Ўзбекистон | 18:43 / 12.10.2024
3099
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг кўп асрлик дарахтлари махсус халқаро рўйхатга киритилди

Жиззахдаги 1500 йиллик шарқ биотаси, Самарқанддаги минг йиллик чинор ва бошқа дарахтлар MonumentalTrees рўйхатидан жой олди.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Ўзбекистоннинг кўп асрлик дарахтлари ҳақидаги маълумотлар MonumentalTrees веб-сайти рўйхатига киритилди. Хабарга кўра, жараёнда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги мутахассислари иштирок этган.

MonumentalTrees рўйхатидан дунёнинг турли мамлакатларида жойлашган халқаро аҳамиятга молик кўпйиллик, ноёб ва ўзига хос дарахт турлари ўрин олган. Веб-сайтни кўнгиллилар юритади ва дарахтлар/ўлчовлар/фотосуратларни жойлаштиради.

Таъкидланишича, Ўзбекистон ҳудуди ҳам ана шундай ноёб ва тарихи узоқ асрларга бориб тақаладиган дарахтларга бой. MonumentalTrees рўйхатига Жиззах вилояти Фориш туманидаги шарқ биотаси (ёши салкам 1500 йил) дарахти, Самарқанд вилояти Ургут туманидаги чинор дарахти (ёши 1160 йилдан кўпроқ), Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги арча дарахти (ёши 1000 йилдан кўпроқ), ёнғоқ дарахти (ёши 800 йилдан кўпроқ) ва чинор дарахти (ёши салкам 600 йил), шунингдек, Сурхондарё вилояти Бойсун тумани Сайроб қишлоғидаги чинор дарахти (ёши салкам 900 йил), Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз шаҳридаги Дорус-Саодат мемориал мажмуаси ҳудудидаги чинор дарахти (ёши 750 йилдан кўпроқ) ҳамда Жиззах вилоятида Зомин миллий табиат боғи ҳудудидаги бобоёнғоқ дарахти (ёши салкам 700 йил) киритилди.

Қайд қилинишича, рўйхатга МДҲ аъзолари орасида Ўзбекистондан ташқари Россия ва Озарбойжон дарахтлари ҳам киритилган.

Мавзуга оид