Аёллар учун хавфсиз бошпана – реабилитация марказлари қандай ишлайди?
Тазйиқ ва зўравонликка учраган аёллар хавфсиз бошпаналарга мурожаат қилишлари мумкин: реабилитация марказларида уларга ижтимоий, психологик, юридик, тиббий ёрдамлар кўрсатилади, 3 маҳал овқат ва ётоқ берилади. Kun.uz мухбири республика марказида бўлиб, бу тизим фаолияти билан қизиқди, вақтинча бошпанада яшаётган аёллар билан суҳбатлашди.
“Эрим жонимга қасд қилишга мажбурлаган”
Реаблитация ва мослаштириш марказида яшаётган аёл ҳикояси:
— Бу марказга келганимга 3 ҳафта бўлди. Хўжайиним наркоман, 3 марта мени ўз жонимга қасд қилишга мажбурлаган. Чеккан пайтларида дарров ўзгариб қоларди. Кўзларига нимадирлар кўринади, шунинг натижасида ҳар хил гаплар эшитаман, “моралний” эзади. Қўлимга пичоқ бериб, ўзингни ўлдир деб туради. Икки нафар фарзандим бор, биттаси 9 яна бири 7 ёшда. Биринчи жонимга қасд қилишга мажбурлагани 3 йил олдин бўлган. Эрталабга яқин уйга келган, болаларим билан ухлаб ётгандик. Кўзига ёнимда бир эркак киши кўринган, кейин мени кўчага олиб чиқди, қурилиш лезвиясини бериб, томирингни кес, деди. Қўлимдан қон чиқса бўлди, тинчланади деб ўйлаб, озгина қўлимни кесдим. Босим ўтказиб, шуни қиласан деб турганди.
Иккинчиси шу йил янги йилда бўлди. Ўғлимнинг туғилган куни эди, меҳмонлар, ўртоқлари келганди. Биринчи марта суицидга мажбурлаганда орада бирга яшамагандик. Ундан кейин қайтиб келдик, ўғлимнинг туғилган кунида биттада катта “расход” бўлди. Пулларни нима қилдинг, қаерга тиқдинг деб жанжал қилиб, ўзингга пичоқ тиқасан, деди. Иккитасида ҳеч нарса қилмадим, ўзимни ушлаб турдим. Учинчиси бу ерга келишимдан олдин бўлди. Охиргисида катта жанжал бўлди, маҳаллага чиқдик, “участкавой” орқали болаларим билан шу марказга жойлашдик. Эрим бир марта келди, лекин биз чиқмадик.
Болаларим дадасидан қўрқмайди, ёмон кўради. Ёмонламасам ҳам қилиқлари туфайли ёмон кўриб қолган. Катта ўғлимнинг ёнида чеккан, ҳидидан мазаси қочган. Бир ёшлигида ўртоғининг туғилган кунига олиб кетган, улар билан ўғлимнинг ёнида чеккан, ҳидидан болам кулишни бошлаган. Уйга олиб келганида кўзлари ғалати бўлиб қолганди. Шунча йилдан бери мунтазам бирга яшамадик, эрим ҳайдайди, ота-онамникига кетаман, ялиниб боради, ўзгараман, чекишни ташлайман деб, қайтиб олиб келади. Бориб келиб, бориб келиб, сарсон яшадик.
Бу ердаги шароитлар жуда яхши, болаларни мактабга жойлаштиришди, улар бу ерда ўзини яхши ва хавфсиз ҳис қилади.
Зўрликдан жабрланган аёлларга қандай ёрдам берилади?
Марказ директори Муқаддам Расулованинг айтишича, аввалига бундай бошпаналар нодавлат нотижорат ташкилот сифатида 2020 йилда очилган. Ҳозир бу муассасалар Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тасарруфидаги давлат муассасаси сифатида фаолият юритади. Шу пайтгача туманларда иккитадан марказ бўлган, ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилгач, туманларда биттадан марказлар қолдирилган, чунки уларнинг функцияларини “Инсон” ижтимоий хизматлари бажара бошлаган.
“Зўравонликдан тазйиқдан жабрланган аёлларга 5 та йўналишда ижтимоий хизмат кўрсатилади: ижтимоий, психологик, иқтисодий, тиббий ва педагогик. Ҳар бир марказ қошида вақтинча бошпаналар ташкил қилинган, бу бошпаналарга биз тазйиқ ва зўравонликка учраган аёлларнинг вояга етмаган фарзандлари билан (агар у хавф даражасига тушиб қолган бўлса, хавфли зўравонликка учраган бўлса) бизнинг бошпаналарга жойлаштирилади.
Агар марказларимиз олдин 1 ойгача аёлларни қабул қилган бўлса, энди муддат узайтирилди – аёллар 6 ойгача фарзандлари билан яшаши мумкин. Бир қанча босқичлар бор. Биринчи марта зўравонликка учраган аёл қаерга мурожаат қилади? Маҳаллада профилактика инспектори ёки хотин-қизлар фаоли бор, агар аёл оғир аҳволда бўлса 102 чақириши мумкин – маҳалладан бошлаб бир бирига ахборот узатиш бошланади. Зўравонликка учраган аёл билан ижтимоий ходимлар суҳбат ўтказади. Бирламчи суҳбат жараёнида бу аёл қанчалик хавф остидалигига баҳо берилади. Бу аёлни оиладан олиб чиқиб кетиш ёки қолдириш масаласи кўрилади ва профилактика нозири билан биргаликда ҳимоя ордери расмийлаштиради.
Ҳозир туман ва шаҳар касалхоналари қошида биттадан хона олиб, 3-4 койка қўйиб, бирламчи тинчлантириш хоналари ташкил қилишни бошладик. Мана шу аёл вояга етмаган фарзандлари билан шу ерга олиб келинади. Бу хоналар шошилинч тез ёрдам бўлимлари қошида очилган. Келиши билан аёлга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилади, ҳужжатлар расмийлаштирилади ва аёл 3 кун давомида шу ерда яшаши мумкин.
Биринчи кун шу ерга аёл жойлаштирилгач, “Инсон” марказидаги психолог, юристлар бирламчи ёрдам хонасига келиб, аёл билан суҳбат ўтказади. Зўравонликнинг сабаби нимада, хавф даражаси қанча, бу доимийми каби суҳбатлар ўтказилгач, зарур бўлса ҳимоя ордери расмийлаштирилади. Аёлни психиатр врач кўригидан ўтказамиз, чунки зўравонликка учраган аёл депрессия ҳолатига тушиб қолади ёки қаттиқ жароҳат олган аёллар суицидиал ҳолатга тушиб қолиши мумкин. Тиббий хулосалар берилган ҳолда, бу аёлнинг розилиги билан у қаерга бориши масаласи кўриб чиқилади. Аёл чуқур реабилитация кўмагига муҳтож бўлса, марказга олиб келинади”, – дейди Муқаддам Расулова.
“Шу ёшимда келиннинг зулмига учрадим”
Реабилитация марказида яшаётган бошқа бир аёл ҳикояси:
— Марказга июннинг 30-куни келганман, келинимнинг зулмига учраб. Ўша куни уйда катта жанжал бўлди. Келиним уришгача борди, ойналарни синдирди. Уйдан югуриб чиқиб кетдим. Чилонзор тумани ҳокимлиги томонидан менга ҳимоя ордери берилди. Улар мени шу марказга олиб келишди. Бу ерга келганимда ғира-шира қоронғи тушаётганди.
Хуллас бошимдан ўтганлари бундай: ўғлимни уйлантиргандим, бир йил ўтар ўтмас ишхонасидаги бир қизни яхши кўриб қолиб шунга уйланаман деб туриб олди. Қаршилигимга қарамай хотини билан ажрашиб кетиб, уйланди. Мен тўйига бормаганман, ўзи уйланди. 3 йил ўғлимни кўрганим йўқ. Фарзандли бўлганидан кейин “роддом”дан чиқиб, боласини меникига олиб келди. Кўрдим, хурсанд бўлдим, кейин боласини менга ташлаб кетадиган бўлди. Барибир неварам, қабул қилдим. Лекин келин билан гаплашмас эдим. Қизим билан чет элга кетишга тўғри келди. Кетаётганимда келинни биринчи марта кўрдим. Ўғлим ва невараларим билан телефонда видео орқали гаплашардик, уларга совғалар юбориб турардим. Бир куни ўғлим телефон қилди “ойи, квартира эгаси нарсаларимизни кўчага отиб бизни ҳайдаворди”, деди. Икки ойга деб уйимни сўради, майли яшаб туравер, дедим. Чет элда яшашим учун ҳам пул керак эди, шунинг учун уйимга ижарачи қўйиб кетгандим. Ижарачиларни чиқариб, уларни уйимга киргиздим, шу билан уйда қолиб кетишди.
Қизимнинг ўқиши учун у билан четга кетгандим, 2 йилдан кейин, 2021 йилда қайтишга тўғри келди. Келганимдан кейин бир ҳафтача келин яхши бўлди, бир ҳафтадан кейин “уйни сотасан, уйга “клиент” топиб қўйдим, Сергелидан қурилмаган уйлардан олиб берасан”, деб туриб олди. Уйни бориб кўрдим, уй ҳали битмаган. Мен йўқ деб туриб олганимдан кейин жанжаллар бошланиб кетди. Келиннинг нияти мени уйсиз қолдириш эди. Урушганда очиқчасига “ 5 йил квартирада турдим, қасдимни сендан оламан”, деб айтди.
Ўзингизнинг бошингизга тушса ёмон экан, шу ёшимда келиннинг зулмини кўрдим. Душманимга ҳам раво кўрмайман. Лекин судда ҳақиқат қарор топди, келин уйдан чиқиб кетиши учун суд 1 ой муҳлат берди. Лекин чиқиб кетмади, ҳали ҳам уйимга кира олмаяпман.
Ўғлимга ёмон тарбия бердим дея олмайман. Биз аҳил, сирдош эдик, алдандими, адашдими, билмайман. Хориждан келганимдан кейин умуман ўзгариб қолди. Мен билан урушмади, ҳеч нарса демади, лекин ҳимоя ҳам қила олмади.
“Аёллар жамиятга қайтгач, довдираб қолиши керак эмас”
Марказ раҳбари Муқаддам Расулова бу ерга олиб келинган аёллар билан қандай ишланиши ҳақида гапириб берди. Унинг сўзларига кўра, биринчи навбатда аёлнинг психологик ҳолати яхшиланади.
“Марказга келганидан кейин бир ҳафтагача у билан гаплашмаймиз. Ўзига келганидан кейин суҳбат ўтказилади. Биринчи суҳбатдаёқ муаммоларини айтиб бериб олмайди. Ҳуқуқшунос ва психолог суҳбатидан кейин унга реабилитация дастури ишлаб чиқилади. Бу дастур назоратга олинади ва аёл билан шартнома тузамиз. Аввал бу шартнома 1 ойга тузилади, кейинчалик унинг муаммолари 1 ойда ечилмаса, муддатни яна узайтириб борамиз.
Бу ерда уларни иссиқ овқат, ётоқ билан таъминлаймиз. Аёл марказда 5-6 ойгача яшаши мумкин, бу даврда психолог у билан доимий ишламайди. 6 ойдан кейин аёл барибир жамиятга қайтиши керак. Ё оиласига қайтади, ёки ажрашишни хоҳлайди. Шу масалада бир неча йўналишларда ўзимизда касбга йўналтириш бўйича курсларини йўлга қўйдик. Бунда ҳар бир ҳудуд хусусиятидан келиб чиқамиз – масалан, Хоразмда гиламчилик, Тошкентда айти курслари. Агар аёлнинг ўзида бирор иши ёки касби бўлса, уларни ишга жойлаштириш масаласи устида ҳам ишлаймиз. У эртага жамиятга чиққанидан кейин довдираб қолиши керак эмас, у ҳаётини давом эттира олиши керак”, – дейди Муқаддам Расулова.
Мадина Очилова тайёрлади.
Мавзуга оид
19:44 / 18.11.2024
Хоразмда ўқувчининг онаси мактабга бориб, ўқитувчи аёлга ташланди
16:34 / 17.11.2024
Болалар омбудсмани ёш болалар хивчин билан савалангани акс этган видеога муносабат билдирди
16:55 / 15.11.2024
Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун имзоланди
22:39 / 13.11.2024