Жаҳон | 11:56
1367
2 дақиқада ўқилади

Ингушетия ҳукумати раисининг собиқ ўринбосарига суиқасд уюштирилди

Шерип Алихожиевга ҳужум Москва областида содир этилган. Номаълум шахс унга тўрт марта ўқ узиб, кейин воқеа жойидан яширинди.

Фото: AP

Москва областида Ингушетия ҳукумати раисининг собиқ ўринбосари Шерип Алихожиевнинг ҳаётига суиқасд уюштирилди, деб хабар берди 11 октябр, жума куни «Коммерсант» газетаси Россия Тергов қўмитасига таяниб.

Baza Telegram-каналининг хабар беришича, ҳужум 10 октябр куни кечқурун, 52 ёшли Алихожиев Лапино қишлоғидаги уйининг айвонида бўлганида содир бўлган. Номаълум шахс унга тўрт марта ўқ узиб, кейин воқеа жойидан яширинган. Алиходжиев иккита жароҳат олган, аммо тирик қолган.

Ҳужум пайтида Шерип Алихожиев уйда ёлғиз бўлган, деб ёзади «112» канали. Суиқасдга гувоҳлар бўлмаган. Отишма уюштирган шахс яширинганидан сўнг, жабрланувчи хотинига қўнғироқ қилишга муваффақ бўлган, у бу ҳақда қариндошларига хабар берган. Тез ёрдам чақирилган. Шифокорлар етиб келгач, Алиходжиев мустақил ҳаракатланган, ақли жойида бўлган ва фақат шифохонада шошилинч жарроҳлик амалиёти зарурлиги маълум бўлди.

Суиқасд факти бўйича жиноий иш

Ҳозир Алихожиев реанимацияда. Яқинларининг сўзларига кўра, сўнгги пайтларда унга ҳеч қандай таҳдид бўлмаган. Мазкур ҳолат юзасидан одам ўлдиришга уриниш бўйича жиноий иш очилган.

Шерип Алихожиев Чеченистон Давлат кенгаши раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган, шунингдек, Шалинский районини бошқарган. Илгари у Ингушетия ҳукумати раисининг ўринбосари ҳам бўлганган. «112» Алихожиев Ахмат Қодировнинг яқин дўсти ва иттифоқчиси бўлганини таъкидлайди. Сўнгги йилларда Алихожиев Россия Давлат думаси депутати Владимир Шамановнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган.

Бир кун аввал Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров Wildberries билан боғлиқ можаро туфайли доғистонлик сенатор Сулаймон Керимовга, шунингдек, Россия Федерацияси Давлат думасининг доғистонлик ва ингушетиялик депутатлари Ризван Қурбоновга ва Бехан Барахоевга қарши қонли қасос эълон қилишга тайёрлигини маълум қилганди. 

Мавзуга оид