш ўтказган. «ТАСС»га кўра, Қодиров Давлат думаси депутатлари Бекхон Барахоев ва Ризван Курбанов ҳамда Керимовни «Wildberries офисидаги можаро контексида» тилга олган. Рамзан Қодиров Telegramʼдаги каналида эълон қилган видеода ростдан ҳам у ўз нутқида Керимов ҳамда икки депутатнинг фамилиясини тилга олган, аммо Чеченистон раҳбари бу вақтда Wildberries ҳақида гапирмаётган бўлган.

«Агар улар бунинг аксини исботлаб бермаса, мен расман Барахоев, Сулейман Керимов ва Ризвон Курбановга қонли қасос эълон қиламан. Улар [Рамзан Қодировни ўлдиришга] буюртма қилгани, буни қанчага амалга ошириши мумкинлигини сўрагани ҳақида гувоҳлар, одамлар бор», — дейди у.

Мавзуга оид