Жаҳон | 20:59 / 13.10.2024
5669
3 дақиқада ўқилади

Чарлз III Австралиянинг республикага айланишига қарши эмаслигини билдирди

Буюк Британия қироли Чарлз III 18 октябр куни Австралияга олти кунлик расмий ташрифни амалга оширади ва у мазкур материкка борган биринчи британ монархи бўлади.

Фото: PA/John Stillwell

Буюк Британия қироли Чарлз III агарда Австралия республика бўлишни хоҳласа, унга халақит қилмасликка ваъда берди. Бу ҳақда қиролнинг шахсий котиби ёрдамчиси Натан Росснинг Австралия республикачилар ҳаракатига (ARM) йўллаган мактубига таяниб, The Telegraph хабар берди.

Ҳужжатда монархнинг ушбу мамлакатга бўлган «улкан муҳаббати ва содиқлиги» ҳамда австралияликларнинг қарашлари «инобатга олингани» ҳақида сўз боради.

Қирол Чарлз III 18 октябр куни Австралияга олти кунлик расмий ташрифни амалга оширади ва у мазкур материкка борган биринчи британ монархи бўлади.

Ташриф аввалида ARM фаоллари унга мактуб орқали мурожаат йўллади. Улар қирол билан учрашиб, мамлакат конституциясига ўзгартиришлар киритишни муҳокама қилиш масаласини кўтарган. Қирол хушмуомалалик билан учрашувни рад этган, бироқ «мамлакатнинг республикага айланишини Австралия жамияти ҳал этиши кераклигини» таъкидлаган.

«Ушбу ташриф Елизавета II нинг ўлимидан кейин қиролнинг монарх сифатидаги обрўси учун муҳим синов бўлади. Чунки австралияликлар кайфияти республикага айланиш йўлида конституцияга ўзгартириш киритиш томон оғмоқда», — дейилади хабарда.

ARM «давлат раҳбари австралиялик бўладиган Австралия республикаси учун халқ номидан гапираётган асосий орган эканликларини» маълум қилмоқда. Газеталарнинг ёзишича, ҳатто референдум ўтказиш ҳам Австралияни республикага айлантира олмайди.

«Австралияда референдум ўтказиш учун иккита тўсиқни енгиб ўтиш керак. Биринчиси — австралияликларнинг 50 фоиздан ортиғи «ҳа» дея овоз бериши лозим, иккинчиси — у аксарият штатлар қўллаб-қувватловини олиши керак. Агар учта штат референдум ўтказиш тарафида бўлиб, учтаси унга қарши бўлса, овоз берганлар сони 50 фоиздан ошган тақдирда ҳам референдум барбод бўлади», — дея таъкидланади хабарда.

2023 йил 6 май куни Вестминстер аббатлигида Чарлз III га Буюк Британия ва Ҳамдўстликнинг бошқа давлатлари қироли сифатида тож кийдириш маросими бўлиб ўтганди. Натижада, 2022 йил 8 сентябрда расман тахтга ўтирган Чарлз III давлат бошлиғи бўлган ҳамда мамлакат қонунларини ва ўзи олий ҳукмдори саналувчи Англикан черковини ҳимоя қилишга қасамёд келтирган.

Мавзуга оид