Пора билан қочган терговчи ва ҳавоси бузилган Тошкент — ҳафта дайжести
Порахўр прокуратура терговчиси қидирилмоқда: у 40 минг доллар билан жуфтакни ростлаган. Қора кўмирнинг энг қора томонлари: Тошкентнинг ифлос ҳавоси ҳар йили уч минг кишини ўлдиряпти. Эрон билан ғалабага тенг дуранг: бу сафарги саралаш ҳам таҳликали тусга кирди. Ортда қолаётган ҳафтанинг шу ва бошқа муҳим мавзулари – доимгидек Kun.uz дайжестида.
Тошкентда ҳаво сифати: Жаҳон банкидан ноёб ҳисобот
Тошкент шаҳри ҳавосининг энг майда PM2,5 зарралари билан ифлосланиши ҳар йили 3 минг кишининг ҳаётдан бевақт кўз юмишига сабаб бўлмоқда. Аҳоли саломатлигига етаётган зарар қиймати ҳар йили ярим миллиард долларга етиши мумкин. Бу – Жаҳон банки эълон қилган Тошкент шаҳрида ҳаво сифатини баҳолаш натижаларида акс этган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти PM2,5 зарраларини инсон саломатлиги учун энг хавфли ифлослантирувчилардан бири деб ҳисоблайди. Чунки бу зарралар ўта майдалиги ҳисобига, нафас йўллари орқали организмга жуда осон киради, ўпкадан қонга ўтади ва қон таркибида бутун организмдаги тўқималарга етиб боради. ЖССТ тавсияларига кўра, PM2,5 зарраларининг йиллик ўртача концентрацияси бир куб метр ҳаво таркибида 5 микрограммдан ошмаслиги керак. Жаҳон банки тадқиқотчиларининг аниқлашича, Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич тавсия этилган даражадан 7 баробарга юқори.
Ҳаво ифлосланиши одам иммунитетини пасайтиради, бу – саломатлиги заиф аҳоли қатламларига айниқса кўпроқ таъсир қилади. Комбинацион ҳисоб-китобларга кўра, Тошкентда PM2,5 эмиссиясининг юқорилиги йилига 3 мингдан ортиқ кишининг бевақт оламдан ўтишига сабаб бўлмоқда. Бу ўлимларнинг 84 фоизи инсулт, юрак ишемик касаллиги ва қуйи нафас йўллари инфекциялари билан боғлиқ.
Хўш, пойтахт ҳавосини нималар ифлослантиряпти? Жаҳон банки ҳисоботи ҳамма билган омилларнинг умумий муаммодаги улушини очиб бергани билан муҳим. Маълум бўлишича, Тошкент ҳавоси PM2,5 билан булғанишининг йиллик нисбатда ўртача 28 фоизи иситиш сектори билан боғлиқ. Қиш ойларида асосан кўмир ёқилиши ҳисобига бу омилнинг улуши 45 фоизгача етади. Йиллик нисбатда, шунингдек, саноат корхоналари 13 фоиз, барча турдаги транспортлар 16 фоиз улушга эга. Шаҳар атрофидаги ҳудудлардан шамол орқали кириб келадиган чанг PM2,5 билан ифлосланишнинг учдан бир қисмини ташкил этади. Ёз ойларида қурилишлар сабаб шаҳардаги ички чангнинг умумий ифлосланишдаги улуши 14 фоизгача чиқади. Одатда энг ифлос ҳаво кечки соат 20дан кейин (одамлар уйда бўлган вақтдаги иситиш билан боғлиқ бўлиши мумкин) ва эрталабки соат 8–10 оралиғига (бир вақтнинг ўзида транспортлар энг кўп ҳаракатланадиган вақт) тўғри келади.
Умуман, инглиз тилида 88 бет, рус тилида 106 бетдан иборат ҳисоботда Тошкентдаги ҳаво ифлосланиши ҳақида кўп қизиқарли маълумотлар жамланган. Масалага ҳар томонлама ёндашилган бундай кўламдаги таҳлилларни нега шу пайтгача давлат ташкилотлари қилмагани қизиқ. Жаҳон банки ҳисоботида қатор тавсиялар ҳам берилган бўлиб, уларнинг асосийлари муаммонинг сабабларига бориб тақалади: иқтисодий сиёсатни ислоҳ қилиш, иситиш секторида сифатли ёқилғилардан фойдаланишга ўтиш, иситиш мосламалари ва биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш керак. Шунингдек, халқаро экспертлар энергосамарадор иситиш тизимларини ўрнатиш учун аҳолига молиявий ёрдам беришга чақирган.
Кўплаб масалалар қатори экология ҳам бош режага тақалади. Чоршанба куни президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача мўлжалланган бош режаси лойиҳаси билан танишди. Лойиҳада ҳаво ифлосланиши муаммоси ҳам инобатга олингани, умуман бош режа Тошкентни қийнаётган барча асосий муаммоларни қамраб олиши айтиляпти. Айни пайтда, кўпдан бери кутилаётган бош режанинг қачон тасдиқланиши ҳамон номаълумлигича қолмоқда.
Маҳалла раисини пахтага мажбурлашга мажбурлаган ким?
Ҳафта давомида пахта теримига мажбурлаш бўлаётгани ҳақидаги хабарлар “қора туш” деб аталган аввалги даврни эслатгани билан жамоатчиликни хавотирга солди. Rost24 нашрининг ёзишича, Шаҳрисабз туманидаги Пахтакор маҳалласи раиси “бола пули” оладиган одамлардан пахта теримига чиқишни талаб қилиб, акс ҳолда уларга нафақа тўлаш тўхтатилишини айтган. Меҳнат инспекциясининг тасдиқлашича, бундай таҳдиддан кейин бир гуруҳ ишсиз фуқаролар пахта теримига чиқишга мажбур бўлган. Ҳолат ошкор бўлгач, маҳалла раиси салкам 19 млн сўм жаримага тортилди, лекин унинг ўзини бундай топшириқ беришга ким мажбурлаган деган савол очиқ қолди.
Тармоқларда тарқалган бошқа бир хабарга кўра, баъзи жойларда мактаб ўқитувчилари пахта учун ҳар куни иккитадан теримчи топиб беришга мажбурланаётган бўлиши мумкин. Мактаб вазирлиги ва мажбурий меҳнатга қарши миллий комиссия бу ҳолатларни қоралаб баёнотлар чиқарди, лекин тарқалган хабарда мажбурлаш айнан қаерда бўлаётганига аниқлик киритилмагани учун тафсилотлар очилмай қолди.
Аввалроқ Қашқадарёнинг Китоб туманида пахта терими учун ёшлар етакчиларининг ойлигидан ушлаб қолинаётгани маълум бўлганди. Бу каби ҳолатларни ҳукумат томонидан пахта нархи фермерларнинг зарарига сунъий пасайтирилганининг оқибатлари дейиш мумкин. Октябр келиб, иккинчи терим бошланиши билан 1500 сўмлик нархда ишчи кучини жалб қилиш янаям қийинлашгач, чоршанба куни республиканинг барча ҳудудларида терим нархи 2500 сўмга кўтарилгани эълон қилинди. Бунда 2000 сўм имтиёзли кредит орқали фермер ҳисобидан, 500 сўм кластер ҳисобидан тўланади.
Коррупция хабарлари
40 минг доллар пора олиб қочиб кетган терговчи қидирилмоқда. Бош прокуратура хабарига кўра, қидирувдаги шахс – Юнусобод тумани прокуратурасининг катта терговчиси. У жиноят ишини манфаатдор шахснинг фойдасига ҳал қилиб бериш учун фуқародан пул сўрагани айтилмоқда. Фуқаро тегишли жойга мурожаат қилгач, тезкор тадбир ташкил этилган, лекин 7 октябр кунги тадбирда терговчи фуқародан келишилган 40 минг долларни олганидан кейин, жуфтакни ростлашга муваффақ бўлган. Тадбир ташкилотчилари уни қандай қилиб тута олмай қолгани маълум эмас. Ҳозирда қочиб кетган орган ходими сиртдан қамоққа олиниб, қидирувга берилган.
Шу ҳафта маълум бўлган яна бир коррупцион ҳолат ҳам Юнусобод туманига тааллуқли. Ўтган йили МИБнинг ушбу тумандаги бўлими ходими депозит ҳисобрақамдаги маблағларнинг салкам 1 миллиард сўмини ўмарган. У пулларни аввалига турли одамларнинг номига очилган банк карталарига ўтказиб, кейин онлайн қиморга тиккан ва ютқазиб қўйган. МИБ ходими судда берган кўрсатмасида айбини тан олган, шу билан бирга, ўғирланган пулларнинг ҳаммасини бир ўзи олмагани, 200 млн сўмини бўлим бошлиғига берганини айтган. Бошлиқ эса буни рад этган. Якунда ходим 6,5 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Ҳафта давомида, шунингдек, қишлоқ хўжалиги вазирининг яна бир собиқ ўринбосари коррупционер деб топилгани ойдинлашди. Маълум бўлишича, 2017 йилдан кейин инновацион ривожланиш вазири ўринбосари, сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари, қишлоқ хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган Азимжон Назаровга суд ҳукми ўқилган. Ҳукмда ёзилишича, у Сув хўжалиги вазирлигида ишлаган вақтида, ташқи қарз ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳалардан бирига ўзининг компаниясини тиқиштириб, давлат маблағларини талон-торож қилган. Етказилган зарар миқдори – 500 минг доллардан ортиқ. Жиноят кодексининг қатор моддалари билан айбдор деб топилган Алишер Назаровга 4,5 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қишлоқ хўжалиги вазирининг бошқа бир собиқ ўринбосари Алишер Тўраев ўзига алоқадор компания орқали бюджет пулларини ўмаргани учун 6 йилга қамалганди. Айни кунларда собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов устидан суд давом этмоқда. Судланувчилар сони 50 тани ташкил этаётган бу катта жиноят иши ҳам жамоатчилик учун ёпиқ тарзда кўриб чиқиляпти.
Энергетика вазиридан катта интервю
Келаётган қиш фасли учун 5,1 млрд куб метр газ ерости омборларига ғамлаб қўйилди. Бу – ўтган йилгидан 27 фоизга кўп. Бу ҳақда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов “Лолазор” подкастидаги чиқишида айтиб ўтди. У қишда свет ўчмайдими деган саволга жавобан, бу йил электр энергияси ишлаб чиқариш кескин ошганини айтди. Бир тарафдан генерация кўпайгани, иккинчи тарафдан нархлар оширилгач аҳоли светни тежай бошлагани туфайли, электр энергияси таклифи ҳажми талаб ҳажмидан ошиб кетди, деди вазир. У қайси метан-шохобча ишлаётганини кўрсатиб турадиган иловани 1 декабргача тақдим этишга ваъда берди. Лекин бу иловага уланиш шохобчалар учун ихтиёрий бўлади.
Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг сўзларига кўра, электр энергияси учун 200 киловатт-соатлик ижтимоий норма оширилишини кутмаслик керак. У келтирган жадвалдан кўринишича, бу йил ёзнинг ўртаси – июл ойида аҳоли хонадонларининг 76 фоизи 200 киловатт-соатдан ошмаган миқдорда электр ишлатган. Газлаштирилмаган ҳудудларга адолатсизлик бўляпти-ку, деган саволга жавобан, вазир табиий газга уланмаган ҳовлилар учун 50 фоизлик чегирма берилишини айтди. Яъни газ бормаган жойларда аҳоли ижтимоий норма доирасидаги свет учун 450 сўм эмас, 225 сўмдан тўлов қилиши кўзда тутиляпти. “Буни 1 январдан бошлаб жорий қилишга ҳаракат қиламиз”, деди Мирзамаҳмудов.
Бойсундаги авария ҳақида гап кетаркан, Энергетика вазирлиги раҳбари оммавий ахборот воситаларига бериб борилган жуда кам маълумотларни етарли деб ҳисоблашини билдирди. Бу авария АЭС қурилиши билан боғлиқ хавотирларни янада кучайтиргани ҳақидаги мулоҳазага жавобан, вазир қуриладиган станция энг юқори даражада хавфсизлик талабларига жавоб беришини таъкидлади. “ЎзАтом”нинг собиқ раҳбарининг фикрича, мамлакатда кам қувватли атом станциясидан ташқари, “йирик атом реактори ҳам барибир керак”. У 2040 йилгача Ўзбекистонда йирик АЭС қурилиши мумкинми деган саволга “албатта” деб жавоб берди.
Ўтган якшанба куни қўшни Қозоғистон ҳукумати АЭС қуриш қарорини референдумда 71 фоизлик овоз билан расмийлаштирди. Қозоғистон бош вазири ўринбосари Роман Склярнинг сўзларига кўра, мамлакат АЭС қурилиши бўйича “аллақандай битта таъминотчи, битта пудратчига боғланиб қолмоқчи эмас”. Бунинг учун 5 тагача давлатдан иборат консорциум тузилади. Ҳозирча лойиҳада энг камида Россия ва АҚШ қатнашиш истагини билдирган. Қурилиш ишлари тахминан 10 йил давом этиши айтиляпти. Таъкидлаш керак, референдумдан олдин қозоқ ҳукумати очиқчасига АЭС қурилишини қўллаб-қувватлади, ҳамма жойда “атом тарғиботи” олиб борилди, АЭСга қаршилар эса ҳибсга олинган.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Онлайн фирибгарларга қарши янги чоралар эълон қилинди. Марказий банк хабарига кўра, 1 ноябрдан бошлаб онлайн тарзда кредит олган фуқаролар 48 соат ичида банк билан боғланиб, фирибгарлар таъсирисиз ариза берганини тасдиқламагунча, олинган пулларни ишлатиш қисман имконсиз бўлади. Маълум бўлишича, йил бошидан бери фирибгарлар бировнинг номидан онлайн кредит олиш орқали 463 та ҳолатда 15 млрд сўм ишлаб олган. Аллақачон чет элга олиб чиқиб кетилган бу пулларни банклар кимдан қайтариб олиши сўроқ остида қолмоқда. Эслатиб ўтамиз, ўз хавфсизлигини ўйлаганлар my.gov.uz портали орқали кредит олишни ўз-ўзига тақиқлаб қўйиши мумкин.
“Дом” қурувчилар яна котлованни нотўғри қазиб, бузғунчилик қилди. Бу сафарги воқеа 8 октябр куни Тошкент туманида рўй берди. Котлован қазиш жараёнида объектга туташ уйнинг дарвозахона қисми қулаб тушган. Девор қулаган пайтда уй эгасининг ота-онаси уйда бўлгани, етиб келган қутқарувчилар уларни уйдан олиб чиқиш учун қўшнининг деворини бузишига тўғри келгани айтиляпти. Туман ҳокимлиги қурувчининг айбини тасдиқлади, шу билан бирга, ҳеч ким жиддий жабрланмагани, қулаган дарвозахона эса ўзи аслида ноқонуний қурилма бўлганини маълум қилди.
Наманган шаҳридаги ЙТҲда уч нафар ўсмир йигит ҳалок бўлди. Kun.uz суриштирувига кўра, жами 5 нафар мактаб ўқувчиси Gentra машинасини ноқонуний ижарага олиб, юқори тезликда йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетган ва юк машинасига урилган. Ўсмирлар катта тезликда юрганини Instagram'га жойлаш учун видео оламан деб, телефонга чалғигани ва бошқарувни йўқотгани айтилмоқда. Маълум бўлишича, йил бошидан бери Наманган шаҳрида мактаб ўқувчилари ижарага олган машиналар камида тўрт марта ҳалокатга учраган, уларнинг барчаси ўлим билан тугаган. Бундай ҳолатларда машинасини гувоҳномаси йўқ болаларга ижарага берганлар 200-300 минг сўм маъмурий жарима билан қутулиб кетяпти. Чунки бундай қилмиш учун қонунчиликда бундан ортиқ жазонинг ўзи йўқ.
Футбол бўйича Ўзбекистон миллий жамоаси бу сафар ҳам Тошкентда Эронни мағлуб эта олмади. Жаҳон чемпионати саралаши доирасида форслар билан 0:0 ҳисобидаги, ғалабага тенг дуранг қайд этилди. Эрон 57-дақиқадан бошлаб бир киши кам бўлиб ўйнаганига қарамай, бу умуман сезилгани йўқ. 90+2-дақиқада Ўзбекистон дарвозасига белгиланган яққол пеналти VAR текширувидан кейин бекор қилингани эса ўйин кулминацияси бўлди. Бу баҳсдан кейин, Ўзбекистон ва Эрон 7 очко билан гуруҳни бошқариб турган бўлса-да, рақибларимиз яққол фаворит экани аниқ бўлди. Иккинчи ўрин учун курашадигандек кўринаётган Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги биринчи давра баҳси 15 октябр куни Тошкентда бўлиб ўтади.
Мавзуга оид
21:43 / 21.11.2024
Тошкентда подъездда қолдирилган велосипед ва коляскалар ППХ томонидан олиб кетилмоқда
19:18 / 21.11.2024
Тошкентнинг иккита кўчасида ҳаракат 19 кунга чекланади
17:26 / 21.11.2024
Тошкентда иситиш қувурида авария юз берди
15:44 / 21.11.2024