Жаҳон | 00:27 / 12.10.2024
6145
2 дақиқада ўқилади

Британияда дунёдаги энг бадавлат инсонлардан бирининг почта манзили тасодифан эълон қилиб юборилди

Мамлакат ҳукумати хатолик туфайли юзага келган вазият учун LVMH компаниялар гуруҳи асосчисидан кечирим сўради.

Фото: Forbes

Британия ҳукумати LVMH компаниялар гуруҳи асосчиси ва президенти Бернар Арнодан хатолик туфайли унинг шахсий электрон манзилини эълон қилиб юборгани учун кечирим сўради, деб хабар бермоқда Sky News. Бизнесмен дунёнинг энг бадавлат инсонларидан бири ҳисобланади, Forbes унинг бойлигини 181,4 миллиард долларга баҳолаган.

Миллиардернинг маълумотлари келаси ҳафта Лондонда бўлиб ўтадиган Халқаро инвестиция саммитига оид хабарномаларни узатишда «тарқалиб кетган». Хабарлар нусхасида мактублар кимга мўлжаллангани кўрсатилган манзиллар бўлган. Ушбу инсонлар орасида Арнонинг ҳам почтаси қайд этилган бўлиб, барча иштирокчилар уни қўлга киритган.

«Бу инсон хатоси туфайли юз берди ва жабрланувчилардан кечирим сўраймиз. Биз маълумотлар ҳимоясига жиддий қараймиз ва ушбу масалани Ахборот комиссари бошқармасига (ICO) етказдик», — дейди Британия Бизнес ва савдо вазирлиги вакили.

Франциялик бизнесмен Бернар Арно Forbes рўйхатига илк бор 1997 йилда 3,6 миллиард доллар бойлиги билан киритилган. 2005 йилда эса унинг бойлиги 17 миллиард долларга етиб, дунёнинг энг бадавлат 20 инсонидан бирига айланган, 2011 йилда эса рейтингнинг юқори поғоналарига кўтарилган (41 миллиард доллар). Охирги йилларда у Илон Маск ва Жефф Безос билан Forbes рейтинги етакчилиги учун курашиб келмоқда.

Арно эгалик қиладиган LVMH холдинги ҳашаматли буюмлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади (75 та бренд), хусусан, Louis Vuitton, Christian Dior, Tiffany, Sephora, Givenchy, Marc Jacobs ва ҳоказо. 1989 йилда компания 4 миллиард доллар даромад кўрган бўлса, 2023 йилда бу 94 миллиард долларга етган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид